Ҳаром амаллар: Ўғрилик

0

Қуръони каримда: “Эй ҳокимлар, ўғри эркак ва ўғри аёл одамларнинг молларини ноҳақ олганларига жазо сифатида ва улардан бошқаларни мана шундай ёмон ишни қилишдан тўхтатиб қўядиган уқубат ўлароқ, шариат тақозосига кўра ҳар иккисининг қўлларини кесинглар. Аллоҳ Ўзининг мулкида Азиз – ғолиб ва Ўз буйруқ ва қайтариқларида ҳикмат соҳиби бўлган Зотдир” (Моида сураси, 38).

Ўғриликнинг энг қабиҳи ҳаж ва умра зиёратчиларига нисбатан қилинган ўғриликдир. Бундай жирканч ўғрилик қилувчилар курраи заминнинг энг мўътабар гўшаси Каъбатуллоҳ ва Ҳарами шарифни ҳам назарга илмай, Аллоҳнинг чегараларини бузишда ҳадларидан чиққан кимсалардир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундайлар ҳақида хабар бериб деганлар: “Дўзах менинг олдимга келтирилди. Унинг оташи тегиб кетишидан қўрқиб эҳтиётланганим учун сизларнинг олдингизга чиқишга кечикдим. Мен у ерда (дўзахда) ичак-чавоқлари судралиб юрган, учи эгри таёқ кўтарган кишини кўрдим. У шу учи эгри таёғи билан ҳожиларнинг (нарсаларини) ўғирлар эди. Буни сезиб қолишса, таёғимга илиниб қолибди дерди, сезишмаса, олиб кетар эди” (Имом Муслим ривояти).

Ўғриликнинг яна бир қабиҳ тури халқ мулкини ўғирлашдир. Баъзи кимсалар: “Бошқалар ўғирлаяпти-ку, биз ҳам олсак, олибмиз-да”, дейдилар. Билмайдиларки, бундай ўғирлик барча мусулмонларнинг молидан ўғирлаш ҳисобланади. Зеро, умумий мулк барчага тегишлидир. Аллоҳдан қўрқмайдиган кимсаларнинг ишлари уларга эргашиш учун ҳужжат бўлмайди. Шунингдек, баъзилар мусулмон бўлмаганларнинг мулкини “улар кофир-ку”, деган далил билан ўғирлайдилар. Бу ҳам нотўғри. Чунки фақат мусулмонларга қарши урушаётган кофирларнигина мулкларидан маҳрум қилиш мумкин, ҳаммасининг ҳам эмас.

Яна ўғрилик кўринишларидан: киссавурлик, меҳмонга борганда мезбоннинг ёки меҳмон келганда меҳмоннинг нарсаларидан олиб қўйиш, дўконларга кириб, чўнтак ё қўйнига беркитиб чиқиш кабилар.

Баъзи одамлар озроқ ёки арзон нарсани ўғирласа бўлаверади, деб ҳисоблайдилар. Ҳолбуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тухум ўғирлаб, арқон ўғирлаб қўли кесилган ўғрига Аллоҳнинг лаънати бўлсин”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Ўғрилик қилган киши, аввало, Аллоҳга тавба қилиши, сўнг олган нарсасини эгасига қайтариб бериши шарт. Ошкора қайтарадими ёки билдирмасдан пинҳона бўлсин, фарқи йўқ, албатта молни эгасига қайтариши керак. Мабодо, молнинг эгасини ёки унинг меросхўрини астойдил ахтарса, лекин топа олмаса, унда савобини молнинг эгасига ният қилиб, уни садақа қилиб юборади.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг