Умавийлар давлати: Асирларга бўлган муомала

0

 

Сиффинда уруш асносида рақибларнинг бир-бирига кўрсатган гўзал инсоний муомалалари билан танишганимиздан сўнг асирларга чиройли муомала қилингани ҳақидаги хабарлар биз учун ажабланарли бўлмай қолади, уларни табиийдек қабул этамиз.

Дарҳақиқат, Ислом асирларга инсоний муносабатда бўлишга тарғиб этган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга ҳурмат билан муомала қилишни ўргатганлар, уларга имкони борича яхши егуликлар беришни буюрганлар. У зот даврларида асирлар, асосан, кофирлардан бўлганини ҳисобга олсак, у зот мусулмон бўлмаганларга нисбатан шундай амр этган бўлсалар, энди мусулмон асирларга нисбатан шак-шубҳасиз, иззат-ҳурматини ўрнига қўйган ҳолда муомала қилиш керак бўлади.

Асирга тушган рақиб аскари агар қўйиб юборилгудек бўлса, ўз тоифаси ва жамоаси учун куч-қувват ва дастак бўлгани боис Али розияллоҳу анҳу асирларни қамаб қўйишга буюрди. Агар байъат берса ва итоат йўлини тутса, қўйиб юборди. Агар бош тортса, қурол-яроғини ва уловини олиб қўйди ёки асирга туширган одамга берди ва ўзини қайта урушга кирмасликка қасам ичириб қўйиб юборди. Бир ривоятда айтилишича, қўйиб юборилган асир қўлига тўрт дирҳам берар эди[1]. Рошид халифанинг бу ишдан кўзлаган мақсади аён, яъни боғийлар сафини заифлаштириш эди.

Сиффин жанги куни бир асирни олиб келинганида у: “Мени қамоқда сақлаб ўлдирманг”, деди. “Мен сени қамоқда ўлдирмайман, Аллоҳдан қўрқаман”, деди Али розияллоҳу анҳу, сўнг уни қўйиб юбораётиб: “Сенда яхшилик бўлса, менга байъат қиласан”, деди[2].

Ушбу ривоятлардан кўринганидек, Али розияллоҳу анҳунинг асирларга муомаласи қуйидагича бўлди:
1) асирнинг ҳурматини ўрнига қўяр ва у билан инсондек муомала қилар эди;
2) унга ўзига баъйат беришини ва итоатига ўтишини таклиф қилар, байъат берса қўйиб юборар эди;
3) байъатдан бош тортса, қуролини олиб қўяр ва қайтиб урушга кирмасликка қасам ичириб, қўйиб юборар эди;
4) урушмаслик таклифига кўнмаса, қамаб қўяр, бироқ ҳибсда сақлаб ўлдирмас эди[3].

Бир сафар ўн беш нафар асир олиб келинди, баъзилари жароҳат олган эди, улардан ўлганларини ювиб, кафанлаб, жаноза ўқиб, кўмдирди[4].

Муҳиббуддин Хатиб бу уруш ҳақида сўз юритар экан, шундай ёзади: “Шу билан бирга, бу уруш ҳар икки томон бир-бирига инсоний қадриятлар асосида муомала қилган тарихдаги биринчи уруш бўлди,  ғарб оламидаги аҳли донишлар йигирма биринчи асрга келиб ҳам уларнинг урушларида ҳам шундай инсонийлик бўлишини орзу қилади. Агар шу уруш содир бўлмаганида, Исломдаги уруш қоидаларидан кўпи маълум бўлмай ва девон этилмай қолар эди, ҳар бир ишда Аллоҳнинг ҳикмати бор”[5].

Ибн Адим айтади: “Бу ҳукмлар ҳаммаси осийлар ва боғийлар ҳақидаги ҳумлардир. Шунинг учун Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ айтган эдики, агар Али розияллоҳу анҳу улар устига юриш қилмаса эди, мусулмонлар  орасидаги уруш ҳукмлари қандай бўлишини биров билолмас эди”[6].

Сиффинда ўлганлар адади

Олимлар Сиффин урушида ўлганлар сони ҳақида турли фикрларни айтишган.

Ибн Абу Хайсама зикр қилишича, Сиффинда ўлганлар сони етмиш мингга етди, ироқликлардан йигирма беш минг, шомликлардан қирқ беш минг киши ўлдирилди[7].

Ибн Қаййим ҳам Сиффинда ўлганлар сони етмиш минг ёки ундан ҳам ортиқ бўлганини айтади[8].

Шубҳасиз, бу рақамлар аниқ бўлмаган ва хаёлий рақамлардир. Аслида, Сиффинда ҳақиқий уруш ва тўқнашув уч кун давом этди, шунда ҳам кечаси уруш бўлмади, фақат жума кечасида жанг тўхтамади. Шунда уруш ҳаммаси бўлиб, тахминан ўттиз соат давом этган бўлади[9]. Бу уруш ҳар қанча шиддатли бўлмасин, Қодисия жангидан қаттиқроқ бўлмаган, Қодисияда жами саккиз ярим минг одам қурбон бўлган[10].

Шундан келиб чиқилса, бу қадар улкан рақамлар зикр этилган ривоятларни қабул этиш ақл мантиқига зид кўринади.

 

[1] Абдулҳамид, “Хилофату Али ибн Абу Толиб» (243-бет).
[2] Шофиий, “Ал-ум” (4/224).
[3] Абдулҳамид, “Хилофату Али ибн Абу Толиб» (243-бет).
[4] Ўша манба.
[5] Хатиб, “Ал-авосим минал-қавосим” ҳошиясига ёзган изоҳидан, 168-бет.
[6] “Хилофату Али” (245-бет).  “Буғятут-толиб фи тарихи Ҳалаб» (1/309).
[7] “Хилофату Али” (245-бет).
[8] “Ас-савоиқул-мурсала” (1/377), Муҳаммад Дахилуллоҳ таҳқиқи.
[9] “Ад-давлатул умавия» (360-бет).
[10] “Тарихи Табарий” (4/388).

Изоҳ қолдиринг