Чақалоққа оид ҳукмлар (11)

0

Тўртинчи бўлим: Ақиқани кареҳ кўрганларнинг ҳужжатларига жавоблар

Ҳанбалнинг ривоятида келишича, Имом Аҳмад ибн Ҳанбалга ақиқани ёқтирмайдиган баъзиларнинг, у жоҳилият ишларидан, деб айтганлари хабари етганида у киши  шундай деди: “Бу уларнинг илмлари озлиги, хабарларни билмасликлари сабабидандир. Ахир, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан ва Ҳусайн учун ақиқа қилганлар, у зотнинг асҳоблари ҳам шундай қилишган. Анавилар эса уни жоҳилият ишларидан деб билишяпти. Ақиқа Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан бўлиб, у киши: «Бола ақиқаси ила гаровлангандир», деганлар. Бу ҳадиснинг санади яхши. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган”.

Асрам ривоятида эса бундай дегани айтилади: “Ақиқа хусусида саҳобалар ва тобеъинлар тарафидан Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан санадлари билан ривоят қилинган ҳадислар бор. Анавилар эса: «У жоҳилият амалларидан», дейишяпти”, деди ва ажабланган киши каби кулиб қўйди[1].

Маймуний ривоятида эса айтади: “Абу Абдуллоҳга: “Ақиқа борасида Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирор нарса собит бўлганми?” дедим. У: “Ҳа, Аллоҳга қасамки, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган «Ўғил бола номидан икки қўй, қиз бола номидан бир қўй» ҳадисидан бошқа (ҳадислар ҳам бор)” деди[2]. У кишига: “Сиз эътироз билдирган ҳадислар-чи?” десам, у: «Улар яроқсиз, эътиборга олинмайди», деб жавоб қайтарди”[3].

Амр ибн Шуайб отасидан, у бобосидан ривоят қилган, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ақиқани ёқтирмайман», деган ҳадисга келсак, унинг маъноси ақиқанинг мустаҳаб эканига далолат қилади. Чунки ҳадиснинг лафзи қуйидагича: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ақиқа борасида сўрашганида: «Ақиқани ёқтирмайман», деб, фақат шундай номланишини ёқтирмаганлар. Кейин улар: “Йўқ, биз бирортамиз фарзандли бўлгандаги (ҳолат ҳақида) сўраяпмиз, ё Расулуллоҳ”, дейишди. У зот айтдилар: «Ким фарзанди номидан қурбонлик қилишни хоҳласа, қилсин. Ўғил бола учун баб-баравар бўлган икки қўй, қиз бола учун эса бир қўй (қурбонлик қилсин)»[4].

Абу Рофеънинг ҳадисига келсак, у саҳиҳ эмас.

Имом Аҳмад ақиқа ҳадисларига зид бўлган ҳадислар ҳақида: «Улар яроқсиз, эътиборга олинмайди», деб айтган.

Дарҳақиқат, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан ва Ҳусайн номларидан ақиқа қилганлари борасида ҳадислар бисёр бўлиб, Айюб Икримадан, у эса Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қиладики, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан ва Ҳусайн номларидан ҳар бирларига алоҳида-алоҳида ақиқа қилганлар. Бу ҳадисни Абу Довуд зикр қилган[5].

Жарир ибн Ҳозим Қатодадан, у Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан ва Ҳусайн номларидан икки қўй ақиқа қилдилар»[6].

Агар у зотнинг Фотимага «Унинг номидан ақиқа қилма», деб айтганлари саҳиҳ бўлган тақдирда ҳам, бу гап ақиқани кареҳ кўрганларига далолат қилмайди. Чунки у зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам ақиқа қилиш вазифасини Фотимадан ўзларига олишни хоҳлаб: «Ақиқа қилма», деб айтганлар. Ўзлари ақиқа қилиб, Фотима разияллоҳу анҳони машаққатдан халос қилганлар.

Энди, «Ақиқа қилиш аҳли китобларнинг ишларидан», деган гапларига келсак, улар ўғил бола учун ақиқа қилиб, қиз бола учун қилмас эдилар, ҳадиснинг лафзи ҳам шунга далолат қилади: «Яҳудийлар ўғил бола номидан ақиқа қилишади, қиз бола номидан эса ақиқа қилишмайди. Бас, ўғил бола номидан икки қўйни, қиз бола номидан бир қўйни ақиқа қилинглар»[7].

[1]Қаранг: Ибн Қудома. «Ал-муғний», 13/395.

[2]Қаранг: «Ал-масоил аллатий ҳалафа алайҳо Аҳмад ли-Ибн Аби Яъло», 55-бет.

[3]Маймуний ривоятининг бир қисми «Аълом ал-муваққиъин»да (4/167) нақл қилинган.

[4]Ҳадиснинг тахрижи аввалроқ ўтди.

[5]Абу Довуд (9/613), Насоий (7/166).

[6]Байҳақий «Сунан»да (9/299) ривоят қилган. Ибн Ҳиббон (12/125) саҳиҳ санаган. Қаранг: Ҳайсамий. «Мажмаъ аз-завоид», 4/57.

[7]Ҳадиснинг тахрижи аввалроқ ўтди.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг