Ҳаётга нисбатан икки хил қараш – моддий ва соғлом қараш мавжуд бўлиб, ҳар икки қарашнинг ўзига хос таъсирлари бор.
Ҳаётга моддийлик назари билан қараш маъноси:
Ҳаётга моддийлик назари билан қарашда инсоннинг фикр юритиши фақат нақд нафс хоҳишларига эришишга чекланган ва ҳаракатлари фақат шу доира ичида ўралган бўлади. Ортидан келувчи оқибатларини ўйламайди, у учун амал қилмайди ва қайғурмайди ҳам. Билмайдики, Аллоҳ таоло бу дунё ҳаётини охират учун экинзор, дунёни амал майдони, охиратни эса жазо-мукофот ҳовлиси қилган. Ким дунёсини ғанимат билиб, солиҳ амаллар қилса, ҳар икки ҳовлининг фойдасини қўлга киритади, ким дунёсини зое қилса, охиратини ҳам зое қилган бўлади: «У кимса дунёю охиратда зиён кўради. Бу эса очиқ-аниқ зиёндир» (Ҳаж, 11).
Аллоҳ таоло бу дунёни бекорга яратмади, уни яратиши остида улкан ҳикмат бор. Аллоҳ таоло айтади: «У сизларнинг қайсингиз яхшироқ амал қилувчи эканингизни имтиҳон қилиш учун ўлим ва ҳаётни яратган» (Мулк, 2).;
«Биз уларнинг қайсилари яхшироқ амал қилишини синаш учун ер устидаги бор нарсани унга безак қилдик» (Каҳф, 7).
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бу ҳаётда саноғи фақат Ўзига маълум бўлган кўплаб дунё матоларини ва кўзга кўриниб турувчи зийнатларни – мол-дунё, фарзандлар, обрў-эътибор, ҳукмронлик ва бошқа ёқимли нарсаларни яратиб қўйди.
Одамлар ичида айрим – балки кўпчилик – кишилар борки, кўзлари бу матоларнинг фақат ташқи тарафини кўради, нафсларини шулар билан қондиради, уларнинг ички тарафига назар солмайди, уларни қўлга киритиш, йиғиб-тўплаш ва улар билан лаззатланиш билан овора бўлиб, улар ортидан келувчи охират ҳаёти учун амал қилишни унутади, ҳатто шу дунё ҳаётидан бошқа ҳаёт бўлишини инкор ҳам қилади. Аллоҳ таоло айтганидек, улар: «“Ҳаёт фақат дунёдаги ҳаётимиздир. Биз қайта тирилувчи эмасмиз”, деб айтадилар» (Анъом, 29).
Аллоҳ таоло ҳаётга бундай назар билан қарайдиган кишиларга ваъид – азоб хабарини беради: «Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиган, дунё ҳаётига рози бўлиб, фақат ўша билан хотиржам бўлган кимсалар ҳамда Бизнинг оятларимиздан ғофил қолган кимсалар – ана ўшаларнинг жойлари қилиб ўтган гуноҳлари сабабли дўзахдир» (Юнус, 7–8).
Яна айтади: «Ким (фақат) шу ҳаёти дунёни ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлса, уларга қилган амаллари (мукофоти)ни шу дунёда тўла берамиз ва улар дунёда зиён кўрмайдилар. Ундай кимсалар учун охиратда дўзах ўтидан ўзга насиба йўқдир. Уларнинг бу дунёда қилган барча яхшиликлари беҳуда кетгай ва қилиб ўтган амаллари бекордир» (Ҳуд, 15, 16).
Бу илоҳий таҳдид мазкур қараш тарафдорларининг барчасини – мунофиқлар ва риёкорлар каби охират амалини қилиб туриб, у билан дунё ҳаётини истайдиган кишилар бўладими, жоҳилият аҳли ва капиталист, коммунист, илмоний (секуляр) динсизлар каби бузғунчи йўлларни тутган, қайта тирилиш ва ҳисоб-китобга ишонмайдиган кофирлар бўладими, фарқсиз, барча-барчасини ўз ичига олади. Зеро, улар ҳаётнинг қадрини билмадилар, уларнинг дунёқарашлари ҳайвонларнинг дунёқарашидан фарқ қилмайди. Балки улар ҳайвонлардан ҳам адашганроқдир. Чунки ақлларини ишлатмадилар, куч-тоқатларини ва вақтларини йўқ бўлиб кетувчи нарсаларга сарфлаб, зое қилдилар. Ўзларини кутиб турган, бир кун албатта унга борадиган оқибатлари учун амал қилмадилар. Ҳайвонларни эса бирон бир оқибат кутиб тургани йўқ, уларнинг бу ҳақда фикр юритадиган ақллари ҳам йўқ. Аллоҳ таоло айтади: «Ёки сиз уларнинг кўплари эшитадилар ё англайдилар деб ўйлайсизми?! Йўқ, улар худди чорва ҳайвонларига ўхшаган, балки, ундан-да йўлдан озганроқ кимсалардир!» (Фурқон, 44).
Аллоҳ таоло бу қараш эгаларини билимсизлик билан сифатлади: «Лекин кўп одамлар билмайдилар. Улар охиратдан ғофил бўлган ҳолларида фақат ҳаёти дунёнинг зоҳиринигина биладилар» (Рум, 6-7).
Улар гарчи саноат ва ихтиролар бобида етук билим эгалари бўлган тақдирда ҳам, илм ва билим эгаси деб номланишга нолойиқ жоҳиллардир. Чунки уларнинг билимлари дунё ҳаётининг фақат зоҳирий тарафидан уёғига ўтолмади. Бу – эгаларини олимлик деган шарафли номга эришишга сазовор этмайдиган ноқис илмдир. Аслида, бундай юксак унвонни Аллоҳни ҳаққи-рост таниган ва Ундан қўрққан зотларга нисбатан ишлатилади. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳдан бандалари орасидаги олимларгина қўрқади» (Фотир, 28).
Ҳаётга моддий қарашга ёрқин намуналардан бири – Аллоҳ таоло Қорун қиссасида зикр қилган воқеа ва унга ато этган беҳисоб хазиналардир: «Сўнг, (Қорун) қавми олдига ясан-тусан қилиб чиққан эди, ҳаёти дунёни истайдиган кимсалар: «Эҳ, қани эди бизда ҳам Қорунга ато этилган молу давлат бўлса. Дарҳақиқат, у улуғ насиба эгасидир», дедилар» (Қасас, 79).
Унга ўхшашни орзу қилдилар, унга ҳавас билан қарадилар ва моддий қарашларидан келиб чиқиб, уни улуғ насиба эгаси деб сифатладилар. Бу худди ҳозирги даврда кофир давлатларда бўлган иқтисодий ва моддий-техникавий ривожланишга ўхшайдики, иймони заиф мусулмонлар уларнинг кофирликларидан ва уларни кутиб турган ёмон оқибатлардан кўз юмиб, уларга оғизларининг суви келиб қарайдилар. Бу хато қараш уларни кофирларни улуғлашга, кўнгилларида уларга нисбатан ҳурмат-эҳтиром уйғонишига, ёмон ахлоқ-одобларида уларга тақлид қилишга олиб келади. Ваҳоланки, уларга ҳаракатчанликда, куч-қудратга эришишда ва фойдали ихтиро ва саноатларда тақлид қилсалар, тўғри бўлар эди.
Ҳаётга бўлган иккинчи – тўғри қараш:
Бу қараш эгаси бу дунёда бўлган мол-давлат, салтанат ва моддий қувватларнинг барчасини охират иши учун ёрдамчи восита деб эътибор қилади.
Аслида, дунёнинг ўзи ҳеч қандай айбли нарса эмас, мақтов ёки айблов фақатгина банданинг унда қилган амалига қараб бўлади. Дунё – охиратга ўтиш учун бир йўлак ва кўприк, жаннат озуқаси дунёдан олинади, жаннат аҳли эришадиган энг яхши неъматлар уларнинг дунёда эккан нарсаларидан ҳосил бўлади.
Дунё – намоз, рўза, жиҳод, Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилиш, яхшиликлар устида мусобақалашиш майдони. Аллоҳ таоло жаннат аҳлига айтади: «Ўтган кунларда (яъни ҳаёти дунёда) қилиб ўтган (эзгу) амалларингиз сабабли (ушбу ноз-неъматларни) пок билиб еб-ичаверинглар» (Ал-Ҳааққа, 24).