Ислом динини маҳкам ушлаш

0

Аллоҳга ҳамд бўлсин. У бизни Исломга ҳидоят этди, унинг фазилатини буюк қилиб, аҳкомларини осонлаштириб қўйди. Ўзининг каломини бошқаларга етказди, Унинг йўлини маҳкам тутган қавм билан динига мадад берди. Ким Ҳақ таолонинг  йўлидан четлашса, залолатга кетиб, йўлидан адашади.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Ислом динини одамларга ҳаётларининг дастури бўлиши, уларни Раблари азза ва жаллага боғлаши, бандаларнинг У Зот билан ҳамда ўзи ва ўзгалар билан алоқаларини тартибга солиши учун машруъ қилди. Бу динни Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло дунё осудалиги ва охират саодатига элтувчи, Ўзининг розилиги ва жаннатларига олиб борувчи энг тўғри йўл қилиб қўйди.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло уни маҳкам тутган, бу билан У Зотнинг розилигини хоҳлаган кимсага дунё ва охират саодатини кафолатлади. Аллоҳ таоло айтади: Ким Менинг ҳидоятимга эргашса, улар учун (ўзлари юзланажак охират ишларида) ҳеч бир хавфу хатар бўлмас, улар (эришолмаган дунё ишларига) ғамгин ҳам бўлмаслар (Бақара, 38). У Зот жалла жалолуҳу яна шундай дейди: Ким менинг ҳидоятимга эргашиб, (уларга амал қилса, дунёда) тўғриликка йўллангай ва (ҳидоят топгай, охиратда Аллоҳнинг азобига дучор бўлиш билан) бахтсиз бўлмагай! Ким Менинг огоҳлантиришимдан юз ўгирса, дунёда (гарчи яхши ва енгил ҳаёт кечираётгандек кўринса-да, аслида) у учун тор-танг ва машаққатли ҳаёт бўлгай. (Қабри унга торайтирилгай ва қабрида азоблангай,) қиёмат куни эса Биз уни кўр ҳолда тирилтиргаймиз(Тоҳа, 123-124). Аллоҳ таоло айтади: (Аллоҳ ва Расулига) иймон келтириб, (Аллоҳнинг шариатига амал қилган) ва иймонларини ширкка аралаштирмаган кишилар – ана ўшалар учун (хотиржамлик ва) омонлик бордир. Ана ўшалар ҳақ йўлга муваффақ қилинган кишилардир (Анъом, 82). Аллоҳ азза ва жалла яна шундай марҳамат қилади:Эркакми, аёлми, ким бўлса ҳам, (Аллоҳ ва Расулига) иймон келтирган ҳолда яхши амал қилса, (гарчи камбағал бўлиб яшаса ҳам,) Биз, албатта, унга бу дунёда (саодатли ва) осуда ҳаёт ато этамиз ва (охиратда) Биз уларни (бу дунёда) қилган энг гўзал амалларига бериладиган савоблар билан мукофотлаймиз (Наҳл, 97).

Аллоҳ таоло бу динни маҳкам ушлашга ва унинг чегараларидан тажовуз қилмасликка буюриб, шундай дейди: (Эй одамлар,) сизларга Раббингиздан нозил бўлган (Китобу Суннат)га – буйруқларини бажариш ва қайтариқларидан тийилиш билан – эргашинглар!” (Аъроф сураси, 3). Яна айтади: (Эй мўминлар!) Сизлар учун Аллоҳнинг Пайғамбари (саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларида, феълларида ва юриш-туришлари)да гўзал намуна бордир. (Сизлар унинг суннатини маҳкам тутинглар!) Зеро, фақатгина Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган, Аллоҳни кўп зикр қиладиган, (Унга кўп истиғфорлар айтадиган ва барча ҳолатларида Унга шукр қиладиган) кишиларгина (Унинг суннатини ўзларига йўл тутадилар, ўзларига уни намуна қилиб) оладилар” (Аҳзоб, 21).

Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадисда у зот шундай дейдилар: «Сизларнинг ҳавойи нафсингиз мен келтирган нарсага – Ислом шариатига бўйсунмагунча иймони комил бўлмайди»[1]. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ таоло ўзининг Буюк Зотига қасамёд қиладики, то улар ораларида содир бўлган низоларда (ҳаётлик чоғингизда) сизни, эй пайғамбар, ўзларига ҳакам қилмагунларича, (вафотингиздан сўнг эса ҳукм талабида суннатингизга мурожаат қилмагунларича) ва (сизнинг) қилган ҳукмингиздан дилларида танглик топмай, унга тўла таслим бўлмагунларича ҳақиқий мўмин бўла олмайдилар” (Нисо, 65).

Зеро, бу дин Аллоҳнинг дини бўлиб, У Зот дунёю охиратда бандаларининг манфаатларини рўёбга чиқариш ва эртами, кечми келадиган ёмонлигу бахтсизликдан уларни қўриш учун уни машруъ қилди. Унинг манбаси Китоб ва Суннатдир. Ушбу шариат энг афзал жамият ва Аллоҳга энг маҳбуб ҳамда Аллоҳ рози бўлган уммат салафларининг тушунчаларига кўра тушунилади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврида яшаган бандалар ҳам, охирзамонда яшайдиган бандалар ҳам нима билан салоҳиятга эришишларини Аллоҳ таоло Ўзи яхши билади. Ва бу умматнинг охири умматнинг аввали салоҳиятга эришган нарса билангина салоҳиятга эришади. Дарҳақиқат, умматнинг аввали Китобу Суннатга амал қилиш билан ҳамда Раббининг каломига амал қилиб, ўзига индирилган ваҳийни баён этиб берган, сўзи ва амали билан умматига насиҳат қилган Пайғамбарларидан (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўрнак олиш билан салоҳиятга эришган эди: “(Эй Пайғамбар,) Биз сизга Қуръонни одамлар учун (номаълум бўлган маъно ва ҳукмларини) баён қилиб беришингиз учун ва инсонлар уни тафаккур қилишлари (ва у билан ҳаққа йўлланишлари) учун нозил қилдик” (Наҳл сураси, 44).

Ким Аллоҳ таолонинг динини моҳияти билан англашни хоҳласа, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари ва аҳли хонадонларининг ҳолати билан танишсин. Зеро, улар амалий намуна ва уммат йўлбошчиларидир. Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни, у кишининг хонадонлари аҳлини ҳамда асҳобларини сиғдирган бу дин кимгадир торлик қилса, Аллоҳ ҳам у кимсага кенглик бермасин! Нубувват хонадонининг тутган йўли кимгадир ёқмаётган бўлса, демак, у диёнатини айблаётганини, Аллоҳнинг омонати ва Расулининг умматига хиёнат қилаётганини ошкор этибди!

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у кишининг аҳли-оилалари ва асҳобларини ўз ичига сиғдира олган дин кимга торлик қилаётган бўлса, у зотлар юрган ҳидоят йўлини ёқтирмасдан, унинг хилофига чақираётган бўлса, ундай кимса фитначи, жиноятчи бўлиб, ўзидан ва фитнасидан эҳтиёт бўлиш лозимдир. Зеро, фитна қатлдан-да ёмонроқ. Фитна уйқуда бўлиб, уни уйғотганни Аллоҳ лаънатлаган.

Ушбу нав орасида жинояти улканроқ, гуноҳи қаттиқроқ бўлгани – дин аҳкомлари ва салафи солиҳларнинг тутган йўлларида шак-шубҳаларни энг кўп киритган, Ислом душманлари қўйнида тарбия топиб, Исломга нисбат бериладиган баъзи илм ва фикр аҳлининг шоз (ғайритабиий) гапларини қидириб топиш ва уларнинг залолатларини, макрларини Ислом диёрида ёйишга бел боғлаган, Қуръон ва Ҳадис матнларини ўзининг истак ва хоҳишларига мос келадиган суратда қўллаб, ҳавосига бўйсундириб, фитна чиқаришни истаб, шу орқали қалбидаги маразини билдириб, илмсиз бўлган ҳолатда сўзлайдиган кимсалардир.

Аллоҳ таоло ушбу оятида жуда тўғри айтган эди: “…Қалбида (мараз ва) тойилиш бўлган кимсалар (мақсадлари ёмонлигидан одамларни адаштириш қасдида улар ўртасига) шубҳалар тарқатиш учун ва (ўз ботил йўлларига мувофиқ) таъвил қилиш учун ўша муташобиҳ оятларгагина эргашадилар. Ваҳоланки, ушбу оятларнинг ҳақиқий маъносини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. Чуқур илм эгаси бўлган кишилар: “Биз бу (Қуръон)га иймон келтирдик, унинг ҳамма оятлари Раббимиз ҳузуридан (пайғамбари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам тилларида келган)” дейдилар…” (Оли Имрон, 7). Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан шундай деганлари ривоят қилинади: «Қачонки муташобиҳ оятларга эргашаётганларни кўрсанг, ана ўшалар Аллоҳ (китобида) ишора қилган кимсалардир. Улардан эҳтиёт бўлинглар»[2].

Бунга мисол ўлароқ жоҳиллар ва қалбларида марази бўлган, Ислом душманларининг фикрларини тарқатувчи кимсаларнинг очиқ-ойдин бўлган аҳкомларда тортишаётганларини келтириш мумкин. Масалан, муслима аёлнинг ҳижоби. Зеро, Аллоҳ таоло Пайғамбари саллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай очиқ хитоб қилади: “Эй Пайғамбар, жуфтларингизга, қизларингизга, мўминларнинг аёлларига айтинг. (Бошлари, юзлари ва кўкракларини тўсиш учун) ёпинчиқларини бошлари устидан ташласинлар” (Аҳзоб сураси, 59). Яна бир оятда эса У Зот субҳонаҳу ва таоло: (Сатрлари тўла бўлиши учун) кўкракларини рўмоллари билан тўссинлар!” (Нур, 31), дейди.

Иффат ва ҳаёда юксак намуна ва одамларнинг фитнадан энг эҳтиёт бўлган мўминлар оналарига нисбатан мўминлар қандай одобда бўлишлари кераклигини баён қилиб, Аллоҳ уларга шундай хитоб қилади: “Улардан (яъни Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хотинларидан идиш-товоқ ва бошқа шу каби) бирон эҳтиёжни сўрамоқчи бўлсанглар, парда ортидан сўранглар. Шундай қилиш сизларнинг қалбларингиз учун ҳам, уларнинг қалблари учун ҳам (эркакларда хотинлар ҳақида, хотинларда эркаклар ҳақида пайдо бўлиши мумкин бўлган ҳис-кечинмалардан) тоза тутувчироқдир…” (Аҳзоб, 53).

Ана шу раббоний йўлланманинг нубувват хонадонидаги амалий татбиқига боқинг: Ойша розияллоҳу анҳо айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан эҳромда эканимизда, олдимиздан отлиқлар (яъни бегона эркаклар) ўтиб қоларди. Улар тўғримизга келганларида (ҳар) биримиз жилбобимизни бошимиздан юзимизга тушириб олардик. Улар биздан ўтиб кетганларида қайтадан очардик”[3].

Мусулмонларнинг илк авлоди Аллоҳ азза ва жалланинг динини нақадар маҳкам ушлаганларига боқинг! Эндиликда биз у билан умматнинг аҳволи ўнгланадиган солиҳ манҳажларида уларга эргашишга нақадар муҳтожмиз!

Пайғамбаримиз Муҳаммадга, у кишининг хонадони ва асҳобларига Аллоҳнинг салавотлари бўлсин.

Шайх Абдуллоҳ ибн Солиҳ ал-Қусаййир

[1]Ҳофиз ал-Ҳакамий: «Маориж ал-қабул» (2/422). Албоний ҳадиснинг санадини заиф деган.

[2]Бухорий, 4547.

[3]Абу Довуд (1833), Ибн Можа (2935) ва Аҳмад (24021) ривоятлари. Албоний «Санади ҳасан» деган. Қаранг: «Тахрижу мишкотил-масобийҳ» (2622).

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг