Али розияллоҳу анҳу: Талҳа ва Зубайрнинг байъат бериши

0

Абу Башир Обидий айтади: Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилганида Мадинада эдим. Муҳожир ва ансорлар – улар ичида Талҳа билан Зубайр ҳам бор эди – йиғилиб, Али ҳузурига бордилар ва унга: “Эй Абул Ҳасан, келинг, сизга байъат берайлик”, дедилар. У: “Менга бунинг кераги йўқ, мен ҳам сизлар билан биргаман, кимни ихтиёр этсанглар, мен ҳам шунга розиман”, деди. Улар: “Йўқ, сиздан бошқасини ихтиёр этмаймиз”, дедилар[1].

Бу ривоятда саҳобаларнинг Али розияллоҳу анҳуга байъат беришни хоҳлаганлари очиқ кўриниб турибди. Бу ҳақда бошқа ривоятлар ҳам кўп бўлиб, уларнинг баъзиларини Ибн Жарир Табарий “Тарихи Табарий”да келтирган. Улар саҳобаларнинг Али розияллоҳу анҳуга байъат беришганини ва уни халифаликка сайлашга иттифоқ қилишганини, юқоридаги ривоятда очиқ айтилганидек, улар ичида Талҳа ва Зубайр розияллоҳу анҳумо ҳам борлигини кўрсатади. Аммо айрим ривоятларда келгани каби, Талҳа ва Зубайр розияллоҳу анҳумо Али розияллоҳу анҳуга ихтиёрий эмас, мажбуран байъат беришгани ҳақидаги гап саҳиҳ нақл билан собит бўлмаган даъво бўлиб, саҳиҳ ривоятлар бунинг аксини кўрсатади[2].

Табарий ривоят қилади: Авф ибн Абу Жамила айтади: “Мен Муҳаммад ибн Сийриннинг шундай деганини эшитганимга гувоҳлик бераманки, Али розияллоҳу анҳу келиб Талҳага: “Қўлингизни беринг, сизга байъат қиламан” деганида Талҳа: “Йўқ, сиз ҳақлироқсиз, сиз мўминлар амирисиз, қўлингизни беринг”, деди. Али қўлини узатди ва у байъат берди”[3].

Абду Хайр Хивоний айтади: Мен Абу Мусодан: “Эй Абу Мусо, икковлари – яъни Талҳа ва Зубайр – Алига байъат берганлар ичида бормиди?” деб сўрадим. У: “Ҳа”, деди[4].

Муҳаққиқ имом Ибн Арабий ҳам Талҳа ва Зубайрнинг мажбурий тарзда байъат беришгани ҳақидаги даъво ботиллигини ва бу нарса улар шаънига ҳам, Алининг шаънига ҳам асло тўғри келмаслигини айтади. У дейди: “Агар Талҳа билан Зубайр мажбурий тарзда байъат беришган, дейилса, биз айтамизки, на уларнинг ўзлари ва на улар байъат берган киши мажбурланган бўлишидан Аллоҳ асрасин. Мабодо, мажбуран байъат беришганида ҳам бу нарсанинг ишга таъсири бўлмас эди. Чунки бир-икки киши билан ҳам байъат ҳосил бўлаверади, кейин байъат қилганлар унга қўшилиб кетаверади. Агар иккови байъат бермаганида ҳам бу нарса ишга ҳеч қандай таъсир кўрсатмас эди[5]. Талҳага нисбат берилган: “Луж (яъни қилич) қафим (яъни бошим) устида турган ҳолда байъат бердим”, деган гапга келсак, бу уйдирмалиги очиқ кўриниб турган ва қурайшлик бўлмаган киши тўқиган гапдир. Чунки қурайшликлар бошни қафо деб айтади, қафи деб эмас, Қурайшда қилични луж дейилмайди, бу Қурайшнинг эмас, Ҳузайл қабиласининг лаҳжасидир”[6].

Талҳа билан Зубайр мажбурий тарзда байъат берганлар, деган маънодаги ривоятлар ботил ва асоссиздир[7]. Юқорида айтиб ўтилгани каби, икковларининг Али розияллоҳу анҳуга байъат беришганига ишора этувчи саҳиҳ ривоятлар кўп. Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ Аҳнаф ибн Қайсдан келтирган саҳиҳ ривоятда айтилишича, Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилганидан сўнг Аҳнаф Ойша, Талҳа ва Зубайр розияллоҳу анҳумдан маслаҳат сўраб борганида улар уни Али розияллоҳу анҳуга байъат беришга буюрганлар[8].

Али розияллоҳу анҳунинг Исломдаги юксак мақоми, мутлақ фазилати, Китоб ва Суннат аҳкомларини маҳкам тутиши ва уларга изчил амал қилиши, хутбаларида шаръий буйруқ ва қайтариқларни татбиқ этишга азму қарори билан танилгани ҳам ҳеч кимга унинг мусулмонларга бош бўлишга нолойиқлиги ҳақида сўз айтишга ўрин қолдирмайди.

Айтиш мумкинки, Али розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳунинг вафотидан сўнг халифаликка номзодлар ичида энг муносибларидан бири эди. Умар Форуқ шахсан ўзи уни ўзидан сўнг халифаликка танланажак олти кишилик шўрога киритган эди. Боз устига, улардан тўрт киши – Абдураҳмон, Саъд, Талҳа ва Зубайр баъзилари Али, баъзилари Усмон фойдасига ўз ҳақларидан воз кечишганидан сўнг фақат унинг ва Усмоннинг номзоди қолганди. Бу эса шўро аҳли томонидан, агар Усмон бўлмаса, албатта, Али халифа бўлишига бир ижмо (бир овоздан келишув) эди. Усмон розияллоҳу анҳу вафотидан сўнг айни шу ҳолат юзага келгач, Мадина аҳли унинг номзодини бир овоздан қўлладилар ва у халифаликка ягона ҳақли киши бўлиб қолди.

Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўша даврда ҳаёт бўлган саҳобалари ичида бирор киши Али розияллоҳу анҳудан кўра халифаликка лойиқ эмасди. У Исломни дастлаб қабул қилганлардан, илк муҳожирлардан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакиваччалари, куёвлари эди.

Уни халифаликка лойиқ этган бошқа бир қанча қобилият ва лаёқатлар эгаси ҳам эди. У шижоатли, паҳлавон, ўта заковатли, қозилик ишларида нодир ақлу фаросат соҳиби, моҳир қўмондон, ҳақда метин салобат эгаси, узоқни кўрувчи раҳбар бўлиб, бу сифатлари уни, ҳеч шубҳасиз, мусулмонлар ҳаётидаги энг таҳликали ўша даврда халифаликка ягона ва тенгсиз номзод қилган эди.

Қолаверса, унинг халифалиги муҳожир ва ансорларнинг ижмоси билан ҳосил бўлдики, бу ҳақда кейинги мақоламизда сўз юритамиз, иншааллоҳ.

 

[1] “Тарихи Табарий”  (5/449), ушбу ривоятнинг санади “ҳасан лиғойриҳи”дир.
[2] “Ал-интисор лис-соҳби вал-ол” (236-бет).
[3] “Тарихи Табарий” (5/456). “Ал-интисор лис-соҳби вал-ол” (236-бет).
[4] Ўша манба.
[5] “Ал-авосим минал қавосим” (148-бет).
[6] Ибн Асир, “Ниҳоя” (4/94), (4/234). “Лисонул араб” (2/354).
[7] “Истишҳоду Усмон” (141-бет).
[8] “Истишҳоду Усмон” (141-бет). Ибн Абу Шайба, “Мусаннаф” (11/118). Ибн Ҳажар “Фатҳул Борий”да саҳиҳ санаган (34/13, 57).

Изоҳ қолдиринг