Аллоҳ суйган бандалар: Ёлғиз Аллоҳга бандалик қилиш (9)

0

Муҳаббат

Аллоҳ таоло айтади: “Одамлардан бир гуруҳи Аллоҳдан ўзгаларни илоҳ, бут-санам ва дўст тутиб, уларни Аллоҳга тенг кўришади ва Аллоҳдан ўзга ҳеч кимга лойиқ бўлмайдиган муҳаббат, таъзим ва итоатни уларга қилишади. Мўминларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббати эса кучлироқдир” (Бақара, 165).

Ибн Касир рaҳимаҳуллоҳ бу оят ҳақида: “Аллоҳ таоло мушрикларнинг дунё ва охиратдаги ҳолатларини зикр қилмоқда. Мушриклар Аллоҳга бошқа бут-санамларни тенг қилиб, Аллоҳга қўшиб уларга ҳам ибодат қилдилар, Аллоҳга бўлгандек муҳаббат билан уларни севдилар. Ҳолбуки, Аллоҳ субҳонаҳу яккаю ягона, шериги, ўхшаши ва тенги бўлмаган Зотдир. “Саҳиҳайн”да ривояти келган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Масъуд рaзияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен Расулуллоҳ сaллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Эй Расулуллоҳ, энг катта гуноҳ қайси?” деб сўрадим. Расулуллоҳ сaллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга ўзгани тенг қилишинг, ҳолбуки, Аллоҳ сени яратгандир”, дедилар”.

Аллоҳ таолонинг: “Мўминларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббати эса кучлироқдир”, сўзидаги мўминлар Аллоҳга бўлган муҳаббатларидан Аллоҳни билишлари, Уни улуғлашлари, тавҳидни рўёбга чиқарганларидан кейин Аллоҳга бирон нарсани шерик қилмасликлари, балки ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилиб, барча ишларида Унгагина суянишлари тушунилади” (Ибн Касир тафсири, 1/202).

Ҳофиз Ҳакамий “Мўминларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббати эса кучлироқдир”, ояти ҳақида бундай деган: “Мўмин бандаларнинг Аллоҳга муҳаббатлари кучли эканининг сабаби, улар Аллоҳга муҳаббатни даъво қилган, лекин Аллоҳдан ўзгаларни илоҳ, бут-санам ва дўст тутиб, уларни Аллоҳни яхши кўргандек севган мушриклар каби эмас, балки муҳаббатда Аллоҳга ҳеч кимни шерик қилмаганларидандир, деб бизларга хабар берди. Банда Парвардигорига бўлган муҳаббатининг белгилари ҳавои нафсига хилоф келса-да, Аллоҳ яхши кўрган нарсаларни устун қўйиш, ҳавои нафси мойил бўлса ҳам, Рабби ёмон кўрган нарсаларни ёмон кўриш, Аллоҳ ва Расули дўст тутганларни дўст деб билиш, душман тутганларни душман деб қараш, Расулига қадам-бақадам эргашиб, йўлини ушлаш. Ушбу белгиларнинг барчаси муҳаббатдаги шартлардир. Бу шартлардан биронтасининг топилмаслиги билан муҳаббат бор деб тасаввур ҳам қилинмайди. Аллоҳ таоло дейди: “Эй Пайғамбар, ўз нафс-ҳавосига худди Аллоҳга итоат қилгандек итоат қилган кимсага қаранг. Сиз уни иймонга қайтариш учун унга ҳимоячи бўласизми?!” (Фурқон, 43).

Аллоҳ билан бирга бошқага ҳам ибодат қилаётган ҳар қандай кимса, аслида, ўз нафс-ҳавосининг қулидир” (Маорижул қабул, 1/313).

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг