Тахта бўлаги узра…
(Охири)
Хубайб Ҳорис ўғилларининг асири эди, душманларининг қўлида тутқин эди. Кеча уларнинг отасини ўлдирган, энди улар эртага уни ўлдирмоқчи бўлиб туришибди.
Ҳорис ўғиллари Хубайбга ўлиб қолмасин дея овқат бериб турарди. Ахир ўлиб қолса, уни эртага қандай қилиб ўлдиришади, қандай қилиб унинг ўлимидан роҳатланишади?!
Аммо Хубайб Раббининг меҳмони эди. Ахир Унинг йўлида ўз уйини, оиласини, емак-ичмагини ташлаб чиқмадими? Рабби уни таомлантирар, чанқоғини қондирар эди. Албатта, Аллоҳ таоло оз амалга кўп ажру савоблар берувчи Шокирдир, бандаларининг амалларини яхши билувчи Зотдир.
Хубайб ҳиссий ва моддий оламдан руҳий ва ғайб оламига кўчган эди. У Раббининг дийдорини орзу қилар, ҳар лаҳзада шаҳидликни интиқиб кутар, ҳаётдан умидини узган, дунё ҳукмронлигидан чиқиб бўлган эди.
Унга жаннатдан, Рабби ҳузуридан ҳадялар келиб турар эди.
Унинг ҳикояси Марям бинти Имрон алайҳассаломникига ўхшаб кетар эди: “…Закариё ҳар қачон Марям ҳузурига кирса, унинг олдида яхши ризқ-рўз ҳозир эканини кўрарди. У: “Эй Марям, бу (ноз-неъмат)лар сенга қаердан келмоқда?” деб сўради. (Марям) деди: “Бу Аллоҳ ҳузуридан келган (ризқ)дир. Албатта, Аллоҳ таоло (Ўз фазли билан) истаган кишисига беҳисоб ризқ ато этгай”[1].
Хубайбга ҳали пишиш вақти бўлмаган мева-чевалар келар, бу мевалар унга – занжирбанд асирга қаердан келаётганини ҳеч ким билмасди.
Ҳориснинг қизи бундай деган эди: “Аллоҳга қасамки, Хубайбдан кўра яхшироқ асир кўрмадим. Қасамки, бир куни у кишанланган ҳолида қўлида бир шингил узумни ушлаб еётганини кўрдим. Ваҳоланки, у вақт Маккада меванинг ўзи йўқ эди”.
Яна: “У – Аллоҳ Хубайбга берган ризқ эди”, деган.
Бироқ, буларнинг ҳеч бири – Ҳорис ўғиллари Хубайбда кўрган олийжаноблигу Аллоҳ берган каромат – Хубайбни қатл этишдан тўхтатиб қололмади.
Дарҳақиқат, адоват кишини кўр-соқов қилади, куфр одамни кўр-соқовга айлантиради. Ҳорис ўғиллари Хубайбни ўлдириш учун ҳарам ҳудудидан ташқарига олиб чиқишди.
Улар қўрқаётган Зот ҳарам ташқарисида йўқми? Уларни кўриб турадиган Зот ҳарам ташқарисида кўрмай қоладими? Ҳарам ичкарисида зулм қилиш мумкин эмасу, ташқарисида зулм қилса, бўлаверадими?!
Аммо куфр одамни кўр ва соқов қилади, шайтон одамни кўру соқов қилиб қўяди.
Хубайб ўлишига аниқ ишонч ҳосил қилгач, икки ракаат намоз ўқиб олиш учун рухсат сўради. Имкон берилгач, икки ракаат намоз ўқиди.
Намозини ўқиб тугатгач, бундай деди: “Аслида, бундан-да узоқроқ намоз ўқишни, Раббим қаршисида узоқроқ туришни хоҳлар эдим. Лекин мен сизлар “Хубайб ўлимни кечиктириш мақсадида намозини узоқ ўқиди. Хубайб қатл этилишдан қўрқди”, деган хаёлга боришингиздан ҳадиксирадим. Мана, мен қаршингизда турибман. Қўлингиздан келганини қилинг”, деди.
Сўнг: «Эй Аллоҳ, буларнинг бирма-бир ҳисобини олгин ва тирқиратиб ҳалок қилгин, улардан бирортасини ҳам қолдирмагин», деб дуо қилди. Кейин қуйидаги байтни ўқиди:
“Муслим ҳолда ўлсам, бас, шунинг ўзи кифоя,
Фарқсиз умрим қай йўсин топишлиги ниҳоя”.
Хубайбни тахта бўлаги узра кўтариб, атрофдан унга қарата найза отишар, бу ҳодисани завқланиб томоша қилишар эди.
Нақадар гўзал бир нишон ва нақадар жирканч томошабинлар! Жонини Аллоҳ учун тортиқ қилган, ўлим унга келдими ё у ўлимга бордими – парво қилмаган бир киши томошасидан ҳам завқланадиларми?!
Сотқинлик ва хиёнат қилмаган, алдамаган, зулм этмаган, улардан бирор марта қўйиб юборишларини сўрамаган бир кишини шундай томоша қиладиларми?!
Уларга ишонганда хиёнат қилган, ўзлари унга омонлик бериб, кейин хиёнат қилишган бир кишини томоша қиладиларми?!
Улар Хубайбни тахтага ётқизиб кўтаришар, найза санчиб жароҳат етказишар экан, унинг Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббати ва садоқатини синаб кўрмоқчи бўлишди.
Хубайб тахта узра ётар, найзалар уни тилка-пора қилиб, терисини тешиб, гўштини кесиб ўтар эди.
Бу шундай ўрин эдики, бу ҳолатда маҳбуб суйганини, киши дўсту биродарини, онасини, отасини, аҳли-аёлини ва фарзандларини унутади.
Улар Хубайбга нидо қилиб: “Айт-чи, Хубайб! Ҳозир сен уйингда бўлиб, ўрнингда Муҳаммад бўлиб қолишини истармидинг?” дейишди.
У овози борича бақириб: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, мен уйимда бўлиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўзлари турган жойларида битта тикан кириб, озор етказишини ҳам истамайман», деди.
Улар эшитганлари бу сўздан ҳайратга тушишди, виждонлари қийналди. Аммо буни яширишди, Хубайбни ўлдиришди[2].
Эй Хубайб, сизга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин. Сизни севувчиларга гўзал намуна бўлдингиз, қалбларда ўчмас хотира бўлиб қолдингиз.
[1]Оли Имрон сураси, 37-оят.
[2]Қиссани Ибн Ҳишом «Сийрат»ида, Имом Бухорий “Саҳиҳ”ида «Ғазотлар китоби»да «Тавҳид ва Жиҳод боб»ида (3989) ривоят қилган.