Бу амалнинг кимга атаб қилинганининг ниятидир. Одамлар бу ниятда бир-бирларидан кескин фарқ қиладилар. Иккита инсон ёнма-ён туриб намоз ўқир экан, ажр-савобдаги улар орасидаги масофа машриқ билан мағриб ўртасича, ёки осмон билан ерчалик бўлиши мумкин. Негаки, улардан бири ихлосли, бошқаси эса бундай эмас.
Шунингдек, иккита инсоннинг илм олиш йўлида тавҳид, фиқҳ, тафсир ёки ҳадис ўрганаётганини кўрасиз. Улар бир китобдан, бир устознинг қўлида таҳсил олишади. Ҳолбуки, улардан бири жаннатдан ўта йироқ, иккинчиси эса жаннатга яқин бўлади. Чунки улардан бири келажакда қози бўлиш, қозининг катта маоши ва юқори мартабаси бўлгани учун фиқҳ илмини ўрганса, бошқа бири олим бўлиш, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматига таълим бериш учун фиқҳ илмини ўрганади. Улар иккиси ўртасида катта фарқ бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Кимда ким аслида Аллоҳнинг розилиги истаб ўрганиладиган бир илмни фақат дунёнинг ўткинчи бир матосига эришиш учун таълим олса унга жаннатнинг бўйи ҳам насиб қилмайди”[1]. Демак, Аллоҳ учун ниятни холис қилинг экан.
Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунга ҳижрат қилувчи кимсани мисол қилиб шундай дедилар:
“Кимда ким Аллоҳ ва унинг Расулини мақсад қилиб ҳижрат қилса”:
Ҳижрат сўзининг луғавий маъноси “тарк қилиш, ташлаш” демакдир. Бу сўзнинг шаръий маъноси “куфр диёридан ислом диёрига кўчиб ўтиш” маъносини англатади.
Шу ўринда бир масала бор: ҳижрат қилиш вожибми ёки суннатми?
Жавоб шуки, куфр диёрида динига очиқчасига амал қила олмаган ҳар бир мўмин кишига ҳижрат вожиб. Унинг мусулмонлиги ҳижратсиз тўла бўлмайди. Негаки, вожиб усиз амалга ошмайдиган иш ҳам вожибдир. Мусулмонларнинг Маккадан Ҳабашистонга ва Маккадан Мадинага қилган ҳижратлари бунга мисол бўлади.
“Кимда ким Аллоҳ ва унинг Расулини мақсад қилиб ҳижрат қилса”:
Бунга мисол Макка фатҳ қилинишидан олдин Аллоҳ ва Расулини истаб, яъни Аллоҳнинг савобини ва Унга етишни мақсад қилиб Маккадан Мадинага ҳижрат қилган кишидир. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Агар Аллоҳни, Унинг Пайғамбарини ва охират диёрини истайдиган бўлсангизлар…” [Аҳзоб: 29]. Демак, у Аллоҳни истаб, яъни Аллоҳнинг розилиги, Унинг динига ёрдам беришни истаб ҳижрат қилади. Албатта, бу яхши мақсад. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни истаб, яъни у зотга ҳамроҳ бўлиш, суннатига амал қилиш, суннатни ҳимоя қилиш ва унга одамларни даъват қилиш ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳимоя қилиш ва у зотнинг динига ёрдам бериш мақсадида ҳижрат қилади. Мана бу унинг Аллоҳ ва Расули сари қилган ҳижратидир. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда шундай дейди: “Кимики Менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир газ яқинлашаман”[2]. Агар банда Аллоҳни истаса, албатта Аллоҳ таоло унинг бу истаги эвазига қилган амалидан каттароқ инъом билан уни сийлайди.
Шу ўринда бир масала бор: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин у зот сари ҳижрат қилишимиз имкони борми?
Жавоб шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шахсан ўзларининг ҳузурига ҳижрат қилишнинг имкони йўқ. Негаки, у зот тупроқ остидалар. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шахсини мақсад қилиб Мадинага ҳижрат қилинмайди. Энди, у зотнинг суннати ва шариатларига ҳижрат қилишга келсак, бу динимизда тарғиб қилинган ишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариатларига ёрдам бериш ва уни ҳимоя қилиш мақсадида бирон бир юртга ҳижрат қилиш бунга мисол бўлади. Демак, Аллоҳ сари ҳижрат қилиш ҳар вақт ва ҳолатда мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сари ҳижрат қилиш ҳаётлик даврларида у зотнинг шахсан ўзига ва шариатига мумкин бўлса, вафотларидан кейин эса, фақат шариатини мақсад қилиб ҳижрат қилиш мумкин. Бу маъно Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзида акс этган: “Борди-ю бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, — агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва Пайғамбарига қайтарингиз!” [Нисо: 59]. Ихтилофлашилган ҳукм борасида доимо Аллоҳга, (яъни Қуръони Каримга) мурожаат қилинади. Пайғамбар алайҳиссаломга келсак, ҳаётлик даврларида шахсан ўзларига, вафотларидан сўнг эса у зотнинг суннатига мурожаат қилинади. Кимики бир юртдан бошқа бир юртга ҳадис ўрганиш мақсадида сафар қилса, бу унинг Аллоҳ ва Расули сари қилган ҳижратидир. Кимики бир аёлга унаштирилса-ю, аёл “Агар менинг юртимга келмасанг сенга турмушга чиқмайман”, деб туриб олса ва унга уйланиш мақсадида бир ўлкадан бошқасига ҳижрат қилса, у ҳолда бундай кимса нимани мақсад қилган бўлса шунга ҳижрат қилган бўлади.
“Кимда ким мол-дунёга эришиш… мақсадида ҳижрат қилса”:
Бир инсон фалон юртда яхши тижорат қилиш имкони борлигини эшитиб, кўпроқ фойда қилиш ниятида ўша юртга борса, бу унинг мол-дунёга эришиш сари қилган ҳижратидир. Унга фақат ният қилган нарсасигина насиб қилур. Агар Аллоҳ таоло унга ҳеч нарсага эришмасликни ирода қилса, у ҳолда ҳеч нарсага эришмайди.
[1] Имом Аҳмад (2\338), Ибн Можа (Илм китоби, “Илмдан фойдаланиш ва унга амал қилиш” боби, 252-ҳадис) ва Абу Довуд (Илм китоби, “Аллоҳдан бошқаси учун илм ўрганиш” ҳақидаги боб, 3664-ҳадис) ривоят қилганлар.
[2] Бухорий (“Тавҳид” китоби, “Аллоҳ таолонинг: “Аллоҳ сизларни Ўзидан огоҳлантиради”,– деган сўзи” ҳақидаги боб, 6970-ҳадис) ва Муслим (“Зикр ва дуо” китоби, “Аллоҳ таолонинг зикрига тарғиб қилиш” боби, 2675-ҳадис) ривояти.