Буюк имомларга қаратилган маломатларни бартараф этиш (12)

0

Шунингдек, Абу Довуд Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ким аёлнинг орқасига яқинлик қилса, у Муҳаммадга нозил қилинган нарсага кофирдир»,[1] деган ҳадисни ривоят қилгани ҳолда Мадинанинг бир тоифа фозил кишиларидан нақл бўлган аёлнинг орқасига яқинлик қилиш дурустлиги ҳақидаги сўзга асосланиб, «Фалончи-фалончилар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган динга кофир бўлди», деб айтиш мусулмон кишига ҳалол бўладими?!

Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлганки, у зот хамр (маст қилувчи ичимлик) хусусида уни тайёрловчини, ичувчини ва ҳоказо ўн кишини лаънатлаганлар[2].

Яна, «Маст қиладиган ҳар бир ичимлик хамрдир»,[3] «Ҳар бир маст қилувчи хамрдир», деганлар[4].

Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг минбарларида, муҳожир ва ансорлар орасида туриб қилган хутбаларида: «Ақлни чулғаб олган нарса хамрдир», деганлар[5].

Аллоҳ таоло хамрни ҳаром қилиб оят туширди, оятнинг инишига улар Мадинада истеъмол қиладиган хамр сабаб бўлганди, уларда фақат «фазих» (яъни хурмодан тайёланган хамр) бўлар, узумдан қилингани бўлмас эди[6].

Умматнинг илм ва амалда энг афзал кишиларидан бўлган куфаликлардан бир тоифаси хамр фақат узумдан қилинади, деб эътиқод қилишар, узум ва хурмодан бошқа нарсадан қилинган шаробнинг фақат маст қиладиган миқдоригина ҳаром бўлади дейишар ва ҳалоллигини эътиқод қилиб ичишар эди. Энди ўша зотларнинг ҳаммасига – таъвил қилишган узрлари ёки бошқа монелар борлиги учун – мазкур ваъид тегишли, деб айтиш ҳам, улар ичган шароб – ичувчисига лаънат айтилган хамр эмас эди, деб айтиш ҳам жоиз бўлмайди. Зеро, умумий сўзнинг сабаби унга дахлдор бўлиши зарур. Мадинада узумдан қилинган хамр бўлмаган эди.

Сўнг, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хамр сотувчини лаънатлаганлар. Саҳобалардан бири хамр сотиб, бунинг хабари Умар розияллоҳу анҳуга етганида: «Фалончига Аллоҳнинг лаънати бўлсин, ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Аллоҳ яҳудларни лаънатласин, уларга ҳайвонларнинг ёғлари ҳаром қилинган эди, уни сотиб пулини ейишди»,[7] деганларини билмасмиди?!» деди. У хамрни сотиш ҳаром қилинганини билмаган эди. Умар розияллоҳу анҳу унинг билмаслигини билди, бироқ билиши уни – бундан кейин бу одам ҳам, бошқалар ҳам ушбу ишдан тийилишлари учун – бу гуноҳнинг жазосини баён қилишдан тўсмади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (хамр қилиш учун узумни) сиқувчини ва сиқтирувчини лаънатлаганлар. Кўпгина фуқаҳолар бир киши бошқа бировнинг узумини – гарчи ундан хамр тайёрлаш мақсади борлигини билса ҳам – сиқиб беришини жоиз санаганлар ва моне сабабли узрли бўлган кишидан ҳукм кетади, деганлар.

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир неча саҳиҳ ҳадисларда соч уловчи ва улатувчи аёлни лаънатлаганлар[8]. Баъзи уламолар эса уни фақат макруҳ санайдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кумуш идишда сув ичадиган одам қорнига жаҳаннам ўтини симираётган бўлади», деганлар[9]. Айрим фуқаҳолар эса буни фақат макруҳи танзиҳий деб кўришади.

Шунингдек, мўминларнинг бир-бири билан ноҳақ уруш қилишларини ҳаром санашда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Икки мусулмон бир-бирига қилич кўтарса, ўлдирган ҳам, ўлдирилган ҳам дўзахда»,[10] деган сўзларига амал қилиш вожиб бўлади. Бироқ, Жамал ва Сиффин жанги иштирокчиларини дўзахи деб билмаймиз, чунки уларнинг бу урушлар хусусида узрлари ва ўринли таъвиллари, шунингдек муқтазийни (яъни ҳадис тақозо этган ҳукмни) амал қилишдан тўсадиган ҳасанотлари (солиҳ амаллари) бор.

Саҳиҳ ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Уч киши борки, қиёмат куни Аллоҳ таоло уларга сўзламайди, (раҳмат назари билан) боқмайди, уларни покламайди, улар учун аламли азоб бор. (Биринчиси:) (йўлда) ортиқча суви бўлатуриб, уни йўловчига бермаган киши. Аллоҳ таоло қиёмат куни унга: «Сен қўлларингнинг маҳсули бўлмаган нарсанинг ортиқчасини бермаганинг каби бугун Мен ҳам сендан Ўз фазлимни тўсаман», дейди. (Иккинчиси:) Имомга (халифага) фақат дунёга эришиш мақсадида байъат қилган, берса рози, бермаса норози бўладиган киши. (Учинчиси:) асрдан кейин матосини: «Қасамки, бундан кўра кўпроқ баҳога ҳам сотмаган эдим», деб, ёлғон қасам билан сотган киши»[11]. Бу ҳадисда ортиқча сувини қизғанган киши учун қаттиқ ваъид бўлгани ҳолда уламолардан бир гуруҳи ортиқча сувни улашмасликка ижозат берадилар. Бироқ бу хилоф бизни ҳадисни ҳужжат қилиб, буни ҳаром деган эътиқодда бўлишдан тўсмайди. Шу билан бирга, ҳадис борлиги бизни бу борада таъвил қилган киши узрли ва унга бу ваъид етмайди, деб эътиқод қилишдан ҳам тўсмайди.

 

[1] Абу Довуд (3904), Термизий (135), Ибн Можа (639), Насоий «Ал-кубро»да (9017), Аҳмад (10167) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар, Албоний «Ирвоул-ғалил»да (2006) саҳиҳ санаган.
[2] Термизий (1295), Ибн Можа (3381) ривоят қилганлар. Албоний «Ғоятул-маром»да (60) саҳиҳ санаган.
[3] Бухорий (242), Муслим (2001) ривоят қилганлар.
[4] Бухорий (5575), Муслим (2003) ривоят қилганлар.
[5] Бухорий (4619), Муслим (3032) ривоят қилганлар.
[6] Бухорий (4617, 5580), Муслим (4/1940) ривоят қилганлар.
[7] Бухорий (3460), Муслим (1582) ривоят қилганлар.
[8] Бухорий (5936, 5202, 5937), Муслим (2122, 2123, 2124) ривоят қилганлар.
[9] Бухорий (5634), Муслим (2065) ривоят қилганлар.
[10] Бухорий (31), Муслим (2888) ривоят қилганлар.
[11] Бухорий (2358), Муслим (108) ривоят қилганлар.

Изоҳ қолдиринг