Савол: Устоз, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) темир узук таққан кишига «Бу узук дўзах аҳлининг зийнати» деган бўлсалар, бошқа бир ҳадисда эса уйланмоқчи бўлган саҳобага «Темир узук бўлса ҳам топ», деган эканлар. Эркаклар темир узук тақиши жоизми?
Жавоб:
Абдуллоҳ ибн Бурайда отасидан (разияллоҳу анҳумо) ривоят қилишича, бир киши Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келганида қўлида тилла узуги бор эди. Буни кўрган у зот: «Сендан санамнинг ҳиди келяптими?!», дедилар. Шунда ҳалиги киши узукни ечиб ташлади. Сўнг у Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдларига темир узук тақиб келди. Бу гал у зот: «Сенда дўзах аҳлининг зийнатини кўряпманми?!» дедилар. У узукни ташлаб: «Ё Расулуллоҳ, қандай узук тақай?», деди. «Кумуш узук тақ, (оғирлиги) бир мисқолга етмасин», дедилар (Абу Довуд, Термизий, Насоий ривояти). Ушбу ҳадис темир узук тақиш ҳаром ёки макруҳлигига далолат қилади, лекин ҳадис санади тўғрисида уламолар ўртасида ихтилоф бор. Баъзилар уни заиф дейишган бўлса, баъзилар саҳиҳ ёки ҳасан дейишган. Ҳадисни заиф деганлар эркаклар темир узук тақиши жоиз, дейишган ва бу фикрни қўллаб-қувватлаш учун Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг уйланмоқчи бўлган саҳобага: «Бор, гарчи бир темир узук бўлса-да, топиб кел» (Бухорий (5149) ва Муслим (1425) ривояти), деган сўзларини далил қилишган. Уларнинг айтишича, темир узук тақиш жоиз бўлмаганда Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) ундан темир узук келтиришни талаб қилмаган бўлардилар. Аммо эркакларнинг темир узук тақиши жоизлигига мазкур ҳадисда очиқ далил йўқ. Чунки кишининг темир узукка эга бўлишидан уни тақиш жоизлиги келиб чиқмайди. Қолаверса, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) ундан ўзи тақиши учун эмас, балки аёлга маҳр сифатида бериши учун темир узук келтиришни талаб қилганлар. Бироқ бу фикр эгалари эркаклар темир узук тақиши жоизлиги учун ҳаром қилувчи далилнинг йўқлигини, аслида бирон мўътабар далилсиз бу ишни ҳаром ёки макруҳ дейиш жоиз эмаслигини далил қилишлари ҳам мумкин.
Юқоридаги Абдуллоҳ ибн Бурайда (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисни саҳиҳ ёки ҳасан деган уламолар эркакларнинг темир узук тақишини ҳаром ёки макруҳ деганлар.
Бу борада мазҳаблар фикри қуйидагича:
ҳанафий мазҳаби: темир узук тақиш эркакларга ҳам, аёлларга ҳам ҳаромдир;
моликий ва ҳанбалий мазҳаби: темир узук тақиш эркакларга ҳам, аёлларга ҳам макруҳдир;
шофеий мазҳаби: темир узук тақиш эркакларга ҳам, аёлларга ҳам ҳалол ва жоиздир.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бу масала ихтилофий масала саналиб, динда эҳтиёт йўлни тутиш ва имкон қадар ихтилоф доирасидан чиқиш учун эркаклар темир узук тақмаганлари афзалдир, валлоҳу аълам.