Илк ҳужумлар
Қустантиниянинг уч томони сув билан – бўғоз (Босфор), Мармара денгизи ва кўрфаз (Олтин Мугуз) билан ўралган эди. Кўрфаз кемаларнинг киришига йўл қўймайдиган бақувват темир занжир билан тўсилган эди.
Қуруқликда Мармара денгизи қирғоғидан то кўрфазгача икки қатор девор тўсиб турар, ўртасидан Ликос дарёси[1] ўтган эди. Икки девор оралиғида олтмиш қадамлик бўшлиқ бор эди. Ички деворнинг баландлиги қирқ қадам бўлиб, унинг устида олтмиш қадам баландликдаги миноралар барпо қилинган эди. Ташқи девор баландлиги тақрибан йигирма беш қадамга етарди, улар устидаги миноралар аскарлар билан тўла эди[2].
Қустантиния деворлари, қалъа ва қўрғонлари билан ҳарбий жиҳатдан дунёдаги энг мустаҳкам ҳимояланган шаҳарлардан эди, бунга қўшимча тепаликлар ва сувликлардан иборат табиий ҳимояларга эга эди. Шу боис унинг ҳимоясини синдириб ўтиш жуда қийин эди. Бу шаҳар шу давргача уни босиб олиш учун қилинган ўнлаб ҳарбий уринишларга, шу жумладан, ўн битта исломий фатҳ уринишига дош берган эди.
Фотиҳ Султон шаҳар ҳимоясини диққат билан ўрганди, у ҳақдаги маълумотлар билан чуқур танишди, истеҳкомлари ва деворлари билан танишиш мақсадида бир неча бор шахсан ўзи шаҳар деворлари яқинига бориб келди, қамал учун зарурий хариталар тайёрлатди[3].
Султон улкан тўпларни олиб келиш учун Эдирна билан Қустантиния ўртасида йўл қурдирди, тўплар махсус аскарий бўлинмалар қўриқчилигида Эдирнадан Қустантинияга қарийб икки ойда етиб келди. Фотиҳ бошчилигидаги усмонийлар қўшини Қустантиния остоналарига ҳижрий 857 йил 26 рабиул аввал (мелодий 1453 йил 6 апрел) пайшанба куни етиб келди. У яқин 250 000 (икки юз эллик минг) кишилик қўшинни йиғди ҳамда уларга ўта кучли ва таъсирли хутба қилди. Хутбасида уларни сидқидилдан жиҳод қилишга, фидокорликка, ғалаба ё шаҳидликка интилишга тарғиб этди, шу мавзудаги Қуръон оятларини ўқиб берди, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Қустантиния фатҳидан башорат берган, уни фатҳ этган қўшинни ва унинг амирини мадҳ этган ҳадисларини эслатди, бу фатҳ ортидан исломга ва мусулмонларга келадиган азизлик ҳақида сўзлади. Қўшинни гулдурос таҳлил, такбир, дуо овозлари тутиб кетди[4].
Қўшин сафлари ичига олимлар ҳам жангчи ва мужоҳид сифатида кирган эди, бу тадбир аскарларнинг руҳий-маънавий кайфиятини юксалтиришга жуда катта таъсир кўрсатди, ҳар бир аскар ўз вазифасини сидқидилдан адо этиш учун уруш бошланишини сабрсизлик билан кута бошлади.
Эртаси куни Фотиҳ Султон қуруқликдаги қўшинни уч қисмга бўлган ҳолда шаҳарнинг ташқи деворлари олдига жойлаштирди ва шаҳарни ҳар тарафдан қамалга олди. Асосий қўшин ортига захира қўшинларни қўйди. Деворлар яқинига тўпларни ўрнаттирди, энг катта шоҳи тўпни Тўпқопи дарвозаси олдига жойлаштирди. Шаҳарга яқин тепаликлар устига кузатувчи гуруҳларни қўйдирди. Усмонийлар кемалари шаҳарни ўраб турувчи сувларда тарқалди, улар фақат Олтин Мугуз кўрфазидан ўта олмади, унда тортилган йўғон занжир ҳар қандай кеманинг ўтишига тўсқинлик қилар, ўтишга ва яқинлашишга уринган кемани вайрон этар эди. Усмонийларнинг ҳарбий кемалари Мармара денгизидаги “Амирлар ороллари” (Prens Adaları)ни тўла қўлга киритди[5].
Византияликлар Қустантинияни ҳимоя қилишга бор кучлари билан ҳаракат қилдилар, деворлар устига аскарларни жойлаштирдилар, истеҳкомларни мустаҳкамладилар. Усмоний аскарлар ҳам шаҳарни эгаллаш уринишларини бир лаҳза бўлса-да тўхтатмади. Қамалнинг илк кунидан бошлаб икки ўртада отишмалар ва тўқнашувлар содир бўлди, шаҳидлик эшиги очилиб, усмонийлардан кўпчилик, айниқса дарвозаларга яқинлашганлар шаҳидликка эришди.
Усмоний тўпчилар шаҳар деворларини ҳар томондан ўққа тутишар, замбарак ўқлари ва даҳшатли гумбурлаш овозлари византияликлар қалбига қаттиқ қўрқув солар эди. Тўплар шаҳар деворларининг баъзи жойларини вайрон этар, бироқ мудофаачилар тезлик билан бузилган деворларни тиклаб, аввалги ҳолига келтиришар эди.
Оврупадан масиҳийларнинг ёрдамлари узлуксиз келиб турди. Генуя (Genova)дан Юстиниан (Justinian) исмли қўмондон бошчилигида бешта кемадан иборат мадад кучлари етиб келди, унинг қўл остида Оврупанинг турли давлатларидан йиғилган етти юз нафар кўнгилли жангчи бор эди. Уларнинг кемалари шаҳарни қамал қилиб турган усмонийлар денгиз кучлари билан тўқнашувлардан сўнг Византиянинг қадимий пойтахтига кириб боришга муваффақ бўлди. Уларнинг шаҳарга етиб олиши византияликларнинг руҳиятларини кўтариб юборди. Кейин Юстиниан шаҳарни мудофа қилувчи кучларга қўмондон этиб тайинланди[6].
Усмонийларнинг денгиз кучлари кўрфазга кириш йўлини тўсиб турган темир занжирни бузиб ўтишга уриниб кўрди, аскарлар кемалардан Оврупа ва Византия кемаларига ўқ ёғдирдилар, лекин ёриб кириш уддасидан чиқолмадилар, бу эса мудофаачиларни янада руҳлантирди.
Насронийларнинг руҳоний ва поплари шаҳар кўчалари ва қўрғонларида айланиб юриб, масиҳийларни сабот ва сабрга ундар, одамларни черковларга бориб, Исо Масиҳ ва Биби Марямга шаҳарни қутқаришларини сўраб дуо қилишга чорлашар эди. Император Қустантиннинг ўзи ҳам шу мақсадда Аёсофия черковига қатнар эди[7].
[1] Ликос дарёси – (юнонча Λύκος, Lykos) туркча “Байрампаша дараси” деб аталган, ҳозирда қуриб қолган бир дарё бўлиб, Қустантиния (ҳозирги Истанбул)га Эдирнақопи ва Тўпқопи дарвозалари оралиғидан кирар, шаҳарнинг икки девори оралаб, Фотиҳ маҳалласи ҳудудидан ўтиб, Мармара денгизига қуйилар эди.
[2] «Салотийну оли Усмон» (2-бет). Солим Рашидий, «Муҳаммад Фотиҳ» (96-бет).
[3] Муҳаммад Сафват, «Фатҳу Қустантиния» (57-бет). «Муҳаммад Фотиҳ» (82-бет).
[4] «Салотийну оли Усмон» (24-бет).
[5] Солим Рашидий, «Муҳаммад Фотиҳ» (98-бет). Али Ҳасун, «Ал-усмониюн вал-балқон» (89-бет).
[6] «Ал-усмониюн вал-балқон» (92-бет).
[7] Солим Рашидий, «Муҳаммад Фотиҳ» (100-бет).
Discussion3 fikr
Ассаламу алайкум.
Усмонийлар тарихи яна давом этадими?
Усмонийлар тарихини рақамлаб чиқилса аьло нур бўлар эди. Чалкашмаслик учун.
Жазакаллоҳу хойрон.
Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ!
Алҳамдулиллаҳ;
Ҳа, давом этади, иншааллоҳ.
assalamu alaykum usmonıy tarıhını kıtob şaklı ham bormı agar bolsa qaydan olsa boladı