“Кинда қабиласида уч киши борки, шулар сабаб Аллоҳ осмондан ёмғир ёғдиради ва душманлар устидан нусрат ато этади… Улардан бири Ражо ибн Ҳайвадир”. (Маслама ибн Абдулмалик)
Тобеинлар ичида уч киши бор эдики, ҳатто замондошлари ҳам уларга ўхшашини билмаган ва уларга тенглашадиган бошқа бирортани кўрмаган. Гўё улар учрашиб келишиб олгандай, бир-бирларини ҳақ ва сабрга ундаган, яхшилик ва эзгуликка чақириб, ҳаётларини илм ва тақво асосига қурган, ўзларини Аллоҳ ва Расулига, мусулмонларнинг каттаю кичигига хизмат қилишга бағишлаган эди. Улар – Ироқда Муҳаммад ибн Сийрин, Ҳижозда Қосим ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр ва Шомда Ражо ибн Ҳайвадир.
Келинг, уларнинг учинчиси Ражо ибн Ҳайванинг баракали умридан баъзи лаҳзаларни қисса қилиб ўтамиз.
Ражо ибн Ҳайва Фаластиннинг Бийсан деган ерида дунёга келган. Унинг таваллуд топиши Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу халифалик даврининг охирларига тўғри келди. Арабларнинг Кинда қабиласига мансуб бўлиб, шунга кўра ватани Фаластин, асли араб, қабиласи “Киндий” деб таъриф берилди.
Бу йигит Аллоҳ таолога тоат-ибодатда улғайди. Ажаб эмаски, тақвоси, тоат-ибодати учун Аллоҳ таоло уни суйган ва одамларга ҳам суюмли қилган бўлса. У ёшлигидан илмга муҳаббат қўйди. Илм унинг пок, тоза ва холи қалбига мустаҳкам ўрнашиб олди. Унинг энг катта мақсади Аллоҳ таолонинг Китобидан тўйиб насиба олиш ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари билан тўлиқ озиқланиш эди. Шундай ҳам бўлди. Унинг фикри Қуръон нури билан мунаввар, ақл-идроки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўллари ила нурафшон, қалби эса панду насиҳат ҳамда ҳикмат бирла тўлиб тошди. Кимга ҳикмат берилган бўлса, бас, аниқки, унга кўп яхшилик берилибди.
Ражо ибн Ҳайвага бахт кулиб боқиб, бир қанча улуғ саҳобалардан таълим олиш шарафига муяссар бўлди. Жумладан, Абу Саъид ал-Худрий, Абу Дардо, Абу Умома, Убода ибн Сомит, Муовия ибн Абу Суфён, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос, Нувос ибн Самъон ва бошқалар. Барчалари у учун ҳидоят ва илм-ирфон маёғи бўлдилар. Шундай буюк насибага эришиб қолган Ражо ўзи учун ўзгармас дастур тузиб олиб, ҳаётининг охиригача шунга амал қилиб ўтди, айтарди: “Иймон зийнатлаган Ислом нақадар гўзал. Тақво зийнатлаган иймон нақадар гўзал. Илм зийнатлаган тақво нақадар гўзал. Амал зийнатлаган илм нақадар гўзал. Пок ният зийнатлаган амал нақадар гўзал”.
Ражо ибн Ҳайва Абдулмалик ибн Марвондан бошлаб, Умар ибн Абдулазизгача бўлган Умавий халифаларнинг бир қанчасига вазирлик қилди. Унинг Сулаймон ибн Абдулмалик билан Умар ибн Абдулазизга бўлган боғланиши ўтган халифаларга боғланишидан кўра кучлироқ эди. Ражо ибн Ҳайвани Умавий халифаларга яқин қилган сифат, унинг ўта жиддий ва мулоҳазалик экани, тўғри сўз ва холис бўлгани ва муҳими, ишни ҳикмат билан ҳал қилиши эди. Буларнинг барига тож бўлган асосий сифати эса, бошқаларни подшоҳлар атрофида ўралаштирадиган дунё матоларидан ўзини тортиши эди.
Ражо ибн Ҳайванинг Умавий халифаларга боғланиши Аллоҳ таолонинг уларга бўлган буюк раҳмати ва катта инъоми, дейиш мумкин. Сабаби Ражо ибн Ҳайва уларни яхшиликка чорлаган, йўл кўрсатиб турган. Ёмонликдан қайтариб, унинг эшикларини беркитиб қўйган. Уларга ҳақни кўрсатиб, ҳаққа эргашишни уларга зийнатлаб кўрсатган. Аллоҳ ва Росули учун, имомлар ва омма мусулмонлар учун насиҳат қилиб турган. Ражо ибн Ҳайванинг ҳаётида шундай бир воқеа содир бўлган, бу воқеа унинг халифалар билан бирга юришдаги йўлини ёритиб, ундаги асосий мақсадни белгилаб берган. Унинг ўзи бу ҳақда шундай ҳикоя қилади: “Сулаймон ибн Абдулмалик билан халқ ичида турганимизда одамлар орасини ёриб биз тараф юриб келаётган, хушсурат, хушбичим бир кишига кўзим тушди. Халифани кўзлаб келаётганига шубҳа қилмадим. Рўпарамга келгач, саломлашиб ён томонимга ўтди ва халифага ишора қилиб: “Эй Ражо! Сен мана бу киши билан синовга ташланибсан. Унга яқин бўлиш, ё катта яхшиликка ва ё катта ёмонликга сабаб бўлади. Сен унга яқинлигингни аввало ўзинг учун, қолаверса у ва одамлар учун ҳам яхшилик бўлишига ҳаракат қил. Шуни бил, эй Ражо, ким ҳокимга яқин бўлса ва ҳожатини етказа олмайдиган заиф кишининг ҳожатини ҳокимга етказса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг ҳисоб-китобини осон қилиб қўяди. Эй Ражо, шуни доим ёдингда тут, мусулмон биродарининг ҳожатини ўтаган кишини, Аллоҳ ҳожатини ўтайди. Яна шуни бил, эй Ражо, Аллоҳ азза ва жаллага энг суюкли амаллардан бири мусулмон биродарининг кўнглини шод этишдир”. Унинг сўзларини тааммул қилиб, яна гапиришини истаб турганимда, халифа: “Ражо ибн Ҳайва қаерда?” деб мени йўқлаб қолди. Халифага юзланиб: “Шу ердаман, эй мўминлар амири”, дедим. Халифанинг сўраган нарсаларига жавоб бериб, ёнимдаги насиҳатгўй биродарга қарасам, у йўқ эди, одамлар орасидан ҳарчанд қидирсам ҳам топа олмадим”.
(давоми бор)