Аллоҳ суйган бандалар: Ёлғиз Аллоҳга бандалик қилиш (2)

0

Баданий ибодатлар

Намоз

Намозхон ўқиётган намозини ёлғиз Аллоҳ азза ва жалла учун холис бажариши лозимдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: “Эй Пайғамбар, мушрикларга айтинг: “Менинг намозим ҳам, жонлиқ бўғизлашим-қурбонлигим ҳам ягона Аллоҳнинг Ўзигадир. Менинг ҳаётим ҳам, мамотим ҳам бутун оламлар Парвардигори Аллоҳ таоло учундир. Унинг шериги йўқдир. Раббим мени мана шундай холис тавҳидга буюрди. Мен Аллоҳга бўйсунувчиларнинг аввалидирман” (Анъом, 162-163).

Қабристонга масжид қуриш ёки қабр бор масжидда намоз ўқишнинг ҳаром қилингани ҳам шу маънога дохил бўлади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этишларидан олдинги касал ётганларида: “Пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олган яҳуд ва насороларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин”, дедилар. Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Шу қайтариқ бўлмаганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари ҳам кўтарилиб, кўзга кўринарлик қилиб қўйилар эди, аммо масжид қилиб олинишидан хавфсираб (ҳужраларига дафн қилиндилар)” (Бухорий, 3/255, Муслим, 5/12 ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан пайғамбарлар ҳамда солиҳ кишиларнинг қабрларини масжид қилиб олиш ҳақида очиқ қайтариқ келган.

Жундуб ибн Абдуллоҳ Бажалий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этишларидан беш кун аввал айтган сўзларини эшитди, Ҳабибимиз шундай дедилар: “Сизлар менинг биродарларим ва дўстларимсиз. Мен Аллоҳ ҳузурида сизлардан ўзим учун халил қилиб олишдан ўзимни поклайман. Чунки Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни Ўзига халил қилиб олгани каби, мени ҳам халил қилиб олди. Мен умматимдан халил қилиб олганимда Абу Бакрни халил қилиб олган бўлардим. Огоҳ бўлинглар, сизлардан илгари ўтган қавмлар ўз пайғамбарлари ва солиҳ кишиларининг қабрларини масжид қилиб олдилар. Сизлар қабрларни масжид қилиб олманглар. Мен бундан сизларни қайтараман” (Муслим, 5/13 ривояти).

Қабрларни саждагоҳ қилиб олганларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам махлуқотнинг энг ёмони деб номлаганлар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: “Махлуқотлар ичидаги энг ёмон кишилар қиёмат қоим бўлган пайт ҳаёт бўлганлар ва қабрларни масжид қилиб олганлардир” (Табароний ривояти).

Шунинг учун ичида қабр бўлган масжидларда намоз ўқишни  уламолар ҳаром деб айтганлар.

“Завожир” китобининг муаллифи бундай ёзади: “Ҳанбалий мазҳабидаги айрим олимлар айтганлар: “Кишининг қабр бор ерда уни улуғлаб намоз ўқишни қасд қилиши, Аллоҳ ва Расулига айни адоват ва Аллоҳ изн бермаган динни пайдо қилишдир. Чунки бу ишдан қайтарилган ва унга ижмо ҳам қилинган. Ҳаром амалларнинг энг катталаридан ҳамда ширкка олиб борувчи сабаблардан бири қабр олдида намоз ўқиш, қабрни саждагоҳ қилиб олиш ёки қабристонга масжид қуришдир. Бундай масжидларни ва қабрлар устидаги қуббаларни бузиб ташлаш лозим. Бундай масжидларнинг зарари мусулмонларга зиён етказиш ва уларнинг сафларини бўлиш мақсадида қурилган масжиди зирордан ҳам кўпроқ. Чунки бундай масжидлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга осий бўлиш асосига қурилгандир. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрлар устига масжид қуришдан қайтарганлар, баланд қабрларни эса бузиб ташлашга буюрганлар”.

Имом Қуртубий тафсирида айтади: “Уламоларимиз: “Пайғамбарлар ва уламоларнинг қабрларини масжид қилиб олиш мусулмонларга ҳаромдир”, деганлар”.

Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳдан: “Қабр бор бўлган масжидда одамлар беш вақт жамоат намозлари ҳамда жума намозини ўқисалар, ушбу намозлар қабул бўладими ёки йўқми? Масжиддаги қабрни ер билан теп-текис қилиш керакми ёки бир тўсиқ ё девор билан тўсиб қўйилса ҳам бўлаверадими?” деб сўралганида, у зот шундай жавоб берган эди: “Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин, қабр бор ерга масжид қуриб бўлмаслигига уламолар иттифоқ қилишган. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан илгари ўтган қавмлар қабрларни масжид қилиб олар эдилар. Огоҳ бўлингизким, сизлар қабрларни масжид қилиб олманглар. Мен сизларни бундан қайтараман”, деб айтганлар. Бундан ташқари маййитни масжидга дафн қилиш ҳам жоиз эмас. Агар масжид аввалда бор бўлиб, кейин маййит дафн қилинган бўлса, бу ҳолат ўзгартирилади. Ўзгартириш ё қабрни текислаш билан бўлади, ёки янги дафн қилинган бўлса, кавлаб олиб бошқа ерга кўмилади. Агар масжид қабрдан кейин қурилган бўлса, бу ҳолда масжидни бошқа ерга кўчириш керак ёки қабрнинг шаклини кеткизиш лозим. Чунки қайтарилгани учун қабр бор масжидда фарз бўладими, нафлми, намоз ўқилмайди”.

Куннинг уч вақтида – қуёш чиқаётган ва ботаётган ҳамда тиккага келган қиём вақтида намоз ўқимаслик ҳам шу жумладандир.

Амр ибн Абаса розияллоҳу анҳу айтади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Эй Аллоҳнинг пайғамбари, менга намоз ҳақида хабар беринг”, дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Субҳ (тонг – бомдод) намозини ўқи, сўнг қуёш чиқиб кўтарилиб бўлгунича намоз ўқимай тур, чунки қуёш шайтоннинг икки шохи ўртасидан чиқади ва бу пайтда кофирлар унга сажда қиладилар. Сўнг то қуёш тиккага келиб, соя найза баробарида бўлгунига қадар намоз ўқийвер, чунки бу пайтдаги намозга (малоикалар) ҳозир бўладилар. Сўнг яна намоз ўқимай тур, чунки бу пайт жаҳаннам қиздирилади. Энди соя (машриқ томонга) оға бошласа, намоз ўқийвер, чунки бу пайтдаги намозга (малоикалар) ҳозир бўладилар, то аср намозини ўқигунингча. Сўнг қуёш ботгунига қадар намоз ўқимай тур, чунки қуёш шайтоннинг икки шохи ўртасида ботади ва бу пайтда кофирлар унга сажда қиладилар” (Муслим ривояти).

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг