Охирзамон қирғинлари (12): Аҳли суннат уламолари охирзамон фитна ва қирғинлари ҳақидаги хабарларга муносабат билдиришда тутган йўли (2)

0

(Давоми)

Учинчиси: араб тили ва арабларнинг урф-одатларини мукаммал ўрганиш, далиллар айтилган даврда улар қай маъноларни англатганини билиш

Ваҳий воситасида келган далиллар фасоҳатли ва тушунарли араб тилида келган. Шу боис далилларни ўрганиш ва уларнинг маънолари ҳақида баҳс юритишдан олдин араб тилини пухта ўрганиш, арабларнинг сўзлашиш услублари ва урф-одатлари билан танишиб чиқиш лозим. Далиллар орасида бир сўз ёки маъно тушунарсиз бўлиб қолса, араб тилини яхши биладиган олимдан бу ҳақда сўрамай туриб, бир нарса дейишга ботинмаслиги керак.

Бу масалада эътибор қаратиш лозим бўлган нарса шуки, далиллар айтилган даврда (яъни ваҳий нозил бўлган саодат даврида) лафзлар нимага далолат қилгани ва қай маънони англатганини билиш. Зеро, баъзи сўзлар замонлар ўтиши, авлодлар алмашиши билан маъноси одамларнинг урф-одатига қараб ўзгаради. Бинобарин, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтган сўзларидан кўзлаган мақсадларини тушунишга энг катта кўмак берадиган омил у зотнинг сўзлари ўша даврда қай маънога далолат қилганини билиш. Хусусан, ўша даврдаги истилоҳлар, жой номлари ва уларнинг чегаралари ва шу каби нарсаларни билиш керак[1].

Тўртинчиси: саҳобалар, тобеинлар ва салаф солиҳ уламолар далиллардан тушунган маънони олиш

 Аҳли суннат ва жамоат уламолари охирзамон фитна ва қирғинлари ҳақида айтилган далилларни ўрганишдаги услубий асослардан бири саҳоба ва уларга эргашган салаф солиҳ уламолар бу далиллардан тушунган маънога мувофиқ тушуниш. Зеро, шу йўл тўғрироқдир[2].

Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: “Мусулмонлар Аллоҳ таоло ва Расули Қуръон ва суннатда айтган сўзларидан кўзлаган мақсадларини билишга муҳтож. Бунга нозил бўлган Қуръон тилни (яъни араб тилини), саҳобалар ва уларга эргашган тобеинлар ҳамда қолган мусулмон уламолари уларнинг (оят ва ҳадисларнинг) маънолари ҳақида айтган сўзларини билиш орқали эришилади. Негаки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга Қуръон ва суннат билан хитоб этганларида, оят ва ҳадисларда айтилган сўзлардан нима ирода қилинганини билдирганлар”[3].

Бешинчиси: сўзни зоҳирига кўра тушуниш ва далилсиз очиқ маъносидан бошқа томонга бурмаслик

Охирзамон қирғинларига тегишли далилларни тушунишдаги муҳим қоидаларнинг бири шуки, далиллар айтилган вақтда зоҳиридан нима тушунилган бўлса, шундай тушуниш ва эшитган пайтда зеҳнга биринчи бўлиб келадиган маънони ҳеч бир ҳужжатсиз бошқа маънога бурмаслик лозим. Зеро, шариатимиздаги далиллар ғоятда аниқ-равшан тарзда айтилган бўлиб, улардан инсонларни йўлдан адаштириш ва залолатга бошлаш эмас, аксинча, ҳидоятга ва тўғри йўлга бошлаш мақсад қилинган. Қолаверса, шариатимиздаги далиллар таъвилга (яъни зоҳиридан бошқа маънога буришга) муҳтож топишмоқ ёки рамзлар ҳам эмас[4].

Имом Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ айтади: “Сўзловчининг айтган сўзидан нияти ойдин бўлса ёки сўзига зид мақсадни кўзлагани ошкор бўлмаса, унинг сўзини зоҳирига кўра тушуниш вожиб бўлади. Мана шу бирон олим тортишмайдиган ҳақ фикрдир. Демак, Аллоҳ таоло ва Расулининг, шунингдек, мукаллаф эс-ҳушли, балоғатга етган инсоннинг сўзини кўриниб турган маъносига кўра тушуниш вожиб бўлади. Аслида, суҳбат пайтида сўзнинг зоҳир маъноси қасд қилинади ва бошқа йўл билан сўзни тушунтириш ва тушуниш ҳолати учрамайди. Очиқ маъносидан бошқасини даъво қилган кимса баён қилиш ва тушунтириш ниятида сўзлаётган сўзловчи номига ёлғон тўқиган ҳисобланади[5].

Динимиз келтирган далилларни ҳеч бир асосли шаръий далилсиз зоҳиридан бошқа маънога бураётган кимсалар ўзлари билган ё билмаган ҳолда шариатимизга таъна қилаётган бўлишади. Негаки, уларнинг бу қилмишларининг ҳақиқати шундан иборатки, шариат зоҳиридан тушунилган маънодан бошқа маъно ирода қилинган далилларни келтирган: шариат муродини баён қиладиган, тўғри йўлга соладиган ва ҳидоятга йўллайдиган далил келтирмаган.

Аслида, шариат мукаллафга, яъни эс-ҳушли, балоғатга етган бандага бундай далиллар билан хитоб қилмасдан, ўз ҳолига ташлаб қўйиши банда учун яхшироқ ва тўғри йўлни топишига яқинроқ эди[6].

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам охирзамон қирғинларида рўй берадиган оят-аломатлар ёки ҳолатлар ҳақида хабар берсалар ва уларнинг айримлари замонамизга тўғри келмайдигандек кўринса, ушбу белги ва ҳолатларни зоҳирига кўра тушуниш ва бошқа маънога бурмаслик вожиб бўлади. Сабаби у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам келажак замон ҳақида хабар бермоқдалар! Бинобарин, шунга ўхшаш далилларни аломат ва ҳолатлари билан ҳозирги кунимизга татбиқ этиш ёки замонамизга тўғри келмагани учун далилларни ботил деб даъво қилиш ё бошқа маънога буриш – буларнинг барчаси далилга муҳтож даъволар. Бу даъволарни қўллаб-қувватлайдиган далил бўлмаса, ғайбга тош отиш, беилм гапириш, фаҳм-фаросат қосирлиги, моҳиятини тушунмаслик ҳисобланади. Жумладан, охирзамонга келиб одамлар қилич, от ва шунга ўхшаш қадим замондаги қурол-яроққа қайтиши ҳақида келган далиллар. Буни зоҳирига кўра тушунаверамиз. Чунки, биз қўлланаётган замонавий технологиялар муайян сабабларга боғлиқдир. Ушбу сабаблар битса ёки битмаса ҳам, Аллоҳ азза ва жалла бир ишни истаса, вазиятлар ўзгариб кетади ва одамлар олдинги ҳолатларига қайтади ёки Аллоҳ хоҳлаган ва тақдир қилган бошқа бир ҳолатга ўтиб кетади[7].

(Давоми бор)

[1] Қаранг: “Ас-сафадия”, (2\84) ва “Ас-савоиқул-мурсала”, (2\743).
[2] Қаранг: “Мажмуу фатово Ибн Таймия”, (4\157, 158), Шарҳу ал-ақидадатул-асфаҳония”, (165-бет), “Мувофақот”, (3\289) ва “Манҳажул-истидлол ъалаа масоилул-эътиқод”, (2\501-527).
[3] “Мажмуу фатово Ибн Таймия”, (17\353) қисқартириб нақл қилинди. Қаранг: “Жомеъу баёнил-илми ва фазлиҳи”, (2\112 чи ва ундан кейинги бетлар), “Мувофақот”, (3\285) ва “Шарҳу ал-ақидатут-таҳовия”, (1\194).
[4] Қаранг: Шофеий, “Ар-рисола”, (322, 341), Ибн Қаййим, “Эъломул-муваққеъийн”, (3\120, 121), Муҳаммад Амин Шинқитий, “Азвоул-баён”, (7\438) ва Бозмул, “Мавқифул-муслими минал-фитан”, (38-45-бетлар).
[5] Ибн Қаййим, “Эъломул-муваққеъийн”, (3\120, 121). Шунингдек, қаранг: Шофеий, “Ар-рисола”, (341-бет).
[6] Қаранг: Ибн Қаййим, “Ас-савоеқул-мурсала”, (1\310, 311).
[7] Қаранг: Саид Ҳавво, “Ислом”, (4\75), “Фиқҳу ашротис-соа”, (196-бет) ва “Маолиму ва манороту фи танзили аҳодисил-фитан”, (126-129-бетлар).

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг