Жума боби (4)

0

Бир юз ўттиз учинчи ҳадис

عَنْ عَبْدِ الله بن عُمَرَ رضيَ الله عَنهُمَا قَالَ: كَانَ رَسولُ الله صلى الله عليه وسلم يَخْطُبُ خُطْبَتَيْن وَهُو قَائِمٌ، يَفصِلُ بينهُمَا بِجلوس.

Абдуллоҳ ибн Умардан (разияллоҳу анҳумо) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) тик турган ҳолларида икки бор хутба қилар, улар орасини бир ўтириш билан ажратар эдилар”.

Шарҳ

Набий (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) жума куни икки бор хутба қилар, унда одамларни яхшиликка йўллаб, ёмонликдан қайтарар эдилар. Айтаётган таълимотлари ва ваъз-насиҳатлари одамларга яхшироқ етиши учун минбар устида туриб хутба қилардилар. Қолаверса, тик туриб хутба қилишда Исломнинг кучли дин экани ва салобати намоён бўлади.

Биринчи хутбаларини якунлагач, дам олиш учун бироз ўтирардилар. Шу билан биринчи хутбани иккинчисидан ажратардилар. Сўнг туриб иккинчи хутбани бошлардилар.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар

  1. Жума намозидан олдин икки бор хутба қилиш фарз, жума намози дуруст бўлиши учун шарт қилинган. Ҳалабий айтади: “Набий (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) жума намозини бирон марта хутабсиз ўқиганлари нақл қилинмаган. Агар жоиз бўлганида буни билдириш учун жума намозини бир бор бўлса ҳам, хутбасиз ўқиган бўлардилар. Хутба вожиблигини кўпчилик уламолар айтган”.

  2. Имом хутба асносида тик туриши мустаҳаб. Имом Шофеийнинг мазҳабида эса, туришга қодир имом туриб хутба қилиши фарз.

  3. Икки хутба орасини ажратиш учун бироз ўтириш мустаҳаб. Баъзи олимлар фарз ҳам деган. Лекин кўпчилик уламоларнинг фикрига кўра, бу иш суннат саналади.

Фойда

Ибн Дақиқ Ийд (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Муаллиф (яъни “Умдатул аҳком”нинг муаллифи Абдулғаний Мақдисий) келтирган ушбу ҳадисни мазкур кўринишда Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилганини учратмадим”.

Ибн Ҳажар (раҳимаҳуллоҳ) “Фатҳул-Борий” китобида муаллиф келтирган ҳадисни Бухорий ва Муслим эмас, балки Насоий ва Дорақутний ривоят қилганини айтади: «Насоий ва Дорақутний келтирган ривоятда шундай дейилади:Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) тик турган ҳолларида икки марта хутба қилар, орасини ўтириш билан ажратар эдилар”. “Умдатул-аҳком” муаллифи беэътиборликдан ушбу ҳадисни Бухорий ва Муслимга нисбат берган».

Маълум бўлдики, ушбу ҳадис “Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”да мазкур кўринишда нақл қилинмаган. Балки бошқачароқ кўринишда келган. Ибн Умардан (разияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳозир сизлар қилаётгандек тик туриб хутба қилар, сўнг ўтирар, сўнгра яна турар эдилар[1].

Иккинчи фойда

Ибн Қаййим (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) хутба қилсалар, кўзлари қизарар, овозлари кўтарилар ва ғазаблари кучаяр эди. Намозни узунроқ ўқиш учун хутбани қисқароқ қилардилар. Хутбада Аллоҳни кўп зикр қилар, сермазмун сўзларни танлар эдилар. Саҳобаларга Ислом асосларини таълим берар, Аллоҳни зикр қилганларида ва дуо этганларида кўрсаткич бармоқлари билан ишора қилар эдилар. Имомга яқинроқ ўтиришга ва хутбани жим тинглашга буюрар, одамлар елкасини хатлаб ўтишдан қайтарар эдилар. Билол (разияллоҳу анҳу) азонни айтиб бўлиши билан хутбани бошлардилар”.

 

[1] Бухорий, 920 ва Муслим, 861.

Изоҳ қолдиринг