Абу Бакр розияллоҳу анҳу: Мусайлиманинг мактуби ва Расулуллоҳнинг унга жавоблари

0

Ҳижратнинг ўнинчи йили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этган касалликлари пайтида Мусайлима каззоб у зотга бир мактуб юбориб, пайғамбарликда у зотга шериклигини даъво қилди. Хатни унинг котиби Амр ибн Жоруд Ҳанафий ёзди, уни Ибн Навоҳа деб танилган Убода ибн Ҳорис Ҳанафий орқали юборди. Хатда шундай дейилган эди: “Аллоҳнинг элчиси Мусайлимадан Аллоҳнинг элчиси Муҳаммадга. Аммо баъд, ернинг ярми бизга, ярми Қурайшга тегишли, аммо Қурайш инсоф қилмаяпти”[1].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Убай ибн Каъбга айтиб, унга қуйидагича жавоб мактуби ёздирдилар: “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Муҳаммад пайғамбардан Мусайлима каззобга. Аммо баъд, ер Аллоҳникидир, уни истаган бандасига мерос қилиб беради. Оқибат эса тақводорларникидир. Ҳидоятга эргашганларга салом бўлсин”[2].

Мусайлиманинг мактубини икки киши олиб келган эди, улардан бири юқорида исми ўтган Ибн Навоҳа эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга: “Сизлар ўзингиз нима дейсизлар?” дедилар. Улар: “Биз ҳам у айтган гапни айтамиз”, дейишди. У зот дедилар: “Аллоҳга қасамки, агар элчиларни ўлдирмаслик таомили бўлмаганида, сизларни ўлдирган бўлардим”[3].

 Расулуллоҳнинг мактубини элтган Ҳабиб ибн Зайд Ансорийнинг матонати

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мактубларини Мусайлима каззобга икки улуғ саҳобанинг – Зайд ибн Осим Мозиний ва Умму Умора Нусайба бинти Каъб розияллоҳу анҳумонинг ўғли Ҳабиб ибн Зайд Ансорий олиб борди. Мусайлима ундан: “Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси эканига гувоҳлик берасанми?” деб сўради. У: “Ҳа”, деди. “Мен Аллоҳнинг элчиси эканимга гувоҳлик берасанми?” деди. У: “Эшитмаяпман, қулоғим оғирроқ”, деб жавоб берди. Яна қайтиб сўради, яна шундай жавоб берди. Бу ҳол бир неча марта қайтарилди. Шунда ғазабланган Мусайлима унинг аъзоларини бирма-бир кесишни буюрди, у эса ўша гапидан бошқа нарсани айтмасди. Танаси парча-парча этилишига қарамай, Ҳабиб Аллоҳ йўлида сабр қилди ва шу ҳолда шаҳидликка эришди[4].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг элчиларга нисбатан қилган муомалалари қандай бўлди-ю, каззоб Мусайлиманинг қилган иши қандай бўлди! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам элчилар борасида халқаро келишилган урф-одатларни ҳурмат қилардилар, элчиларни, гарчи энг ашаддий душманларидан келган бўлса ҳам, гарчи у зотнинг ҳузурларида куфрларини ошкор айтишса ҳам, ўлдирмас эдилар. Аммо Мусайлима учун халқаро урфларга ҳурмат, аҳдларга вафо қилиш деган тушунча йўқ эди. У элчига ўлим йўқ деган қадим одатни оёқости қилиб, элчини ваҳшийларча қатл эттирди. Бу эса битимларга риоя этадиган, инсонни ҳурмат қиладиган Ислом билан ер юзида фасод тарқатишдан бошқани билмайдиган жоҳилият ўртасидаги фарқлардан биридир.

Ражжол ибн Унфува Ҳанафий

Мусайлима каззобнинг иши Бани Ҳанифа қавми ичида жуда кенг тарқалди. Афтидан, қавмдошларида ҳам ўзларидан чиққан “пайғамбар”га эргашишга ва уни улуғлашга мойиллик сезилиб турарди. Асли Бани ҳанифалик бўлган Ражжол ибн Унфува Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига хижрат қилиб борган, Исломни қабул этган ва Қуръон ўқишни ўрганган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни одамларни Мусайлиманинг фитнасидан огоҳлантириш ва унга эргашиш хатолигини тушунтириш учун юбордилар. У эса Бани Ҳанифага боргач, уларни йўлга солиш ўрнига ўзи ҳам уларга қўшилиб, Мусайлимага эргашиб кетди ва одамларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мусайлимани пайғамбарликда ўзларига шерик қилганлари ҳақида гапира бошлади. Бу бадбахтнинг фитнаси одамлар учун Мусайлима фитнасидан ҳам қаттиқроқ бўлди[5].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик пайтларида баъзи кишиларнинг оқибатлари ҳақида ишора қилиб кетган эдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “Бир жамоат ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўтирдим, Ражжол ибн Унфува ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ичларингизда бир одам борки, унинг жағ тиши дўзахда Уҳуд тоғидан ҳам каттароқ бўлади”, дедилар. Ўша ўтиришдаги одамларнинг деярли ҳаммаси дунёдан ўтиб кетишди, фақат мен билан Ражжол қолдик. Мен то Ражжол Мусайлима каззобга қўшилиб кетиб, уни пайғамбар деб гувоҳлик бергунига қадар ўзимдан хавотир олиб юрардим. Ражжолнинг фитнаси Мусайлима фитнасидан ҳам каттароқ бўлди”[6].

 

[1] “Тарих ат-Табарий”, 3/386.
[2] Аввалги манба, 3/387.
[3]  Аввалги манба, 3/386.
[4] “Усдул-ғоба”, 1049.
[5] Утум. “Ҳаракатур-ридда”, 75-бет.
[6] “Тарих ат-Табарий», 4/106.

Изоҳ қолдиринг