Убудият рисоласи (1): Ибодат тушунчаси

0

Ибодат тушунчаси

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтамиз, Пайғамбаримизга Аллоҳнинг салавоти ва саломи бўлсин.

Шайхулислом Ибн Таймия (Аллоҳ таоло у зотни раҳматига олсин, қабрларини нурга тўлдирсин) “Ибодат нима?” деган саволга жавоб ўлароқ бир рисола ёзган. Унда ибодат нима эканини батафсил баён қилиб, мавзуга умумий тарзда боғлиқ бошқа масалаларга ҳам кенг тўхталиб ўтган.

Рисола мавзуси жуда фойдали ва муҳим бўлгани учун уни таржима қилишга киришилди. Мустақил ўқувчи қийналмасин деб энг муҳим ўринлар танлаб олинди. Аслида, бундай китоблар мустақил ўқилинмайди…

Ушбу рисолада Аллоҳга ибодат қилувчиларнинг барчаси бир мартабада эмаслиги, балки Аллоҳга қулчилик қилишда одамлар бир-биридан фарқ қилиши баён этилган. Муаллиф (раҳимаҳуллоҳ) бу мартабаларни китобларининг бир қанча ўринларида батафсил зикр қилганлар, лекин уларни бу рисолада бирма-бир айтиб ўтмаганлар. Рисола мустақил ўқувчига тушунарлироқ бўлиши учун “Муқаддима”да мазкур мартабаларни қисқача баён қилиб ўтамиз.

Муқаддима

Аллоҳ таоло деди:

“Сўнгра Биз бу Китобга бандаларимиздан Ўзимиз танлаган зотларни (яъни Ислом умматини) ворис қилдик. Улардан (Аллоҳга осий бўлиб) ўз жонига жабр қилгувчилар ҳам, ўртача амал қилгувчилар ҳам ва Аллоҳнинг изну иродаси билан мудом яхшиликларга шошилгувчилар ҳам бор. Ана ўша (яъни, Қуръонга ворис бўлиш Аллоҳнинг) катта марҳаматидир. Улар олтин билакузуклар ва марварид-маржонлар билан безанган ҳолларида мангу (турадиган) жаннатларга кирурлар. У жойда уларнинг либослари ҳарир-ипак бўлур. Улар (жаннатга кирган чоқларида) дедилар: «Бизлардан ғам-қайғуни кетказган зот Аллоҳга ҳамду сано бўлсин. Дарҳақиқат, Раббимиз мағфиратли ва ўта шукр қилгувчидир. У Ўз фазлу марҳамати ила бизларни мангу турадиган бир диёрга туширди. Бу жойда бизларга на машаққат ва на чарчоқ етар(Фотир сураси, 31-35-оятлар[1]).

Аллоҳ таоло бу оятда мусулмонларни уч тоифага ажратди:

Биринчи тоифа: Аллоҳга осий[2] бўлиб, ўзларига зулм қилган кимсалар. Улар Аллоҳга иймон келтиради, тавҳидга амал қилади, Исломдан чиқарадиган куфр-ширк амалларни қилмайди, лекин баъзан кичик ширк ва ҳаром ишларни содир этади, баъзи вожибларни тарк этади. Аллоҳга осий бўлган мусулмонлар деганда шулар назарда тутилган.

Бундай мусулмонлар Исломдан чиқарадиган катта ширк, катта куфр амалларни қилмай, дунёдан иймон билан ўтганлари сабаб Аллоҳ таоло хоҳласа гуноҳларига яраша жазолайди, хоҳласа гуноҳларини кечиради.

Иккинчи тоифа: Фарз-вожибларни бажарган, ҳаромлардан тийилган мусулмонлар. Улар енгил ҳисоб-китобдан кейин жаннатга кирадиган ўнг томон эгаларидирлар.

Учинчи тоифа: Бу тоифа мусулмонлар фарз-вожибларга қўшимча суннат ва мустаҳаб амалларни ҳам қиладилар, ҳаром ва шубҳали нарсалардан тийиладилар, эҳтиёжи бўлишига қарамай, Аллоҳга тавуккули етук бўлгани сабаб макруҳлардан ҳам тийиладилар. Аллоҳга муҳаббати қулчилиги, комиллигидан мубоҳ ишларни қилаётганда ҳам охиратдаги савобни кўзлайдилар. Улар ҳисоб-китобсиз, ҳеч қандай азобсиз (қабрда ҳам, маҳшарда ҳам азоб кўрмасдан) жаннатга тўғридан-тўғри кирадиган, Аллоҳ таолога яқин бўлган пешқадам мўминлардир. Воқеа сурасида шундай сифатланган:

“Дунёда солиҳ амалларни қилишда илғор зотлар охиратда жаннат неъматларига эришишда ҳам биринчидирлар! Ана ўшалар ноз-неъмат боғларида (Аллоҳ таолога) яқин қилингувчилардир. Улар олдингилардан кўпчилик, кейингилардан эса озчиликдир”.

Мусулмонларни уч тоифага ажратиб, уларнинг охиратдаги ўринларини кўрсатганидан кейин Аллоҳ таоло кофирларнинг ҳолатини баён қилади:

“Кофирлар учун эса жаҳаннам ўти бордир: на уларга (иккинчи бор ўлиш) ҳукм қилиниб ўла олурлар ва на улардан (жаҳаннам) азоби енгиллатилур. Биз ҳар бир кофирни мана шундай жазолаймиз. Улар у жойда: «Парвардигоро, бизларни (бу азобдан) чиқаргин, бизлар қилиб ўтган амалларимиздан бошқа яхши (амалларни) қилурмиз», деб дод-вой солурлар. Ахир, Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантиргувчи (пайғамбар) ҳам келган эди-ку! Бас, энди азобларингизни тотаверинглар! Энди золим кимсалар учун бирон ёрдамчи бўлмас!”

Бу оятлардан инсонлар охиратда икки тоифа бўлишини биламиз:

  1. Жаҳаннамда абадий қолувчи кофирлар;

  2. Жаннатга кирадиган мусулмонлар.

Бундан олдинги оятдан мусулмонлар уч тоифа бўлишини ўргандик: жаннатга ҳисоб-китобсиз, тўппа-тўғри кирадиган илғорлар; енгил ҳисоб-китобдан кейин жаннатга кирадиган ўнг томон эгалари; Аллоҳга осий бўлиб, ўзига зулм қилган ва охиратдаги ҳолати Аллоҳнинг кечиримига боғлиқ бўлганлар.

   Шайхулислом Ибн Таймия (раҳимаҳуллоҳ) кўп ўринларда “Аллоҳга қулчилиги етук”, “Аллоҳга комил даражада ибодат қилган” деган ибораларни қўллар экан, Аллоҳ таолога яқин бўлган илғор мўминларни мақсад қилади. Баъзи ўринларда ўнг томон эгалари бўлган мўминларни ҳам назарда тутади.

Аллоҳ таоло барчамизга фойдали илм насиб этсин. Бу рисолани ўқиб амал қилишимизга Аллоҳ муваффақ қилсин. Аллоҳ таоло муаллиф (раҳимаҳуллоҳ)нинг даражасини олий қилсин. Расулуллоҳга Аллоҳнинг салавоти ва саломи бўлсин!

Шайхулислом Ибн Таймия (раҳимаҳуллоҳ)дан сўрашди:

“Аллоҳ таоло: «Эй инсонлар, Раббингизга ибодат қилинглар!» деб айтган. Ибодат дегани нима? Ибодат сўзи диннинг ҳаммасини қамраб оладими? Аллоҳга ҳақиқий қулчилик қилиш, Аллоҳнинг ҳақиқий бандаси бўлишнинг маъноси нима? Ушбу мақом дунё ва охиратдаги энг юқори мартабами ёки бундан ҳам олий мақом борми? Бизга мана шу масалаларни кенгроқ тушинтириб берсангиз”.

(давоми бор)

[1] Бу ерда ва бундан кейин ояти карималар таржимаси берилганда уларни оят деб эмас, оят маъносининг таржимаси деб тушунилсин.

[2] Оятда зикр қилинган “Ўзларига зулм қилган кимсалар” ким экани ҳақида тафсир китобларда кенг баён қилинган. Табарий (раҳимаҳуллоҳ) ва бошқа бир қанча муфассирлар “Ўзларига зулм қилган кимсалар” Аллоҳга осий бўлган мусулмонлар деб тафсир қилишган.

Изоҳ қолдиринг