Дард ва даво (24): Аллоҳнинг афвига суяниб, Унинг буйруқ ва қайтариқларини зое қилиш (4)

0

(Давоми)

Имом Аҳмад “Муснад”да Ибн Аббосдан (разияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Ҳаловат қайда бўлсин?! Сур чалишга вакил қилинган фаришта сурни оғзига қўйиб, қачон буйруқ бўларкан-у, cурни чалсам, дея бошини эгиб турган бўлса”. Саҳобалар деди: “Нима деб дуо қилайлик?” У зот: “Ҳасбуналлоҳу ва неъмал-вакил. Алаллоҳи таваккалнаа”, денглар”, дея жавоб бердилар[1].

Дуо маъноси: “Аллоҳ бизга кифоя қилгувчи ва У нақадар яхши сақлагувчидир. Аллоҳга таваккал қилдик”.

“Муснад”да Ибн Умардан (разияллоҳу анҳумо) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Ким ўзини катта олса ёки кибрланиб юрса, Аллоҳга Аллоҳ унга ғазабланган ҳолда йўлиқади[2].

Имом Бухорий ва Муслим Ибн Умардан (разияллоҳу анҳумо) ривоят қилади: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Рассомлар қиёмат куни азобланади ва уларга: “Яратган (яъни чизган) нарсаларингни тирилтиринглар”, дейилади[3].

Ибн Умардан (разияллоҳу анҳумо) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Қай бирингиз вафот этса, (қабрда) унга эрталаб ва кечқурун борар жойи кўрсатилади. Агар жаннат аҳлидан бўлса, жаннатдаги жойи, дўзах аҳлидан бўлса, дўзахдаги жойи. Сўнг: “Аллоҳ (азза ва жалла) қиёмат куни сени тирилтирганда борар жойинг мана шу”, дейилади[4].

Имом Бухорий ва Имом Муслим Ибн Умардан (разияллоҳу анҳумо) ривоят қилган бир ҳадисда Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Жаннат аҳли жаннатга, дўзах аҳли дўзаҳга тушгач, ўлимни олиб келиб, жаннат билан дўзах ўртасига қўйилади. Сўнг у бўғизланади ва ортидан бир жар солувчи: “Эй жаннат аҳли, энди мангулик бор, ўлим йўқ. Эй дўзах аҳли, энди мангулик бор, ўлим йўқ”, дея жар солади. Шунда жаннат аҳлининг қувончи устига қувонч ва дўзах аҳлининг қайғуси устига қайғу қўшилади[5].

Имом Аҳмад “Муснад” китобида Ибн Умардан (разияллоҳу анҳумо) ривоят қилади: “Ким ўн дирҳамга кийим сотиб олса-ю, бир дирҳами ҳаромдан бўлса, то ўша кийимда экан, Аллоҳ таоло унинг намозини қабул қилмайди”. Сўнг бармоқларини қулоғига киритиб деди: “Ушбу сўзларни Набийдан (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) эшитмаган бўлсам, қулоқларим қар бўлсин[6].

Абдуллоҳ ибн Амрдан (разияллоҳу анҳумо) ривоят қилинади: Набий  (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «Ким намозни бир бор мастлиги туфайли тарк қилса, гўё бутун дунёга эга бўлатуриб, барчасидан айрилиб қолган кишига ўхшайди. Ким намозни мастлиги туфайли тўрт бор тарк қилса, шубҳасиз, Аллоҳ (азза ва жалла) уни “Тийнатул-хабал”дан суғоради”. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, “Тийнатул-хабал” нима дегани?” деб сўрашди. “Дўзах аҳлининг йиринг ва қонлари”, дея жавоб бердилар»[7].

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Ким бир қултум маст қилувчи ичимлик ичса, қирқ кун ўқиган намозини Аллоҳ қабул қилмайди. Агар тавба қилса, Аллоҳ тавбасини қабул қилади. Қайта ичса, яна қирқ кунлик намозини қабул қилмайди. Агар тавба қилса, Аллоҳ тавбасини қабул қилади”.

Ровий айтади: “Билмайман, учинчисидами ё тўртинчисидами: “Тағин ичадиган бўлса, Аллоҳ (азза ва жалла) қиёмат куни, албатта, уни “Радғатул-хабол”дан суғоради”, дедилар”[8]. (“Радғатул-хабал” – дўзах аҳлидан оқадиган йиринг ва қонлар.)

Абу Мусодан (разияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Ким ароққа муккасидан кетган ҳолда вафот этса, Аллоҳ (таоло) уни Ғуто дарёсидан суғоради”. “Ғуто дарёси нима?” деб сўрашди. Пайғамбаримиз: “Зинокор аёллар фаржидан (жинсий аъзосидан) оққан (қон-йиринглардан иборат) дарё. Фаржларидан чиққан ҳид дўзах аҳлига озор беради[9].

Абу Мусодан ривоят қилинган бошқа ҳадисда Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай дейдилар: “Қиёмат куни одамлар уч бор (Аллоҳга) рўбарў қилинади. Биринчи ва иккинчиси тортишув ва баҳоналардан иборат. (Яъни биринчи бор Аллоҳга рўбарў қилинганда гуноҳларини тан олмай тортишади. Иккинчисида турли баҳоналар тўқишга ҳаракат қилади.) Учинчисида эса, (амаллари ёзилган) саҳифалар қўлларига учиб келади. Баъзи одамлар ўнг қўли билан, айримлари чап қўл билан олади[10].

Ибн Масъуддан (разияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “(Инсонлар наздида) беэътибор саналган кичик гуноҳлардан эҳтиёт бўлинглар! Чунки улар йиғилиб-йиғилиб, кишини ҳалок қилади”. Сўнг мисол келтириб айтдиларки, бир гуруҳ одамлар ялангликда дам олиш учун тўхтадилар. Овқат тайёрлаш вақти ҳам бўлди. Улардан бири бориб бир дона чўп, иккинчиси яна битта чўп олиб келди. Шундай қилиб, бир талай ўтин йиғишди. Сўнг уни ёқиб, нарсаларини пишириб олишди”[11].

[1] Аҳмад, “Муснад”, 1\326 (3008-ҳадис), Ибн Абу Шайбо “Мусаннаф”, 6\77 (29578-ҳадис), Табароний, “Ал-мўъжамул-кабир”, (12670-ҳадис) ва бошқалар ривоят қилган.
[2] Аҳмад, “Муснад”, 2\118 (5995-ҳадис), Бухорий, “Адабул-муфрад”, (549-ҳадис), Ҳоким “Мустадрак”, 1\128 ва бошқалар ривоят қилган.
[3] Бухорий: 2105 ва Муслим: 2108.
[4] Бухорий: 1379 ва Муслим: 2866.
[5] Бухорий: 6548 ва Муслим: 2850.
[6] Аҳмад, “Муснад”, 2\98 (5732-ҳадис) ва Абд ибн Ҳумайд, “Муснад”, (843). Ҳадисни Ибн Ҳиббон, Байҳақий, Заҳабий ва бошқа муҳаддис олимлар заиф деган.
[7] Аҳмад, “Муснад”, 2\178 (6659-ҳадис), Ҳоким, “Мустадрак”, 4\162 (7233-ҳадис) ва Байҳақий, “Ас-сунанул-кубро”, 8\287.
[8] Аҳмад, “Муснад”, 2\176 (6644-ҳадис), Ибн Можа, “Сунан”, (3377-ҳадис) ва Ибн Ҳиббон, “Саҳиҳ”, (5357-ҳадис). Ҳадисни Ибн Ҳиббон саҳиҳ деган.
[9] Аҳмад, “Муснад”, 4\399, Ибн Ҳиббон, “Саҳиҳ”, (5346-ҳадис), Ҳоким, “Мустадрак”, 4\163 (7234-ҳадис) ва Абу Яъло, “Муснад”, (7248-ҳадис) ва бошқалар ривоят қилган.
[10] “Муснад”, 4\414 (19715-ҳадис), Ибн Можа: 4277 ва Термизий: 2425.
[11] “Муснад”, 1\402-403 (3818-ҳадис), Таёлисий, “Муснад”, (400-ҳадис), Табароний, “Ал-мўъжамул-кабир”, 10\261 (10500-ҳадис) ва бошқалар ривоят қилган.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг