Салама ибн Динор (1)

0

Салама ибн Динор Абу Ҳозим Аъраж номи билан ҳам танилган.

Абу Ҳозимдан кўра тили ҳикматга яқин бўлган бирон кишини кўрмадим.

(Абдураҳмон ибн Зайд)

Ҳижратнинг тўқсон еттинчи йилида мусулмонлар халифаси Сулаймон ибн Абдулмалик анбиёлар отаси бўлмиш Иброҳим алайҳиссаломнинг нидоларига “Лаббай” деб, муқаддас ерга сафарга отланди. Унинг карвони катта шавқ билан умавийлар пойтахти Дамашқдан Мадинаи мунаввара сари йўл олди.

“Равзаи мутоҳҳарада” намоз ўқиш, Расулуллоҳ сaллаллоҳу алайҳи ва салламга салом бериш завқи халифанинг қалбини эгаллаб олган эди. Халифанинг карвонида қорилар, муҳаддислар, фуқаҳолар, уламолар, амир ва саркардалар жам бўлган эди.

Карвон етиб келиб, юклар туширилгач, Мадинанинг мансабдор ва ҳурматли кишилари халифага салом бериш ва қутлашга бордилар. Лекин халифани кутиб олишга чиққанлар ичида шаҳарнинг қозиси, мўътабар олими, ишончли имоми Салама ибн Динор йўқ эди. Сулаймон ибн Абдулмалик зиёратга келганлар билан саломлашиб, дийдорлашиб бўлгач, суҳбатдошларидан бирига қараб шундай деди:
– Қалб вақти-вақти билан тозаланиб, доғлари кетказиб турилмаса, худди темир каби занг қоплайди.

Суҳбатдоши:
– Ҳа, шундай, мўминлар амири, тўғри айтасиз.

Халифа:
– Мадинада бизга панд-насиҳат қилиб, қалбимизни поклайдиган, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларини кўрган бирон киши йўқми? – деб сўради.
– Бор, Абу Ҳозим Аъраж айни сиз айтган одам, – дейишди.

Халифа:
– Ким у Абу Ҳозим Аъраж? – деб сўради.
– Салама ибн Динор, Мадинанинг олими ва имоми, бир неча саҳобаи киромларни кўрган тобеинлардан бири, – деб жавоб қайтаришди. Халифа айтди:
– Ундай бўлса, ҳурматини жойига қўйган ҳолда ҳузуримизга таклиф қилинглар.

Аъёнлар халифанинг таклифини Абу Ҳозимга етказганларида, улуғ тобеин қабул қилиб, халифа қўним олган ерга келди. Ўз навбатида, халифа ҳам таклифини қабул қилганига хурсанд бўлиб, Абу Ҳозимни илиқ кутиб олди, ўзига яқин ерга ўтқазди. Сўнг маломатомуз оҳангда:
– Бу не жафо эй Абу Ҳозим? – деди.

Абу Ҳозим:
– Қандай жафо кўрдингиз мендан, эй мўминлар амири?

Халифа:
– Мадина улуғларининг ҳаммаси зиёратимизга келди, фақат сиз келмадингиз.
– Жафо танишлар орасида бўлади, – деди Абу Ҳозим, – сиз эса мени бугунгача танимас эдингиз, мен ҳам сизни илгари кўрмаганман. Шундай экан, қандай жафо содир бўлди мен тарафдан?

Халифа атрофидагиларга қараб:

– Шайх узрини тўғри баён қилди, халифа уни ноўрин маломат қилди, – деди. Сўнг Абу Ҳозимга юзланиб: – Кўнглимда йиғилиб қолган муҳим масалалар бор, шуни сизга баён қилсам.
– Марҳамат, эй мўминлар амири, мадад ёлғиз Аллоҳдандир.
– Эй Абу Ҳозим, нима учун биз ўлимни ёмон кўрамиз?
– Чунки биз бу дунёмизни обод, у дунёмизни эса, хароб қилганмиз… Шунинг учун обод жойдан хароб жойга чиқишни ёмон кўрамиз.
– Рост айтдингиз… Эй Абу Ҳозим, эртага Қиёмат куни биз учун Аллоҳнинг ҳузурида нелар ҳозирланганини жуда билгим келади?
– Амалингизни Аллоҳнинг Китобига солиб кўрсангиз, ҳамма нарса аён бўлади.
–  У ўлчовни Аллоҳ таоло Китобининг  қаеридан топаман?
– Калимаси олий Зотнинг ушбу сўзидан топасиз: “Шак-шубҳасиз, тақводор зотлар жаннат неъматларида бўлгайлар. Шак-шубҳасиз, фожир кимсалар жаҳаннамда бўлгайлар” (Инфитор, 13-14).
– Аллоҳнинг раҳмати қаерда қолди?
–  “Албатта, Аллоҳ таолонинг раҳмати яхши амал қилувчи зотларга яқиндир” (Аъроф, 56).
– Аллоҳнинг ҳузурига қай ҳолда борилади?
– Яхши амал қилувчи одам узоқ муддат айрилиқдан сўнг уйига қайтаётган киши каби келади. Ёмон амал қилувчи эса, хожасидан қочган, кейин ушланиб, хожаси ҳузурига судраб олиб келинаётган қул каби келади.

Халифа йиғлаб юборди, йиғлаганда ҳам ҳўнграб йиғлади. Сўнг:
– Эй Абу Ҳозим, қандай қилсак, солиҳлардан бўламиз? – деб сўради.

Абу Ҳозим жавоб берди:
– Такаббурликни ташлаб, тавозели бўлсангиз, солиҳларга қўшиласиз.
– Мол-дунё ҳақида нима дейсиз ва унда (мол-дунёда) Аллоҳ таолога тақво қилиш йўли қандай?
– Мол-дунёни ҳақ билан оласиз ва уни эгаларига берасиз. Уни баробар тақсимлаб, қўл остингиздагилар орасида адолат қиласиз.
– Айтинг-чи, эй Абу Ҳозим, одамларнинг афзали ким?
– Амали кўп бўлган ва тақво қилган одамлар энг афзалдир.

– Энг адолатли сўз қайси сўз?

– Бир кишидан қўрқиб ёки бирон нарса умид қилиб турган одамнинг ўша кишига қарши айтган ҳақ сўзи энг адолатли сўздир.

– Энг тез ижобат бўладиган дуо қайси?

– Чиройли амал қилувчи кишининг чиройли амал қилувчи кишилар ҳақига қилган дуоси.

– Садақаларнинг афзали-чи?

– Мол-дунёси оз кишининг ўзидан кўра муҳтожроқ бечораҳолга миннат қилмай, озор етказмай берган садақаси.

– Энг ақлли киши ким?

– Аллоҳ таолога итоат қилиш имкониятига эга бўлган ва амал қилган, сўнг бошқаларни ҳам шунга йўллаган киши.

– Энг аҳмоқ киши ким?

– Золим дўстининг нафс-ҳавосига эргашиб кетган, бировнинг дунёси эвазига ўз охиратини сотиб юборган киши.

– Эй Абу Ҳозим, бизга ҳамроҳ бўлиб юрмайсизми, сиз биздан, биз сиздан насибадор бўлардик?!

– Йўқ, эй мўминлар амири, сизга ҳамроҳ бўла олмайман.

– Нима учун?

– Сизларга ён босиб қолишимдан, натижада, Аллоҳ менга бу дунё азобини ҳам, охират азобини ҳам тоттиришидан қўрқаман.

– Эй Абу Ҳозим, бирон ҳожатингиз бўлса, айтинг, – деди халифа суҳбат сўнгида. Абу Ҳозим бирон нарса демай жим турди. Халифа яна қайта сўради: – Абу Ҳозим, бирон ҳожатингиз бўлса, айтинг, сиз учун қандай ёрдам керак бўлса ҳам, ўтаб берамиз.

– Ҳожатим шуки, мени дўзахдан қутқариб, жаннатга олиб кириб қўйсангиз.

– Бу менинг қўлимдан келмайди, эй Абу Ҳозим.

– Менинг бундан бошқа ҳожатим йўқ, эй мўминлар амири.

– Менинг ҳақимга дуо қилинг, эй Абу Ҳозим.

Абу Ҳозир дуо қилди:

– Эй Аллоҳ, агар мана шу Сулаймон банданг Сенга яқин бандаларинг қаторида бўлса, унга икки дунё яхшилигини осон қил. Агар Сенга душманлардан бўлса, уни солиҳлар жумласидан қилиб, Ўзинг яхши кўрган ва рози бўладиган йўлга бошлаб қўй.

Шунда ўтирганлардан бири:

– Яхши гап айтмадингиз, мўминлар амирини Аллоҳнинг душманлари сафига қўшиб, халифамизга озор бердингиз, – деди.

Абу Ҳозим:

– Аксинча, сиз гапирган гап яхши бўлмади, шуни билинки, Аллоҳ таоло: “Одамларга баён қилиб берасиз, ундан бирор нарсани яширмайсиз…” деб, уламолардан ҳақ гапни гапиришга аҳд паймон олган, – деди. Сўнг халифага юзланиб, ушбу гапларни айтди:

– Эй мўминлар амири, биздан аввал ўтганларнинг амирлари уламолар илмига рағбат қилиб уларнинг ҳузурига давомий тарзда қатнаб истифода олганидан яхшилик ва офиятда яшадилар. Кейин ҳиммати паст кишилар пайдо бўлди, улар амирлар ҳузуридаги арзимас дунёни қўлга киритиш учун илм ўргандилар, амирлар эса бундай олимларни назарга илмай қўйдилар. Натижада, бу олимлар хор бўлиб, ожиз қолдилар ва Аллоҳнинг ҳам назаридан тушдилар. Агар уламолар амирлар қўлидаги нарсалардан ўзларини тийганларида, амирлар уларнинг илмига интилар эди. Лекин уламолар амирлардаги нарсаларга интилдилар, амирлар эса улардан ўзларини тортдилар ва уларни қадрламай қўйдилар.

Халифа:

– Гапингиз ҳақ, Абу Ҳозим. Менга яна насиҳат қилинг, сиздан кўра тили ҳикматга яқин бўлган бирон кишини кўрмаган эдим, –деди.

Абу Ҳозим айтди:

– Агар насиҳатга қулоқ тутадиганлардан бўлсангиз, сизга қилган насиҳатим етарлидир. Агар насиҳатни олмайдиганлардан бўлсангиз, ипсиз камондан ўқ отганимдан не фойда?

Халифа яна айтди:

– Илтимос қиламан, менга насиҳат қилинг.

Абу Ҳозим:

– Майли, насиҳат қиламан, лекин қисқа айтаман. Роббингизни улуғланг, Уни покланг, сизни қайтарган ерда кўринишдан ва сизни буюрган ерда кўринмай қолишдан сақланинг, – деди. Сўнг Абу Ҳозим салом бериб чиқиб кетди.

Халифа унинг ортидан:

– Насиҳатгўй олимга Аллоҳ яхши мукофотлар ато этсин, – деб дуо қилиб қолди.

Абу Ҳозим халифанинг олдидан чиқиб, энди уйига етганида, халифадан чопар келиб, динорга лиқ тўла халта ва мўминлар амирининг мактубини узатди. Мактубда “Бу динорларни ишлатинг, сиз учун менда бунданда кўпроғи бордир”,  деб ёзилган эди.

Чопарга динор тўла халтани қайтариб, мактубга жавобан ушбу сўзларни битди: “Эй мўминлар амири, сизнинг мендан сўраган саволларингиз ҳазил-беҳуда бўлишидан ва менинг жавобларим эса ботил-бекор кетишидан Аллоҳдан паноҳ сўрайман. Аллоҳга қасамки, эй мўминлар амири, бундай бўлишини сизга раво кўрмайман, қандай қилиб ўзимга раво кўрай. Эй мўминлар амири, агар бу динорлар сизга айтган сўзларим ва қилган насиҳатларим эвазига бўлса, музтар ҳолатдаги ўлакса ва чўчқа гўшти бундан ҳалолроқдир… Ва агар байтул молдан бериладиган улушим бўлса, бошқа мусулмонларга ҳам баробар шундай улуш ажратдингизми?”

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг