Баъзи жойларга дафн қилишнинг ўзига хос фазилати борми? (3)

0

16. Дафн қилиш учун баъзи жойларни хослашнинг фазилати собит бўлганми?

(Давоми)

Яна бир ҳадисни Баззор ва Абу Яъло шундай ривоят қилади: “Бизга Муҳаммад ибн Баккор Аттоф ибн Холиддан, у эса акаси Мисвар ибн Холиддан, у Али ибн Абдуллоҳ ибн Молик ибн Буҳайнадан сўзлаб беришича, унинг отаси Абдуллоҳ шундай деган: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари даврасида ўтирганларида: «Аллоҳ ўша қабристонга салавот йўлласин», деб уч марта такрорладилар. Ровий айтади: “Унинг қайси қабристон эканини билмай қолдик, чунки у зот унинг номини уларга айтиб бермадилар. Сўнг саҳобалардан кимдир Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларидан бирининг ҳузурига кирди. Аттофга айтиб беришларича, у Ойша разияллоҳу анҳо экан. Сўнг Ойшага: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қабристон аҳлини зикр қилиб, уларга салавот йўлладилар, аммо бизга у қайси қабристон эканини хабар бермадилар”, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам келганларидан кейин Ойша у ҳақда сўраган эди, у зот: «Улар Асқалон қабристонининг аҳлидир», деб айтдилар”[1].

Баззор айтади: «Муҳаммад ибн Рувайн басралик бўлса-да, у кўп ҳадис ривоят қилганини билмаймиз. Аттоф эса заиф ҳисобланади»[2].

Албоний эса ҳадисни «Ботил» деган[3].

Яна бир ҳадис Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидагича ривоят қилинган: «Ўликларингизни солиҳлар жамоати олдига дафн қилинглар. Зеро, тириклар ёмон қўшнилардан озор топганларидек, маййит ҳам ёмон ҳамроҳдан озорланади».

Бу ботил хабар бўлиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадислари орасида бунинг асли йўқ[4].

Агар “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Мадинада ўла олса, шундай қилсин. Албатта, у ерда ўлган кимсани мен шафоат қиламан»[5], деганлар-ку”, дейилса, бунинг жавоби қуйидагича бўлади: «Ҳадис фақатгина Мадинада истиқомат қилишга, ундан чиқиб кетмасликка, унинг машаққати ва танглигига сабр қилишга бўлган тарғибни, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатларидан баҳраманд бўлиш учун қодир бўлган киши ўша ерда ўлиши кераклигини англатади»[6].

Яна айтилсаки: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Бақеъ аҳли учун истиғфор сўраганлари собит бўлган. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Жаброил алайҳиссалом Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Парвардигорингиз сизни Бақеъ аҳлига бориб, улар учун мағфират сўрашингизни буюряпти», дегани айтилган[7].

Бу гапга жавоб эса қуйидагича бўлади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу дуолари у зот ҳаётлик чоғларида вафот этган ва Бақеъга дафн этилган кишилар учун махсус бўлган. Бақеъда дафн этилиш учун хос бўлган бирор фазилат борлигини билмаймиз… Мадинада ўлишнинг фазилатига келсак, бу маълум бўлган нарсадир, валлоҳу аълам»[8].

Агар айтилсаки, “Имом Бухорий Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Ўлим фариштаси Мусо алайҳиссаломга юборилди. Олдларига келган эди, бир шапалоқ (тушириб, унинг кўзини чиқариб) қўйдилар. У Раббига қайтиб: «Мени ўлимни истамайдиган бир бандага юборибсан», деди. Аллоҳ унга кўзини қайтарди ва: «Қайтиб бориб, унга айт, қўлини бир ҳўкизнинг устига қўйсин. Унга қўли ёпган ҳар бир тук учун бир йил (умр) бор», деди. У (Мусо): «Эй Роббим, кейин-чи?» деди. У Зот: «Кейин ўлим», деди. У: «Унда ҳозир (келаверсин)», деди. У киши (Мусо алайҳиссалом) Аллоҳдан ўзини Муқаддас заминга бир тош отарли (масофага) яқинлаштиришини сўради”. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўша ерда бўлсам, сизларга унинг қабри йўл бўйида, қизил қум тепалиги ёнидалигини албатта кўрсатар эдим», дедилар”[9].

Бунга қуйидагича жавоб берилади: Ибн Касир айтади: “Мусо алайҳиссалом ўлимни ихтиёр қилганларидан кейин «Раббим, мени Муқаддас заминга бир тош отарли масофага яқинлаштиргин», деб айтган сўзларига келсак, агар Муқаддас заминга илгари кирган бўлганларида, буни сўрамаган бўлар эдилар. Бироқ қавми билан чўлда саргардонликда юрар эканлар, ҳижратни кўзлаб чиққан заминларига яқинлашишни, қавмини ҳам бу ишга тезлашни хоҳладилар. Аммо тақдир улар билан ўша маконнинг ўртасини тўсиб қўйди”[10].

Шунингдек, «Мусо алайҳиссалом Аллоҳнинг амрига тезроқ бўйсуниб, Байтул-Мақдисдаги зўравонларга қарши урушиш учун Муқаддас заминга яқинлаштирилишини сўрадилар. Пайғамбар Бану Исроилни у ерга киришга буюрганида, осий бўлишган, оқибатда чўлда қирқ йил сарсонликка маҳкум бўлишган эди. Бу Мусо алайҳиссалом Муқаддас замин фатҳ қилинишидан илгари саргардонликда вафот этганлар деган хабарга биноан шундай. У жойни Юшаъ алайҳиссалом фатҳ этган, деган фикр бор. Бошқа фикрда эса, у жойни Мусо алайҳиссалом фатҳ қилган, дейилади. Бу борадаги хилоф машҳурдир, валлоҳу аълам»[11].

Бунга яна, «Бу нарса Мусо алайҳиссаломнинг ёки биздан аввалги умматларнинг шариатига хос нарса бўлиб, бизнинг шариатимизда келмаган», деб жавоб бериш ҳам мумкин[12].

(Давоми бор)

[1]Абу Яъло «Муснад»ида (914), Баззор эса қисқа кўринишда (2312) ривоят қилган.

[2]«Муснад ал-Баззор» (2312).

[3]«Ас-силсила аз-заифа» (6802).

[4]Ибн Ҳиббон. «Китоб ал-мажруҳин мин ал-муҳаддисин» (322). Шавконий: «Санадида ҳадис тўқиш билан айбланувчи кимса бор», деган. (Ал-фавоид ал-мажмуъа” (287-бет).

[5]Аҳмад (5437) ривоят қилган, Шайх Аҳмад Шокир ҳадисни саҳиҳ санаган.

[6]Муҳаммад ибн Абдулҳодий ал-Мақдисий. «Ас-сорим ал-мункий» (77-бет).

[7]Қаранг: Муслим (2256).

[8]Шайх Бакр Абу Зайд. «Хасоису жазират ал-араб» (214-бет).

[9]Бухорий, 1274.

[10]«Ал-бидоя ва ан-ниҳоя» (2/223).

[11]Ироқий. «Тарҳ ат-тасриб» (3/946-947).

[12]Қаранг: «Ал-ҳулал ал-ибризийя мин ат-таълийқот ал-бозийя ало Саҳиҳ ал-Бухорий» (1/396).

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг