Тавҳид ақидаси: Руқялар  ва туморлар

0

1) Руқялар

Руқя деб иситма, оғриқ каби бирон офатга йўлиққан одамга ўқиб дам солинадиган дуоларга айтилади. Уни «азойим» деб ҳам айтилади. У икки хил бўлади:

Биринчи: Қуръон оятларини ўқиш ёки Аллоҳнинг исм ва сифатлари билан паноҳ сўраш каби ширк аралашмаган руқялар. Руқянинг бу тури жоиздир. Чунки Набий (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) руқя қилганлар, руқя қилишга буюрганлар ва ижозат берганлар.

Авф ибн Молик (разияллоҳу анҳу) айтади: «Биз жоҳилиятда руқя қилар эдик. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бу ҳақда сўраган эдик: «Ўқийдиган руқяларингизни менга кўрсатинглар. Модомики, ширк бўлмаса, руқяларнинг зарари йўқ», дедилар.[1]

Имом Суютий айтади: “Уламолар руқя учта шарт жамланганда жоиз бўлишига иттифоқ қилганлар: Аллоҳнинг каломи ёки Аллоҳнинг исм ва сифатлари билан бўлиши; араб тилида ва маъноси тушунарли бўлиши; руқянинг ўзи ҳеч қандай таъсир қилмайди, у фақат Аллоҳнинг тақдири билан таъсир қилади, деб эътиқод қилиш”.[2]

Руқя қилиш тартиби:

Касалга ўқиб дам солинади ёки сувга дам солиб, уни беморга ичирилади. Собит ибн Қайс ривоят қилган ҳадисда айтилишича, «Набий (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Батҳондан тупроқ олиб, уни бир косага солдилар, сўнг унга сув билан дам уриб, унинг устидан қуйдилар».[3]

Иккинчи: Ширк аралашган, яъни дуо, мадад сўраш, паноҳ тилаш билан Аллоҳдан бошқасидан ёрдам сўраладиган руқялар. Жинлар, малоикалар, анбиёлар ва солиҳларнинг исмлари билан руқя қилиш каби.

Бу – Аллоҳдан бошқага дуо қилиш бўлиб, катта ширк ҳисобланади. Араб тилида бўлмаган ва маъноси тушунарсиз сўзлар билан руқя қилинганда билмаган ҳолда ширк ва куфр аралашиб қолиш хавфи бўлади. Руқянинг бу тури ман қилинган.

2) Туморлар:

Тумор – болаларнинг, баъзан катта ёшли эркак ва аёлларнинг бўйнига тақиладиган нарса бўлиб, у икки турли бўлади.

Туморнинг биринчи тури:

Туморга Қуръон оятлари ёки Аллоҳнинг исм ва сифатлари битилган бўлади ва шифо талабида тақиб олинади. Уламолар бу хил туморлар тақишнинг ҳукми тўғрисида икки хил фикрга бўлинганлар:

Биринчи фикр: бундай туморлар тақиш жоиз. Бу Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (разияллоҳу анҳумо)нинг сўзидир. Ойша (разияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинган сўзнинг зоҳири ҳам шу. Абу Жаъфар ал-Боқир ва Аҳмад ибн Ҳанбал ҳам бир ривоятда шу фикрда бўлганлар ва тумор тақишдан ман қилувчи ҳадисларни ширк аралашган туморларга хос, деб таъвил қилганлар.

Иккинчи фикр: бундай туморларни тақиш жоиз эмас. Бу Ибн Масъуд, Ибн Аббос, Ҳузайфа, Уқба ибн Омир ва Ибн Укайм (разияллоҳу анҳум)нинг фикридир. Тобеинлардан бир жамоаси, жумладан, Ибн Масъуднинг асҳоблари, шунингдек, кўпчилик асҳоблари ихтиёр қилган бир ривоятга кўра, имом Аҳмад ҳам шу фикрда бўлганлар. Улар бу фикрга Ибн Масъуд (разияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилган: «Руқялар, туморлар ва иситма-совутма қилиш ширкдир»[4] ҳадисини ҳужжат қиладилар.

Бу фикр уч жиҳатдан тўғридир:

  • ҳадисдаги қайтариқ умумий бўлиб, умумдан бирон нарса хосланмаган;

  • бу фикр ширкка элтувчи воситалар тўсилишига олиб боради, чунки бундай туморларни тақиш жоиз дейиш ножоиз туморларни тақишга олиб бориши мумкин;

  • Қуръон оятлари ёзилган тумор таққан одам у билан иложсиз ҳожатхонага ҳам киради ва бу Қуръоннинг хорланишига сабаб бўлади.

Туморнинг иккинчи тури:

Мунчоқ, суяк, чиғаноқ, ип, оёқ кийими, ҳар хил михлар, жин ва шайтонларнинг исмлари, тилсимлар каби Қуръон оятларидан бошқа тақиб олинадиган нарсалар бўлиб, булар қатъан ҳаром ва ширкдир. Чунки бу Аллоҳ таолодан, У зотнинг исмлари, сифатлари ва оятларидан бошқа нарсаларга боғланишдир. Ҳадисда «Ким бирон нарсага боғланса, ўша нарсага топшириб қўйилади»[5], дейилган. Яъни, Аллоҳ таоло бундай кимсани ўзи боғланган нарсага топшириб қўяди. Ким Аллоҳга боғланса, Унга илтижо қилса, ишини Унга топширса, Аллоҳ унга кифоя қилади, узоғини яқин, оғирини енгил қилади. Ким Ундан бошқага – махлуқотларга, туморларга, дори-дармонларга, қабрларга суянса, Аллоҳ уни мана шу – ундан бирон нарсани беҳожат қилолмайдиган, унга фойда ҳам, зарар ҳам етказа олмайдиган нарсаларга топшириб қўяди. Натижада ақидасини бой беради, Парвардигори билан бўлган алоқаси узилади ва У зотнинг ёрдамисиз қолади.

Мусулмон киши ақидасини зарарлантирадиган ва бузадиган нарсалардан муҳофаза қилиши, ножоиз даволарни қабул қилмаслиги, дарддан халос бўлиш мақсадида турли сафсатабоз ва алдоқчи кимсалар ҳузурига бормаслиги лозим. Чунки улар унинг қалбини ва ақидасини касаллантирадилар. Ким Аллоҳга таваккул қилса, Аллоҳ унга кифоя қилади.

Баъзи одамлар бирон ҳиссий касаллиги бўлмаса-да, хаёлий касалликдан – кўз тегиши ёки ҳасаддан хавотирланиб тумор тақади ёки машинасига, от-уловига, уйи ё дўконининг эшигига тумор осиб қўяди. Бу ишлар ҳаммаси ақида ночорлигидан, Аллоҳга бўлган таваккулнинг заифлигидандир. Ақида заифлашиши ҳақиқий касалликдир, уни тавҳид ва соғлом ақидани ўрганиш орқали даволаш зарур бўлади.

 

[1] Муслим ривояти.
[2] «Фатҳул мажид», 135-бет.
[3] Абу Довуд ривояти.
[4] Абу Довуд, Ибн Можа, Аҳмад ривояти.
[5] Аҳмад, Термизий ривояти.

Изоҳ қолдиринг