Қабристонга оид ҳукмлар: Муқаддима (11)

0

16. Дафн қилиш учун баъзи жойларни хослашнинг фазилати собит бўлганми?

(Охири)

Агар, «Абу Бакр ва Умар разияллоҳу анҳумонинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига дафн этилишига қандай жавоб берасиз?» деб сўралса, бунга «Абу Бакр ва Умар разияллоҳу анҳумонинг Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатлари кучлилигидан у зотнинг ҳужраларига – ёнларига дафн этилишни қаттиқ хоҳладилар», дея жавоб берамиз.

Ибн Касир айтади: «Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло уларни ҳаётда бирга қилганидек, қабрда ҳам бирга қилди»[1].

Умар разияллоҳу анҳу вафот этганида Али разияллоҳу анҳу у кишига хитоб қилиб, бундай деган эди: «Аллоҳга сизнинг амалингиз билан йўлиқишимдан кўра бошқа бирор кишининг амали мен учун суюкли эмас. Аллоҳга қасамки, сизни Аллоҳ икки шеригингиз билан бирга қилишига ишонар эдим. Чунки мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Мен Абу Бакр ва Умар билан келдим, мен Абу Бакр ва Умар билан кирдим, мен Абу Бакр ва Умар билан чиқдим», деган гапларини кўп эшитар эдим. Умид қиламанки ёки ишонаманки, Аллоҳ сизни у иккалалари билан бирга қилади»[2].

Қози Иёз: «Бу гапда Али разияллоҳу анҳунинг ишончи самимийлиги, Умар разияллоҳу анҳу икки соҳибининг олдига дафн этилиши борасидаги тахминининг тўғрилиги бор»[3], деди.

Умар разияллоҳу анҳу жароҳатлангач, ўғли Абдуллоҳга бундай деди: «Мўминлар онаси Ойшанинг ҳузурига бориб: «Умар сизга салом айтди», дегин, мўминлар амири, деб айтмагин. Зеро, бугун мен мўминларнинг амири эмасман. Кейин унга: «Умар ибн Хаттоб икки ҳамроҳининг олдига дафн этилиш учун сиздан изн сўраяпти», дегин». Сўнг Абдуллоҳ бориб, салом берди ва кириш учун изн сўради. Кейин Ойшанинг ҳузурига кириб қараса, йиғлаб ўтирган экан. Унга: «Умар ибн Хаттоб сизга салом айтяпти ва икки ҳамроҳининг олдига дафн этилиш учун рухсат сўраяпти», деди. Шунда Ойша разияллоҳу анҳо: «Мен у жойни ўзим учун бўлишини хоҳлаган эдим, бугун эса уни нафсимдан кўра афзал биламан», деди.

Абдуллоҳ келгач, Абдуллоҳ ибн Умар қайтиб келди, дейишди. Умар: «Мени кўтаринглар», деган эди, бир киши уни ўзига суяб турди. Шунда: «Нима бўлди?» деб сўради. Абдуллоҳ: «Сиз хоҳлаган иш бўлди, эй амирулмўминин, изн берди», деди. Умар: «Алҳамдулиллаҳ, мен учун бундан кўра муҳимроқ бирор нарса йўқ эди», деди…[4]

Шайх Абдураҳмон ибн Баррок ҳафизаҳуллоҳ айтади: «Бунинг баъзиси табиий муҳаббатга бориб тақалади. Зеро, инсон қариндошлари орасига ҳамда ўз она юртида суюкли кишилари ёнига дафн қилинишни хоҳлайди. Бу эса табиий (туғма) нарсадир».

“Уҳуд куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ҳаром билан Амр ибн Жамуҳнинг жасадини олиб келишди. Шунда у зот: «Уларни битта қабрга дафн этинглар. Чунки улар бу дунёда ёнма-ён юришар эди», дедилар”[5].

Шайх Муҳаммад Усаймин раҳимаҳуллоҳ эса: «Бундан бир-бирига муҳаббатли бўлган кишиларни бир-бирининг ёнига дафн қилиш мумкинлиги маълум бўлади, валлоҳу аълам» деган[6].

Ибн Абдулбарр айтади: «Гоҳида инсон бирор фазилат ёки манзилат учун бўлмаса-да яқинлари, биродарлари ва қўшнилари яқинидаги жойга дафн этилишни хуш кўради»[7].

«Ахир, Маккаи Мукаррама, Мадинаи Набавия ва Байтул Мақдис муборак маконлар эмасми?» деган савол туғилиши мумкин.

Жавоб эса бундай: Ҳа, албатта, бунда шак-шубҳа йўқ. Лекин “ернинг муқаддас бўлишининг маъноси: ўша жойда яхшилик кўп, кетмайдиган, бардавом бўлишидир. Бу эса у ерга чақирилган одамларнинг у жойни маҳкам тутишларига тарғиб бўлади. Бу нарса ҳеч қачон унинг тупроғи ёки деворларини табаррук қилиб суртиш кераклигини билдирмайди. Чунки унинг баракотлари ўзига ўрнашган бўлиб, бошқага юқиб қолмайди. Яъни агар сиз бир ерни силасангиз, ёки унинг остига дафн этилсангиз, ёки уни табаррук қилсангиз, унинг баракотлари сизга бевосита кўчиб қолмайди. Балки унинг баракоти фақатгина маъно жиҳатидан бўлади.

Шунингдек, Байтуллоҳ – Аллоҳнинг уйи, ҳарами ҳам ўз-ўзича, бевосита баракотли эмас, яъни баъзилар ўйлаганидек, уни силаган кишига баракотлари ўтиб қолмайди”[8].

Чунки, “ибодатлар ва фазилатли амаллардан умид Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳиҳ ҳадисларига биноан бўлади. Зеро, хатосиз экани собит бўлган (маъсум) зот саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ташқари ҳар қандай кишининг гапи олинади ва рад этилади, фақат. Ким Каъба муборак бўлгани учун унда барака ҳосил бўлишини эътиқод қилиб силаса, ушбу тушунчаси ва эътиқодида адашган бўлади. Зеро, масжиднинг барча жойи муборак, ҳарамнинг ҳамма ери табаррук. Энди, шунга кўра, масжиднинг деворлари ва устунларини силаш тўғри бўладими? Ёки улардаги тупроқ, чанг каби нарсаларни барака ва шифо ниятида эъзозлаш жоиз бўладими? Бу очиқ кўриниб турган фасоддир.

Аллоҳ таоло байти ва ҳарамига берган баракаси машруъ қилган баъзи тоат-ибодатлари ҳамда савобларнинг зиёда бўлишини ўша ерга хослаб қўйганидир: (Ер юзида Аллоҳга ибодат қилиш учун) қурилган биринчи уй Маккадаги Байтуллоҳдир. (Бу Уй) баракотлидир, унда (ҳасанотлар бир неча баробарга кўпаяди, унда Аллоҳнинг раҳматлари ёғилади, уни намозлар учун қибла қилишда ҳамда ҳаж ва умра учун қасд қилишда) бутун инсоният учун яхшилик ва ҳидоят бордир(Оли Имрон сураси, 96), валлоҳу аълам”[9].

[1]«Ал-бидоя ва ан-ниҳоя», 9/574.

[2]Бухорий (3685) ва Муслим (2389) ривоятлари.

[3]Қози Иёз. «Икмол ал-муаллим би фавоиди Муслим», 7/394.

[4]Бухорий 3700.

[5]Ибн Абу Шайба (11774) ривояти.

[6]«Мухторот мин зод ал-маод», 88-бет.

[7]«Ат-тамҳид», 21/218.

[8]Солиҳ Оли Шайх. «Ат-тамҳид ли-шарҳи китоб ат-тавҳид», 124-125-бетлар.

[9]Шайх Абдураҳмон ибн Носир Ал-Баррок. «Ал-фарид фи шарҳи китоби Ибни Ражаб фи ат-тавҳид», 251-252 бетлар.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг