Саҳобий бўлинг: Чўғни чангаллаганлар (2)

0

Бир дўстим қизиқ гап айтиб қолди. Эҳтимол, ўша гап ушбу маърузалар тўпламини жамлашга туртки бўлгандир. У: «Саҳобаларнинг қиссаларини ўқисам ёки эшитсам, доим мени умидсизлик ва тушкунлик ўраб олади», деган эди.

Мен: “Субҳоналлоҳ! Бу ҳол мақсадга тамоман тескари-ку! Ахир биз саҳобалар ва солиҳ кишиларнинг сийратларини амал ҳамда ибодатга ғайрат қилиш, ялқовланиб, бўшашиб қолганимизда яна қайтадан тетиклашиш учун ўқиймиз”, дедим. Сўнг ундан: «Нега ўзингни бундай ҳис қиласан?» деб сўрадим. «Ҳар сафар саҳобалар ҳақида ўқир эканман, – деди у, – уларда биз қилолмайдиган амалларни кўраман. Жиҳодда қатъиятни, иймонда собитликни, рўзаю намозда, эҳсону садақадаларда буюкликни топаман. Яхшилик ишларида эртаю кеч, ёзин-қишин бардавом бўлишган. Уларнинг болалик, йигитлик ва кексалик пайтлари орасида умуман фарқ йўқ. Ҳаракатларининг, мол-дунёларининг, ўй-фикрларининг барчаси Аллоҳ учун бўлган. Қисқаси, бутун ҳаётларини Аллоҳ учун фидо қилишган, десак ҳам бўлади. Саҳобалардаги мана шу хислатларни ўйлаганимда, ўзимнинг нақадар заиф эканимни, уларнинг йўлларидан нақадар йироқлашиб кетганимни кўраман, сўнг мени тушкунлик ва умидсизлик эгаллаб олади».

Шунда мен унга дедим: “Ҳа, гапларингнинг ярмига қўшиламан. Аммо ярмига қўшилмайман. Тўғри, саҳобалар – ноёб авлод. Уларнинг ҳаёти ажойиб кечган, бирор лаҳза бўлсин, фидойиликлари узилиб қолмаган. Шунинг учун ҳам уларнинг қадр-қимматлари жуда баланд ва олийдир. Буни билиш учун Аллоҳ таолонинг муҳожирлар ва ансорлар ҳақида айтган қуйидаги сўзларига назар солиш кифоя: (Ўз қавму қариндошлари ва қабилаларини ташлаб, Ислом диёрига кўчиб ўтган) муҳожирлардан ва (Аллоҳнинг душманларига қарши пайғамбарига ёрдам берган) ансорлардан иборат, (Аллоҳ ва Расулига иймон келтиришда) бошқа одамлардан ўзиб кетган зотлар ҳамда (Аллоҳнинг розилиги умидида эътиқод, сўз ва амалларда) уларга яхшилик билан эргашган кишилар – Аллоҳ таоло улардан рози бўлди. Улар ҳам (Аллоҳ таоло тоатлари ва иймонларига мукофот ўлароқ берган ажру савоблардан) рози бўлдилар. (Аллоҳ таоло) улар учун остидан анҳорлар оқадиган ва улар унда мангу қоладиган жаннатларни ҳозирлаб қўйди. Мана шу энг улкан муваффақиятдир(Тавба, 100). Эътибор бер, Аллоҳ азза ва жалла саҳобаларнинг амалларида яхшилик шартини айтмади, балки, “…ҳамда уларга яхшилик билан эргашган кишилар…” деб уларга эргашганларга яхшиликни шарт қилди ва ортидан “Аллоҳ таоло улардан рози бўлди. Улар ҳам У Зотдан рози бўлдилар…” дея марҳаматини билдирди. Чунки саҳобаларнинг барчаси, шубҳасиз, яхши амал қилишган, бу маълум нарса. Сен уларнинг мартабалари Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло, У Зотнинг пайғамбари ва барча мусулмонлар наздида нақадар юксак ва олий эканига боқ! Сен билан ҳамфикр бўлган жойим мана шу нуқта. Сенинг фикрингга қўшилмайдиган жойим эса, саҳобаларнинг ҳикояларини ўқиган-эшитган пайтда тушкунлик ва умидсизликка тушишингдир. Аслида, тушкунлик ва умидизлик ўрнига улардан афзалроқ нарса бор. У ҳам бўлса, у зотлар қандай ўзиб кетдилару, энди уларга қандай қилиб етиб олиш мумкин, шу ҳақда бош қотиришимиз керак. Ечим эса ақлга боғлиқ”.

Келинг, биргаликда фикр юритиб кўрамиз. Агар, саҳобалар маълум ва равшан йўлдан юрган, дейдиган бўлсак, бу йўл бизга ҳам Аллоҳ азза ва жалланинг китоби ва Расули саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида кўрсатиб қўйилган-ку. Демак, ана шу йўлни яхши ўрганиш ва ундан юриш бизни ҳам саҳобалар етган жойга олиб боради. Бу айтилаётган гап худди мен сизга: «Мана шу йўлдан юринг, ўнгга ҳам, чапга ҳам қайрилманг, шунда Искандария шаҳрига етиб борасиз. Йўл мана шу нуқтадан бошланиб, мана бу нуқтада якунланади ва ким шу йўлдан юрса, Искандарияга етиб боради», деб айтишимга ўхшайди. Шунингдек, саҳобий ҳам бир йўлдан юради, ўнгга ҳам, чапга ҳам қайрилмайди, то шу зайлда кўзлаган манзилига етиб боради. Биз ҳам шу йўлдан юриб, ўнгу сўлга қайрилмасак, саҳобалар етган айни жойга етиб борамиз. Бизнинг муаммомиз эса, ўнгу сўлга кўп чалғишимизда. Гоҳида банда тўғри йўлдан узоқлашиб, ён-атрофдан бошқа айланма йўл қидиришга тушади, гоҳида эса, ўзини шариатдан кўра зийракроқман, деб ўйлаб, тезроқ етиб бориш учун қисқароқ йўл излаб қолади. Аслида эса, тўғри йўл энг қисқа йўл, шариат кўрсатган йўл эса, энг тўғри, ўнггу сўлга оғишмаган йўлдир. Парвардигоримиз айтган ушбу каломига қаранг: Бизларни Тўғри Йўлга йўлла, (етакла ва муваффақ қил) (Фотиҳа, 7). Бу оятни ҳар куни намозларингизда энг камида 17 марта такрорлайсиз, бунинг сабаби эса, таълим ва тарбия олишингиз учундир.

Аллоҳ таоло айтади: (Аллоҳнинг сизларга буюрган ишларидан яна бири –) ушбу (Ислом)гина Аллоҳ таолонинг тўғри йўлидир, бас, сизлар фақат шу йўлдан юринглар. Залолат йўлларига (яъни, сизларнинг наздингиздаги қисқа йўлларга) юрмангларки, сизларни бўлиб ташлайди ва Аллоҳнинг тўғри йўлидан узоқлаштиради. (Аллоҳ сизларни буйруқларини бажариш ва қайтариқларидан) тийилиш билан Унинг азобидан сақланиб қолишингиз учун (Аллоҳ сизларни) ана шу тўғри йўлга йўлланишга буюрди (Анъом, 153). Қуръонда йўл доимо тўғрилик билан сифатланади. Ушбу тўғри йўлдан ажраб чиққан қисқа йўлда юрадиган киши эса ҳеч қачон манзилга етиб боролмайди. Бир озгина қайрилиб, оғиб кетган кишининг ҳам манзилга етиб бориши даргумон.

(Давоми бор.)

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг