Аллоҳ суйган бандалар: Ёлғиз Аллоҳга бандалик қилиш (3)

0

Рўза

Рўза баданий ибодат бўлиб, фақатгина ёлғиз Аллоҳ учун тутилади. Аллоҳдан бошқани рози қилиш мақсадида рўза тутилмайди. Масалан, айрим сўфилар пирларининг амрига биноан бир неча кун емоқ-ичмоқдан тийиладилар ёки қирқ кун мобайнида фақат нон билан туз ейдилар ва ҳоказо шу каби ейиш-ичишдан тийилишни пирларини рози қилиш, амрига лаббай деб итоат этиш ва шаънларини улуғлаш учун бажарадилар.

Рукуъ

Рукуъ – улуғлаш ниятида эгилиш. Бу ҳам ёлғиз Аллоҳ таоло учунгина қилиниши фарз бўлган ибодатлардан. Ким подшоҳ учун ё вазир ё раис ё қўмондон ва ё булардан бошқа бирон кимсани улуғлаш ниятида эгилса, Аллоҳдан бошқага рукуъ қилган бўлади ва бу мутлақо жоиз эмас. Лекин, минг афсус, бундай эгилишлар баъзи давлатлардаги ҳукумат доираларида тарқалгандир. Аллоҳдан бошқага эгилаётганлар рукуъ ёлғиз Аллоҳнинг ҳаққи экани, Ундан ўзгага эгилиш жоиз эмаслигини билишлари лозим. Аллоҳ таоло айтган: “Эй иймон келтирганлар, рукуъ ва саждалар қилинглар, ёлғиз Раббингизга ҳеч кимни шерик қилмай ибодат қилинглар, яхшиликлар қилинглар, шояд нажот топсангизлар” (Ҳаж, 77).

Сажда

Сажда – сажда қилинаётган зотни улуғлаб пешонани ерга қўйиш. Ўзини мусулмон дейдиган кишилар орасида Аллоҳдан ўзгага сажда қилаётганларни кўрмоқчи бўлсангиз, зиёратгоҳларга бориб кўришингиз мумкин. Кўпгина жоҳил-нодонлар ўша ердаги қабр остоналарини ўпиб, йиғлаб, юзларини суртиб, қабр соҳибидан ёрдам сўрайдилар. Бу айни катта ширкдир… Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ. Аллоҳдан ўзимизга ва уларга ҳидоят беришини сўраб қоламиз.

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг