Салама ибн Динор (3)

0

Бир йили Салама ибн Динор Рум шаҳарларига йўл олган мусулмон лашкар билан мужоҳидларга қўшилиб, Аллоҳ йўлида жанг қилиш учун йўлга чиқди. Лашкар кўзланган манзилга етишга оз қолганда, душманга қарши жангга киришдан олдин куч тўплаб, бир оз дам олиш учун тўхтади. Лашкар ичида умавий амирлардан бири бор эди. Ана шу амир Абу Ҳозимга:

– Келиб, бизларга бир дарс бериб кетсин, –  деб одам юборди. Абу Ҳозим амирга жавобан хат жўнатди. Хатда ушбулар битилган эди: “Эй амир, мен шундай аҳли илмларни кўрдим, улар дунё аҳлига динни кўтариб бормас эдилар. Дунё аҳлига динни кўтариб борган аҳли илмларнинг биринчиси мен бўлишимни истамасангиз керак, деб ўйлайман. Ҳожатингиз бўлса, олдимизга ўзингиз келинг. Сизга ҳам, атрофингиздагиларга ҳам Аллоҳнинг саломи  бўлсин”.

Хатни ўқиган амир Абу Ҳозимнинг ҳузурига етиб борди, кўришиб саломлашгач:

– Эй Абу Ҳозим, бизга йўллаган мактубингизни ўқиганимиздан сўнг, наздимизда мартабангиз янада зиёда бўлиб, қадрингиз ошди. Аллоҳ сизни яхши мукофотлар билан сийласин, бизга панд-насиҳат қилсангиз.

Абу Ҳозим насиҳат қила бошлади, қуйидаги сатрлар у айтган сўзларнинг бир қисмидир:

– Қиёматда қайси амал сиз билан бўлишини яхши кўрсангиз, бу дунёда шу амални қилишга ҳарис бўлинг. Охиратда сиз билан қайси амал бўлишини истамасангиз, бу дунёда шу амалдан узоқ бўлинг. Шуни билингки, эй амир, агар сизда ботилнинг бозори чаққон бўлса, бемаънилар, мунофиқлар атрофингизга йиғилиб оладилар. Ва агар сизда ҳақнинг бозори чаққон бўлса, атрофингизга яхши одамлар йиғилиб, ҳақ устида сизга ёрдамчи бўладилар. Ўзингизга ёққанини танлаб олаверинг…

***

Абу Ҳозимнинг дарди оғирлашганида, атрофидагилар:

– Ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз? –  деб сўрашди.

– Дунёда қилиб қўйган ёмонликларимдан нажот топа олсам, дунёда йўқотган нарсаларим менга зарар бўлмас, –  деди. Кейин ушбу ояти каримани такрор-такрор ўқиб жон таслим қилди: “Албатта, Раҳмон таоло Унга иймон келтирган, Унинг пайғамбарларига эргашган ва Унинг шариатига мувофиқ солиҳ амаллар қилган кишилар учун бандаларининг қалбига меҳр-муҳаббат солиб қўйгай”.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг