Аллоҳ суйган бандалар: Ёлғиз Аллоҳга бандалик қилиш (4)

0

Эътикоф

Эътикоф – бирор нарсани маҳкам тутиш ва оз муддат бўлса ҳам, ўша нарса учун узилиш. Бу ҳам ёлғиз Аллоҳ учун, Аллоҳнинг уйи бўлмиш масжидда ва Аллоҳга тақарруб ҳосил қилиш нияти билан бўлиши лозим. Айримларни кўрасиз бир ой ёки бир йил авлиё деб ўйлаган киши қабрига хизмат қилиш учун узилади. Қабр учун назрлар йиғади, атрофини супуриб-сидириб, сувлар сепиб тозалайди. Бу билан тоат-ибодат қиляпман деб ўйлайди, ҳақиқатда эса, у Аллоҳга осийлик қилиш билан бирга гуноҳга ёрдамчи ҳам бўлмоқда. Бошқа бири Адавийнинг ё Дусуқий ё Ҳусайннинг ё бошқа бидъат мавлудларда бир ҳафтага ҳамма нарсадан ўзини узиб, одамларга таом ва сув тарқатади. Буни у Бадавий учун хизмат деб, уни улуғлаб қилади. Бу ва шунга ўхшаш ишларнинг ҳеч бири жоиз эмас.

Ҳаж

Ҳаж – Аллоҳга тақарруб ҳосил қилиш мақсадида ҳаж амалларини бажариш учун Маккага қасд қилиб бориш. Лекин айрим жоҳил сўфилар авлиё ва солиҳ кишилар қабрларини қасд қилиб “зиёратга” ҳар йили борадилар. Қабр атрофини тавоф қилиб, улуғлайдилар, ҳатто Аллоҳга ёлғон тўқиб: “Ким фалончи авлиё қабрини етти маротаба зиёрат қилса, мабрур ҳаж савоби ёзилади”, деб айтадилар. Эй Раббимиз, Сени поклаймиз, бу сўзлар гуноҳи ўта оғир бўлган бўҳтондир.

Тавоф

Тавоф – Каъбанинг атрофида айланиб, ёлғиз Аллоҳ учун қилиниши фарз бўлган ибодат. Аллоҳ таоло деди: “Ўз зиммаларига вожиб қилган назрларига вафо қилсинлар ва Байтул атийқни, яъни Каъбани тавоф қилсинлар” (Ҳаж, 29).

Айрим жоҳиллар қабрларни тавоф қиладилар. Ҳеч қандай қабрни, хоҳ у пайғамбар қабри бўлсин, хоҳ авлиё ёки солиҳ инсон қабри, атрофида айланиб тавоф қилиш жоиз эмас. Умуман, Каъбадан бошқа бирон жойни айланиш мумкин эмас.

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг