Саҳобий бўлинг: Чўғни чангаллаганлар (3)

0

Ким Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам юрган ҳамда даъват, синов, сабр ва курашни ичига олган тарбия йўлини узундан-узоқ деб билиб, “Йўқ, мен яқин йўлдан бораман. Тўғридан-тўғри «Бадр»га кириб, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдек, вазиятни қилич билан ўзгартираман!” деб ўзича қисқароқ йўлни танлайдиган бўлса, бунинг натижаси кўзлаган манзилига етиб бормаслик бўлади. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам «Бадр»дан аввал жуда ҳам узун йўлни босиб ўтганлар. Зеро, энг қисқа йўл энг тўғри йўлдир.

Бу одамнинг иши одамларни зўрлик, пўписа ва қўрқитиш билан иймонга киритадиган, сўнг: «Энг қисқа ва тез йўл мана шудир», дейдиган одамнинг ишига ўхшайди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари эса барчамизга маълум.  Дарҳақиқат, у зот саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари мулойимлик, юмшоқлик, хушмуомалалик, табассум, меҳр ва муҳаббатдан иборат бўлган. Тўғри, бир қарашда бу узун йўл бўлиб туюлиши мумкин. Аслида эса, қалбларни забт этишнинг энг қисқа йўли шу бўлади. Саҳобалар ҳам мана шу тўғри йўлдан юриб борар, ўнгга ҳам, сўлга ҳам қайрилмас эдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, савол сўраган мана бу кишига бир қаранг! У: “Эй Расулуллоҳ, менга Ислом ҳақида шундай бир сўзни айтингки, уни сиздан кейин бошқа бировдан сўрамай”, деганида, у зот: “Аллоҳга иймон келтирдим, деб айт, кейин истиқоматда — исломга тўла амал қилишда мустаҳкам бўл”, деган эдилар[1].

Дин аслида мана шудир! Истиқомат – тўғри йўлда бўл, ундан ўнгга ҳам, чапга ҳам қайрилма. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳузайфа ибн Ямон разияллоҳу анҳу билан бўлиб ўтган узун ва мароқли суҳбатларида одамлар эътиборини мана шу маънога қаратдилар. Ушбу улуғ саҳобий ўзига ёмонлик етиб қолишидан қўрққани сабабли Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ёмонлик ҳақида сўрар эди. Бу ерда суҳбатни тўла келтириб ўтирмаймиз. Зеро, ким хоҳласа, уни Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ”ларидан ўқиб олиши мумкин. Аммо унинг орасида бизга тааллуқли муҳим нуқта бор: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам умматлари узра яхшилик замони келиши, аммо унда хиралик бўлишини зикр қилганларидан сўнг, Ҳузайфа: «Ўша яхшиликдан кейин ёмонлик ҳам бўладими?» деб сўради. У зот: «Ҳа», деб жавоб бердилар. (Энди Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларига эътиборингизни қаратинг, чунки бу сўзлар айни дамда биз яшаб турган воқеликни баён қилади!) Айтдиларки: “Ҳа, жаҳаннам дарвозаларига чорловчилар (бўлади), ким уларнинг чақириғини қабул қилса, унга улоқтирадилар”, дедилар. Ҳузайфа: «Эй Аллоҳнинг элчиси, бизга уларнинг белгиларини айтиб беринг (жаҳаннам дарозаларига чорловчилар кимлар?)», деди. «Улар бизнинг қавмларимиздан (яъни мусулмонлардан), бизнинг тилларимизда гапиришади», дедилар”[2].

Жаҳаннам дарвозаларига чорловчилар… Улардан баъзилари: «Бир марта тортиб кўр», дейди, кейин кашандага айлантиради! «Бир марта ҳидлаб кўр», дейди, кейин банги қилади! «Бир стакан ичиб кўр» дейди, сўнг алкашга айлантиради. «Даврингни суриб қол, ёшлик қайтиб келмайди. Ўйна, кул, қизлар билан юр», дейди, қарабсизки, зинокор бадбахт кимсага айланиб қолади. «Пора олсанг нима қилибди», дейди, охири учига чиққан порахўр қилади.

Шубҳасиз, бу ўта хатарли жараёндир. Шунинг учун ҳам биз ушбу тўпламда фазилатли амаллар ҳақида баҳс юритмаймиз, балки жаҳаннамдан нажот топиш чорасини қидирамиз, бизни жаннатга элтадиган тўғри йўлни топишга интиламиз. Ундан бўлак ҳар қайси эшик, хоҳ у социализм, капитализм, секуляризм ё булардан бошқа бирортаси бўлсин, барчаси жаҳаннам эшикларидан бошқа нарса эмас. Уларнинг ҳеч бири мақсадга олиб бормайди… Шундай экан, биз ушбу рисолада саҳобалар босиб ўтган тўғри йўл билан, у йўлнинг белгилари билан танишишни хоҳлаймиз. Бизга қисқа йўллар ҳам, айланма йўллар ҳам керак эмас. Мусо алайҳиссалом: «Эй қавмим! Аллоҳ сизларга киришни ваъда қилган муқаддас ерга киринглар…» (Моида, 21) дея хитоб қилган пайтда тўғри йўлни рад этиб, дарбадарлик кўчасига кириб қолган Бану Исроилдек бўлиб қолишни хоҳламаймиз. Ўшанда улар ушбу буйруқни рад қилишди, бўйин товлашди, кибрланишди ва унинг ўрнига ўзгача режалар, турли услублар таклиф этишди. Натижа нима бўлди? Қирқ йил саҳрода дарбадарлик балосига дучор бўлишди! Сўнг охирида муқаддас маконга пайғамбарлари буюрган йўлдангина кириб бордилар. Чунки ҳаққа етказадиган ягона йўл фақат ўша йўл эди. Пайғамбарлар буюрган тўғри йўл фақатгина ўша йўл эди!

Ажабо, саҳобаларнинг ихлос ҳақидаги тушунчалари қандай эди? Илм ва амалга, дунё ва жаннатга, биродарликка, тавбага бўлган муносабатлари қандай эди? Мана шу тушунчаларнинг барчасини ўз ичига олган тўғри йўл қайси йўл экан? «Саҳобий бўлинг» деб номлаган тўпламимизнинг асосий мақсади ҳам айнан шуларни билишдан иборат.

[1]Муслим (38) ва Термизий (2412) ривояти.

[2]Бухорий, 3606.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг