Муслима аёлнинг бирламчи вазифалари (13)

0

Иймоннинг энг мустаҳкам риштаси: Аллоҳ учун яхши кўриш ва Аллоҳ учун ёмон кўриш

Тақволи муслима аёл ўзини сарҳисоб қилади, ҳатто ҳис-туйғуларида ҳам Аллоҳ кузатувини ҳис этиб туради. Ана шу асосга кўра Аллоҳга ибодат қилади. Чунки, “бирор кишини Аллоҳ учунгина яхши кўриш тавҳид ҳақиқатидир. Аллоҳ яхши кўрадиган сифатлари учун уни яхши кўради. Яхши кўриши ҳам, ёмон кўриши ҳам фақат Аллоҳ учун бўлади.

Аллоҳ таоло айтади: Одамлардан бир гуруҳи Аллоҳдан ўзгаларни (илоҳ ва) дўст тутиб, (уларни Аллоҳга тенг кўришади ҳамда) уларга Аллоҳдан ўзга ҳеч кимга лойиқ бўлмайдиган муҳаббат (, таъзим ва итоат)ни кўргизишади. Мўминларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббати эса (ўша кофир кимсаларнинг Аллоҳга ва ўз олиҳаларига бўлган муҳаббатидан) кучлироқдир (Бақара, 165).

Аллоҳ учун яхши кўриш ва Аллоҳ билан бирга яхши кўриш орасида фарқ бор. Тавҳид ва ихлос аҳли Аллоҳдан ўзгани Аллоҳ учун яхши кўради. Мушриклар эса Аллоҳдан ўзгани Аллоҳ билан биргаликда яхши кўради. Масалан, мушриклар бут-санамларини, насронийлар Масиҳни  (алайҳиссалом), нафси-ҳавосига эргашувчилар бошлиқларини яхши кўргани каби”[1].

Муҳаббатда ҳаддан ошиш эса (хоҳ жуфти, хоҳ фарзанди ё бошқа учун бўлсин), гоҳида баъзи жоҳил аёллар яхши кўрганини деб ақидаси ва иймонидан чекиниб юбориши ширкка олиб бориши ҳам мумкин.

Чин муслима ўзига шариатни аниқ ўлчов қилиб олади, истакларини шариат Эгаси, ҳикматли Зотга бўйсундиради ва тубанликка рози бўлиб, ундан афзал нарсани асло тарк этмайди: Мўминларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббати эса кучлироқдир (Бақара, 165). Қандай қилиб баъзи аёллар эрининг муҳаббатини топиш учун иймонидан чекинади: фолбинларга боради ва дунёю охиратини куйдиради. Ахир, «ким фолбинга бориб, ундан нимадир сўраса, қирқ кунлик намози қабул бўлмайди», дейилган-ку[2].

  • «Бирортангиз мени фарзандидан, отасидан ва барча одамлардан кўпроқ яхши кўрмагунча, иймони комил бўлмайди»,[3] деб айтган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўрамиз.

У киши Аллоҳнинг қули ва элчиси эканига иймон келтирамиз. У зот рисолатни етказдилар, омонатни адо этдилар ва умматга насиҳат қилдилар. Аллоҳ у кишини ҳидоят ва бошқа барча динларга олий қилиш учун ҳақ дин – Ислом билан юборди. У кишини шундай яхши кўрамизки, бу муҳаббат бизни у кишига эргашишга чақиради. Аллоҳ таоло айтади: Айтинг (эй Пайғамбар): “Агар Аллоҳни чиндан яхши кўрсанглар, менга эргашинглар (ва зоҳиру ботинда менга иймон келтиринглар), шунда Аллоҳ сизларни яхши кўради… (Оли Имрон сураси, 31).

  • Дарҳақиқат, Аллоҳни яхши кўриш У Зотнинг муҳаббатини банданинг муҳаббатидан афзал билишни тақозо этади. Солиҳ инсонларни яхши кўради ва улар билан ҳамсуҳбат бўлишга интилади.

Ҳасан Басрийни Аллоҳ раҳматига олсин. У киши айтар эди: “Биродарларимиз биз учун аҳлимиз ва фарзандларимиздан кўра суюклироқ. Чунки аҳли-оиламиз бизга дунёни эслатса, биродарларимиз охиратни эслатади. Ва ҳадисда айтилганидек, «токи кишини фақат Аллоҳ учунгина яхши кўрмагунча ҳеч ким иймон ҳаловатини топмайди»[4].

***

– Мўмина аёл куфрни ёмон кўрганидек, унинг аҳлини ва бидъатчиларни, уларга ҳамроҳ бўлишни ёмон кўради. Чунки ким ширкни ёмон кўрмаса ва ширк аҳлини душман деб билмаса, мўмин бўлолмайди. Аллоҳ севгисини даъво қилувчи кимса қарасин: нафси учун суюкли нарсалардан нимани Аллоҳ учун тарк қила олди?! Зеро, мўмина аёлнинг бирламчи вазифаси ана шудир.

– Яна, мўмина аёл мункар ишларни қиладиганларга – гарчи улар яқин дугоналари бўлса ҳам – ҳамроҳ бўлишдан сақланади, уларга меҳр-муҳаббат кўрсатмайди ва уларга қўшилиб, аралашиб юрмайди. Фақат, қўлидан келса, яхшиликка йўллаш мақсадида улар билан муомала қилиши бундан мустасно.

Мўминлар онаси Ойша разияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ушбу ҳадисни доимо ёдда сақласин: “Ким одамларнинг ғазаби келса-да, Аллоҳнинг розилигини талаб қилса, одамларнинг таъминотидан Аллоҳнинг Ўзи унга кифоя қилади. Ким Аллоҳнинг ғазабини келтириб, одамларнинг розилигини талаб қилса, Аллоҳ уни одамларга топшириб қўяди”[5].

Шундай қилиб, ақл ва ҳиссиёт ўртасини мувозанатга солади. Истакларидан кечиб бўлса-да, Раббини рози қиладиган амалларга қўл уради, ҳавойи нафси шариатга тобе бўлиши учун ўз нафсига қарши курашади.

***

Аллоҳ таоло меҳрибон Зот. У бизга машаққатни юкламади. Доимий дуойимиз эса, Эй Раббимиз, тоқатимиздан ташқари (мажбуриятларни ва бало-мусибатлар)ни бизларга юкламагин…(Бақара сураси, 286) бўлди.

Аёл йўлдан тойиши, мақсадсиз бўлиши ва бирор ишни нима учун қилаётганини билмаслиги нимадан? Ўзгаларга тақлид қилишдан бошқа сабаб йўқ. Бу эса тасаввурдаги хираликдан келиб чиқади.

Кимдир беҳуда ишлар билан банд бўлса, мен ҳам у каби бўлмаслигим керак. Унга насиҳат қиламан. Қабул қилмаса, ўз ҳолига ташаб қўяман.

Қатъиятли бўлайлик… Ва Аллоҳга таваккал қилайлик.

Нима хоҳлашим ва уни нима учун хоҳлашимни, ҳаётдаги мақсадим нима эканини билишим аҳамиятсиз нарса эмас! Олий мақсасдларимиз эса биздан кўп нарсани, тиним билмай ҳаракат қилишни талаб этади.

Аллоҳга тааваккал қилайлик ва сабабларни маҳкам тутайлик. У Зот бизга етарли ва нақадар яхши Вакилдир!

[1]«Ал-фавоид», 32-бет.

[2]Муслим 2230.

[3]Бухорий 15, Муслим 44.

[4]Бухорий 6041.

[5]Термизий (2414) ривояти. Албоний «саҳиҳ» деган.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг