Қиёматнинг кичик аломатлари: Фитналар (1)

0
  1. Фитналар

Фитна сўзи балоланиш, имтиҳонланиш, синов маъноларини билдиради.

Бу калима Қуръони каримда балоланиш, имтиҳонланиш маъноларида келган бўлиб, улардан бири Аллоҳ таолонинг ушбу оятидир: “Одамлар: «Иймон келтирдик», деб айтишлари билан Аллоҳ уларни (ҳеч қандай имтиҳон ва синовларсиз) шундай ташлаб қўйишини ўйладиларми? Дарҳақиқат, Биз улардан илгариги халқларга ҳам (пайғамбарлар юбориб,) уларни синовларга дучор қилганмиз” (Анкабут, 2-3).

“Оятдаги «шундай ташлаб қўйилиш»нинг маъноси, яъни «имтиҳонсиз ташлаб қўйилиш» демакдир. «Синовларга дучор қилганмиз» дегани эса, «Улардан аввал яшаб ўтган, пайғамбарларимизни юборган умматларни ҳам имтиҳон қилганмиз. Эй Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам), сизнинг умматингиз душманларига нисбатан айтганлари каби улар ҳам айтган эдилар. Ўтган умматларда ҳам уларга азият берувчиларга имконият берганмиз. Масалан, Мусони Бану Исроилга элчи қилиб юборганимизда, Фиръавн ва унинг аъёнлари билан имтиҳон қилганмиз, Исони Бану Исроилга элчи қилиб юборганимизда, унга эргашган кишиларни ундан юз ўгирганлар билан синаганмиз. Худди шундай, сизнинг издошларингизни ҳам сизга мухолиф бўлган душманларингиз билан имтиҳон қилдик», деганидир”[1].

Журжоний эса фитнани қуйидагича таърифлайди: «Фитна – у сабабли инсонга етадиган яхшилик ва ёмонликларнинг баён бўлишидир»[2].

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида умматлари имтиҳон қилинадиган, устларига ёмғирдек ёғиладиган фитналар ҳақида хабар берганлар. У фитналар синов ва имтиҳон учун бўлиб, улар туфайли инсоннинг яхшилик ва ёмонликка нисбатан ҳолати аён бўлади.

“Фитна”нинг яна луғат аҳли зикр қилган бошқа маънолари ҳам бор: қатл, ихтилоф, азоб, ҳолатлар ва замонлар ўзгариши шулар жумласидан.

Ҳофиз Ибн Ҳажар айтади: “Фитнанинг асл маъноси синов ва имтиҳондир. Шариатда эса ёқтирилмайдиган нарсани зоҳир этиб, имтиҳон қилиш маъносида қўлланилади. Олтинни оловга тутиб, сифатини синаб кўришга араб тилида «фатана» феъли қўлланилиб, «фатантуз-заҳаба» (олтинни тобладим) дейилади. Яна, фазилатли ишдан ғафлатда қолиш маъносида ҳам қўлланилади. Аллоҳ таоло айтади: Сизларнинг мол-дунёларингиз, бола-чақаларингиз (сизлар учун) фитна – синов-имтиҳондир, холос(Тағобун сураси, 15). Ва яна бошқа оятда келганидек, диндан қайтишга мажбурлаш маъносида ҳам ишлатилади: Мўмин ва мўминаларни (Аллоҳнинг динидан буриб юбориш учун) фитнага солган, сўнг тавба қилмаган кимсалар учун (охиратда) жаҳаннам азоби бордир (Буруж сураси, 10). Ва яна залолат, гуноҳ, куфр ва азоб маъноларида ҳам қўлланган бўлиб, мақсад мазмун ва ишораларга кўра тушуниб олинади”[3].

Ҳарж (яъни қатл) ва жанжал-тўполоннинг кўпайиши, фитналар зоҳир бўлиб, ён-атрофга ёйилиши, юртларга бало тушиб, қўрқувнинг орттириши, ҳатто мусулмон киши фитнанинг қаттиқлигидан кечани кофир бўлиб қарши олиб, мўмин бўлиб тонг оттириши, мўмин бўлиб тонг оттириб, кофир бўлиб кечани қаршилаши, фитналар кетма-кет келиши сабабли мўмин банда: «Шу мени ҳалок қилса керак», деб айтиши, сўнг у фитна йўқолиб, ўрнига бошқаси пайдо бўлиши ва то Аллоҳ хоҳлаган муддатгача у киши: «Энди шуниси аниқ мени ҳалок қилади», деб айтишда давом этиши ва шу каби ишлар қиёмат аломаларидан эканига кўплаб саҳиҳ шаръий матнлар далолат қилади. Бир ёмон давр ортидан янада ёмонроғи келиши, вақт ўтган сари фитналар ҳам шиддатлироқ ва мусибатлироқ бўлиши каби ишларга ҳам шаръий матнлар гувоҳлик берган, ҳодиса ва воқеалар далолат қилган. Зубайр ибн Адий айтади: “Анас ибн Молик разияллоҳу анҳунинг ҳузурига келиб, Ҳажжождан кўраётган зулмларимизни айтиб, шикоят қилган эдик, у: «Сабр қилинглар. Чунки сизларга бирор замон келса, албатта, ундан кейингиси янада ёмонроқ бўлади ва то Раббингизга йўлиққунингизгача шундай давом этади. Буни мен Пайғамбарингиздан (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) эшитганман», деди”[4].

(Давоми бор.)

[1]«Тафсирут-Табарий», 25/128.

[2]Шариф Журжоний. «Ат-таърийфот», 212-бет.

[3]«Фатҳул-борий», 11/176.

[4]Бухорий (6657), Термизий (2206) ва Аҳмад (3/132) ривоятлари.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг