Али розияллоҳу анҳу: Али розияллоҳу анҳунинг халифалигига ижмоъ қилингани

0

 

Аҳли сунна вал-жамоа ҳазрат Усмондан сўнг ҳазрат Алининг халифалигига ижмоъ-иттифоқ қилган. Зеро, муҳожир ва ансорлар унинг бошқа барча саҳобалардан афзаллигини билганлари учун унга байъат берганлар. У Исломни биринчилардан бўлиб қабул қилган, илмда энг юксак, насаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга энг яқин киши эди. Саҳобалар ичида энг жасури, Аллоҳ ва расулига энг маҳбуби эди. Фазилати, даражаси ва шарафи энг улуғи эди. Хилқати ва ҳаракатларида Расулуллоҳга энг ўхшаши эди. Шу боис хилофат учун бошқани эмас, айнан уни танладилар. Мадинадаги улуғ саҳобалар бир овоздан унга байъат беришга келишдилар. Бинобарин, ҳақ имом бўлгани учун барча мусулмонларга уни халифа сифатида эътироф этиш, унга байъат бериш ва унга қарши чиқмаслик вожиб бўлди. Кўп олимлар унинг халифалигига ижмоъ борлиги ҳақидаги сўзларни нақл қилган. Қуйида улардан баъзиларини келтирамиз:

1) Муҳаммад ибн Саъд раҳимаҳуллоҳ Мадинадаги саҳобаларнинг Али розияллоҳу анҳуга бир овоздан байъат бергани ҳақида сўзлаб, шундай дейди: “Усмон ўлдирилган куннинг эртаси Мадинада Али ибн Абу Толибга байъат берилди. Унга Талҳа, Зубайр, Саъд ибн Абу Ваққос, Саид ибн Зайд, Амр ибн Нуфайл, Аммор ибн Ёсир, Усома ибн Зайд, Саҳл ибн Ҳунайф, Абу Айюб Ансорий, Муҳаммад ибн Маслама, Зайд ибн Собит, Хузайма ибн Собит ва Мадинада бўлган бошқа саҳобалар байъат бердилар”[1];

2) Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ айтади: Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ санадлари билан Абдураззоқдан, у Муҳаммад ибн Рошиддан, у Авфдан ривоят қилади: “Ҳасан (Басрий)нинг ҳузурида эдим, бир киши Абу Мусо Ашъарийни Алига эргашгани учун айблаб гапиргандек бўлди. Шунда Ҳасан ғазабланиб: “Субҳаналлоҳ, амирул мўъминин Усмон ўлдирилганидан сўнг одамлар ичларидаги энг яхши киши атрофига жам бўлдилар ва унга байъат бердилар. Шундай экан, Абу Мусо унга эргашгани учун маломат қилинадими?!” деди”[2];

3) Абул Ҳасан Ашъарий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Усмон розияллоҳу анҳудан кейин Али розияллоҳу анҳуни халифа деб эътироф этамиз. Унинг халифалиги саҳобалардан “аҳли ҳал вал ақд” (уммат номидан сўзлаш ва қарор бериш лаёқатига эга) бўлган нуфузли кишиларнинг байъат беришлари билан ҳосил бўлди. Ўшанда шўро аҳлидан ундан бошқа ҳеч бири бу ишга талабгор бўлмади. Унинг адолатини ва фазилатини барча эътироф этган. Олдинги халифалар даврида ҳам ўзининг халифаликка лойиқлигини даъво қилмаган эди. Халифаликка сайланганидан сўнг ўзидан олдинги халифалар ва адолатли имомлар каби тўғрилик ва ҳақ устида барқарор турди, Китоб ва Суннат билан ҳукм этди. Мазкур тўрт халифанинг барчаси адолатли ва фазилатли зотлар эканига иттифоқ қилинган”[3];

4) Абу Нуайм Асбаҳоний раҳимаҳуллоҳ айтади: “Саҳобалар ихтилоф қилганларида Исломга даставвал кирган, илк ҳижрат қилган, Исломга буюк хизматлари сингган кишиларга ва динга фидойи бўлганларга мурожаат қилишарди. Дин ва дунё ишларида уммат уларнинг фазилатларига иқрор эди. Улар ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаннат хушхабарини берган ва улардан рози ҳолда дунёдан ўтган ўн кишининг вафот этмаганлари ҳам бор эди. Мазкур жаннат хушхабари берилган кишиларнинг ҳаммаси Али розияллоҳу анҳуни халифа деб эътироф этди. У зот умматнинг энг улуғ ва энг шарафли кишиси эканини инкор этувчи кимса бўлмади. У илм ва фазилатда энг юқори мавқеда эди, жуда кўп ўринларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида бўлган эди, Аллоҳ ва Расулини яхши кўрар эди, Аллоҳ ва Расули ҳам уни яхши кўрар эди, уни мўминлар яхши кўрар, мунофиқлар ёмон кўрар эди”[4];

5) Абу Мансур Бағдодий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳақ ва адолат аҳли бўлган зотлар Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилганидан сўнг Али розияллоҳу анҳунинг ҳақ халифа бўлгани хусусида иттифоқ қилганлар”[5];

6) Зуҳрий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Али розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳу шаҳид этилгунига қадар унга берган аҳдларига вафо қилди ва зиммасидаги вазифаларини сидқидилдан бажарди. Усмоннинг вафотидан сўнг у бошқа саҳобалар ичида энг афзали эди, халифаликка ундан лойиқ киши йўқ эди. Шунда ҳам у бу ишга энг ҳақли бўлатуриб, то саҳобалар байъат бермагунларича халифаликка талабгор бўлмади. Олти кишилик шўро аҳлидан ўша пайтда ҳаёт бўлганлари барча одамлар қаторида унга байъат бердилар”[6];

7) Абдулмалик Жуваний айтади: “Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳумнинг имомликларининг исботи ва шартлари худди Абу Бакр розияллоҳу анҳу имоматининг исботи ва шартлари кабидир. Ҳар бирининг халифалигига тегишли хабарлар мутавотирдир. Алининг имомати хусусида ижмоъ бўлмаган, деб айтадиган кишининг сўзига эътибор қилинмайди. Зеро, унинг имоматини ҳеч ким инкор этмаган, фитналар унинг имомликка ҳақлилиги борасида эмас, бутунлай бошқа сабабдан чиққан”[7].

 

[1] “Табақот” (3/31).
[2] “Минҳожул-қосидийн фий фазлил хулафоир-рошидийн” (77-78-бетлар).
[3] “Ал-ибона ан усулид-диёна” (78-бет). “Мақолотул-исломиййин” (1/346).
[4] “Китобул имома вар-радди алар-рофиза” (360-бет).
[5] “Китобу усулид-дин” (286-бет).
[6] “Ал-эътиқод” (193-бет).
[7] “Китобул иршод” (362-бет).

Изоҳ қолдиринг