Салама ибн Динор (2)

0

Салама ибн Динорнинг уйи илм талабгорлари ва яхшилик шайдолари учун суви ширин булоқдек бўлиб, бунда оға-инилари билан шогирдлари ўртасида фарқ йўқ эди.

Кунларнинг бирида Салама ибн Динорникига Абдураҳмон ибн Жарир ўғли билан келди, шайх билан саломлашишди, кейин ўтиришиб, икки дунё яхшилигини тилаб дуо қилишди. Одоб пешвоси улуғ тобеин ҳам ота-боланинг саломига уларникидан чиройлироқ алик олиб, илиқ кутиб олди ва ўрталарида қуйидаги суҳбат бўлиб ўтди. Абдураҳмон ибн Жарир сўради:

– Эй Абу Ҳозим, қандай қилиб қалбимизни доимий уйғоқ сақлай оламиз?

Абу Ҳозим айтди:

– Ичингизни ўнгласангиз, катта гунохлар кечирилади. Банда агар гуноҳларни тарк этишга азму қарор қилса, унга яхшилик эшиклари очилади. Асло шуни унутманг, эй Абдураҳмон, мол-дунёнинг озгинаси ҳам бизни охират ишларининг кўпгинасидан чалғитиб қўяди. Сизни Аллоҳ таолога яқинлаштирмайдиган ҳар қандай нарса неъмат эмас, балки у жазо, азоб, офат ва балодир.

Абдураҳмон ибн Жарирнинг ўғли деди:

– Бизнинг кўп шайхларимиз бор, уларнинг қай бирига эргашайлик?

Абу Ҳозим:

– Эҳ, ўғилчам, ёлғиз пайтда Аллоҳдан қўрқадиган ва айб ишларга аралашишдан ўзини сақлайдиган, ёшлигидан ўзини ислоҳ қилган, бу ишни кексалик даврига қолдирмаган инсонларига эргаш. Эй ўғилчам, шуни билгин, қуёш чиққан ҳар кун борки, толиби илмга нафс-ҳавоси билан илми қарама-қарши келиб, икки рақиб курашгани каби, унинг қалбида улар ҳам ўзаро курашадилар. Агар илми нафс-ҳавоси устидан ғолиб келса, ўша кун толиби илм учун фойдали кун бўлади. Ва агар нафс-ҳавоси илмидан ғолиб бўлса, у кун толиби илм учун зиён, ҳасрат куни бўлади.

Абдураҳмон ибн Жарир:

– Эй Абу Ҳозим, бизни шукр қилишга кўп ундайсиз, шукрнинг ҳақиқати нима? – деб сўради.

Абу Ҳозим жавоб қилди:

– Бизнинг ҳар бир аъзоимизда шукрнинг ҳаққи бор.

– Икки кўзнинг ҳаққи нима?

– Яхшиликни кўрганингизда уни ёймоғингиз, ёмонликни кўрганингизда эса яширишингиз икки кўзнинг шукридир.

– Икки қулоқнинг шукри нима?

– Яхшиликни эшитсангиз, уни қалбга жойлаб сақлаб қўйишингиз, ёмонликни эшитсангиз, кўмиб ташлашингиз икки қулоқ шукридир.

– Икки қўлнинг шукри нима?

– Сизга тегишли бўлмаган нарсани олмаслигингиз ва Аллоҳнинг ҳақларидан бўлган ҳақни тўсмаслигингиз икки қўлнинг шукридир. Шуни унутманг, эй Абдураҳмон, ким тил шукрини етарли қилмаса ва тил шукрига дил ҳамда бошқа аъзолар шукрини қўшмаса, бундай одамнинг мисоли либосини киймай, қўлида ушлаб турган кишига ўхшайди, бу эса уни иссиқдан ҳам совуқдан ҳам сақламайди.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг