Биринчи бўлим: Қиёматнинг кичик аломатлари
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юборилишлари
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг пайғамбар қилиб юборилишлари қиёматнинг аломати ва унинг яқин қолганини билдирадиган далиллардан бири эканини хабар берганлар. Зеро, у зот пайғамбарларнинг энг сўнггиси бўлиб, у кишидан кейин бошқа пайғамбар келмайди.
Бунга у зот саллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлган саҳиҳ ҳадислар далолат қилади.
Ўша ҳадислардан бирини Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган, унда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен билан қиёмат мана шу иккиси (яъни, икки бармоқ) каби (ёнма-ён) юборилганмиз», деганлар[1].
Бошқа бир ҳадисни Саҳл ибн Саъд разияллоҳу анҳу бундай ривоят қилади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсаткич ва ўрта бармоқларини кўтариб: “Мен билан қиёмат мана шу иккиси каби (ёнма-ён) юборилганмиз”, дедилар”[2].
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен ва қиёмат мана шу иккиси каби – бирининг иккинчисига нисбатан ортиқлиги каби юборилганмиз», деб кўрсаткич ва ўрта бармоқларини бирлаштирдилар[3].
Ушбу ҳамда шу маънодаги бошқа ҳадислар далолат қиладики, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юборилишлари қиёмат аломатларининг энг биринчисидир. У зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарларнинг сўнггиси, элчиларнинг охиргиси бўлиб, у кишидан кейин бошқа пайғамбар келмайди. Балки, юқорида ўтган ҳадисларда ўхшатилгани каби кўрсаткич бармоқдан кейин ўрта бармоқ келганидек, у кишининг ортларидан фақатгина қиёмат келади.
Қуртубий раҳимаҳуллоҳ қиёмат аломатлари ҳақида сўзлар экан, айтади: «Уларнинг биринчиси Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдир. Чунки у зот охирзамон пайғамбари бўлиб, у зот билан қиёматнинг ўртасида бошқа набий йўқ»[4].
Ҳофиз Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Мен билан қиёмат мана шу иккиси каби юборилганмиз», деб кўрсаткич ва ўрта бармоқларини бирлаштирганларини уламолар: “У кишининг замонига қиёматнинг яқинлиги кўрсаткич бармоқнинг ўрта бармоққа яқинлиги кабидир. Чунки қиёмат у кишининг юборилган замонлари билан олдинма-кетин бўлиб, саҳиҳ ҳадисда: “Мен одамлар қадамим остида тўпланадиган Ҳоширман, мендан сўнг пайғамбар келмайдиган Оқибман”,[5] деганларидек у киши билан қиёмат ўртасини бошқа бирор пайғамбар кесиб ўтмайди”, дея шарҳлашади.
«Қиёмат кунида одамлар қадами остида тўпланадиган Ҳошир» дегани – одамларнинг қабрлардан чиқарилишлари ва маҳшаргоҳда тўпланишлари у зот саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юборилишлари ортидан бўлади, деганидир. Зеро, у зот пайғамбар қилиб юборилдилар ва одамлар шу ишнинг ортидан маҳшарларига жамланадилар. «Оқиб» эса, у зот барча пайғамбарларнинг ортидан келганларини, у зотдан кейин бошқа пайғамбар бўлмаслигини билдиради. Бинобарин, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар ўлароқ юборилишлари қиёматнинг аломатларидан бўлди”[6].
[1]Бухорий (6140) ва Ибн Можа (4040) ривоятлари.
[2]Бухорий (4995), Муслим (2950) ва Аҳмад (5/338) ривоятлари.
[3]Муслим (2951), Термизий (2214), Аҳмад (3/237) ва Доримий (2759) ривоятлари.
[4]«Ат-тазкира фи аҳволил мавто ва умурил охира» (733-бет).
[5]Бухорий (3339), Муслим (2354), Термизий (2840), Аҳмад (4/80), Молик (1891) ва Доримий (2775) ривоятлари.
[6]Ибн Ражаб, «Фатҳул борий» (3/147-148-бетлар).