Саҳобий бўлинг: Чўғни чангаллаганлар (5)

0

Саҳобаларга эргашиш мумкинлигидан тушкунлик ва ноумидликка тушишнинг сабаблари

(Давоми)

Шунингдек, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлдирилганлари ҳақида миш-миш тарқалди. Саҳобалар тушкунликка тушиб қолдилар, жангни ҳам тўхтатиб, ерга ўтириб олишди. Шунда улуғ саҳобий Собит ибн Даҳдоҳ разияллоҳу анҳу уларнинг олдидан ўтиб борар экан: «Агар Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлдирилган бўлсалар ҳам, Аллоҳ тирикдир, ўлмасдир! Бас, туринглар, динингиз учун урушинглар! Албатта, Аллоҳ сизларни ғолиб қилади ва нусратини беради», деди. Сўнг ўзи жангга шўнғиб, шаҳид бўлди. Бундан биламизки, Собит ибн Даҳдоҳ разияллоҳу анҳу ҳақиқий мўмин, ўзи яшаб турган воқеликнинг барча шароитлари ва мураккаб вазиятларини тўғри баҳолай оладиган некбин, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг борликларида ҳам, йўқликларида ҳам бирдек турадиган, вазиятга тез киришиб, бор кучи ва ғайрати билан амал қиладиган одам эди. Аслида, иложсиз ишнинг ўзи йўқ. Мусулмоннинг ҳаётида «агар» деган сўзнинг маъноси йўқ. Биттаси: «Қасамки, агар мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида бўлганимда, шундай шундай ишларни қилган бўлардим. Лекин пешонамга бу битилмаган экан, мен саҳобий бўлмадим. Шунинг учун ҳам саҳобалардек амал қилолмайман», деб айтяпти.

Бу нотўғри гап. «Саҳиҳи Муслим»да Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинганидек: «Лав (агар) дейиш шайтон амалига йўл очади»[1]. Кейин, мабодо, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг замонида бўлганингизда, у зотга эргашган бўлишингизни қаердан билдингиз? Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан замондош бўлган минглаб мушриклар бор эди. Шунга қарамай, у кишига қарши урушдилар. Яна, Мадинада яшайдиган, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг орқаларида туриб намоз ўқийдиган минглаб мунофиқлар бор эди. Лекин у зотга иймон келтиришмади.

Қолаверса, ота-боболарингиз динини тарк этоласизми, йўқми, қаердан биласиз? Бошқа қабиладан чиққан пайғамбарга эргашишга жоҳилият номуси йўл берадими ҳали, бутун ер аҳлининг душманлик қилишига, азобланиш, оч қолиш ва ҳижрат қилиш машаққатига чидай оласизми-йўқми, қаердан биласиз? Аллоҳ азза ва жалланинг ихтиёр қилган нарсаси сиз учун яхшироқ эканини унутманг. Шунинг учун саҳобалардек амал қила олмаслигига Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга замондош эмаслигини баҳона қилиш мусулмон кишига асло ярашмайди. Балки, унинг ҳолати ва тушунчаси Собит ибн Даҳдоҳ разияллоҳу анҳуники каби бўлиши керак. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этган кундаги Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг тутуми эса, бундан-да буюкроқ бўлган эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларида ер юзида бирор киши Абу Бакр Сиддиқчалик маҳзун бўлмаган бўлса керак. Чунки у зот Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга энг яқин, энг муҳаббатли киши эди. Аммо шунчалар чуқур изтиробга тушиб ҳам, у кишининг қалб кўзи хира тортмади, фаҳми ўтмаслашиб қолмади. Одамларга қарата шундай хитоб қилди: «Ким Муҳаммадга ибодат қилган бўлса, дарҳақиқат, Муҳаммад вафот этди. Ким Аллоҳга ибодат қилган бўлса, албатта, Аллоҳ тирик ва асло ўлмасдир». Пайғамбарликнинг ҳам, пайғамбарнинг ҳам ҳақиқати айнан мана шудир. Аллоҳ азза ва жалла учун бандалик қилишнинг ҳақиқати мана шудир. Биз пайғамбарларга ибодат қилмаймизки, амалларимизни уларга боғласак. Балки биз Аллоҳ азза ва жаллага ибодат қиламиз ва амалларимизни ҳам У Зот субҳонаҳу ва таолога боғлаймиз. У ҳеч қачон ўлмайдиган Тирик, ҳеч қачон йўқ бўлиб кетмайдиган Боқий Зотдир. Шундай экан, одамлар нима учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтиб кетганларидан кейин амалдан бўшашадилар? «Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзидан илгариги пайғамбарлар каби (Раббининг рисолатини етказувчи) бир пайғамбар, холос. Агар у (ажали етиб) вафот қилса ёки (душманлар овоза қилганидек) ўлдирилса, сизлар динингиздан қайтиб кетасизми (ва пайғамбарингиз олиб келган йўлни тарк қиласизми?! Сизлардан) кимда-ким (динидан) қайтса, у Аллоҳга ҳеч қандай зарар етказолмайди, (балки фақат ўзигагина катта зарар етказади.) Энди, ким (иймонда собит турса ва Парвардигорига Ислом неъматининг) шукрини адо этса, албатта, Аллоҳ ундай зотларни (гўзал мукофотлар билан) мукофотлайди» (Оли Имрон, 144). Биз Мусо алайҳиссаломнинг асҳоблари каби бўлишни хоҳламаймиз. Ўшанда у киши Раббидан саҳифаларни қабул қилиб олиш учун кетганда улар пайғамбарларининг фироқига тоқат қилолмай, бузоққа сиғиниб кетишган эди. Ҳа, биз бузоққа ибодат қилмадик, қилмаймиз ҳам, иншооллоҳ. Лекин орамизда ҳавойи нафсига ибодат қиладиган, шаҳватларига сиғинадиган, истакларига бўйсунадиганлар бор. Аллоҳ таолонинг: «Ҳавойи нафсини ўзига илоҳ қилиб олган кимсани кўрмайсизми?..» (Фурқон, 43) деган сўзига эътибор қаратинг. Унинг ҳавойи нафси бир ишни хоҳлайди, Аллоҳ азза ва жалла эса уни бошқа нарсага буюради, шунда у Аллоҳнинг амрини тарк қилиб, ўзининг ҳавосига эргашади. Бундай кимса Аллоҳга ҳақиқий бандалик қилаётган бўлмайди. Чунки бандалик эргашишдир, шунчаки ҳавога учириб юбориладиган сўзлар эмас. Аллоҳ таоло дейди: Айтинг (эй Пайғамбар): “Агар Аллоҳни чиндан яхши кўрсанглар, менга эргашинглар (ва зоҳиру ботинда менга иймон келтиринглар), шунда Аллоҳ сизларни яхши кўради ва гуноҳларингизни кечиради. Шубҳасиз, У (мўмин бандаларининг гуноҳларини) кечирувчи ва (уларга) раҳмли Зотдир (Оли Имрон, 31). Яъни бандалик дегани шунчаки тилда даъвогар бўлиш эмас. Қолаверса, дин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлик даврларида комил бўлган. Аллоҳ таоло айтади: Бугун Мен (сизларга нусрат бериш ва шариатни тўла қилиш билан) динингиз (Ислом)ни сизлар учун комил қилдим. (Сизларни жоҳилият зулматларидан иймон нурига чиқариш билан) сизларга неъматимни тўла-тўкис қилдим ва сизлар учун Исломни дин ўлароқ ихтиёр этдим… (Моида, 3). Бу диннинг кам-кўсти йўқ, олиб ташланадиган ортиқчаси ҳам йўқ. Саҳобалардан талаб қилинган аҳкомлар, ибодатлар ва вазифаларнинг айни ўзи биздан-да талаб қилинган. Намоз ўша намоз, рўза ўша рўза, закот ўша закот, жиҳод ўша жиҳод, муомалалар ўша муомала, ахлоқлар ўша ахлоқ, хуллас, дин ҳам ўша-ўша. Бирор нима ўзгармаган, алмашмаган, кўпаймаган, камаймаган. Аллоҳ азза ва жалла заррача зулм қилмаслиги маълум. Агар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин бизнинг Ислом шариатларини ҳаётимизга татбиқ этишимиз имконсиз бўлишини билганида, У Зот бизга бу шариатни енгилроқ қилиб берар эди. Ахир, У адолатли, зулм қилмайдиган Зот. Яъни саҳобалар беш маҳал намоз ўқишган бўлса, биз уч маҳал ўқишимиз, саҳобалар Аллоҳнинг йўлига даъват қилишган бўлса, биздан бу вазифа кўтарилиши, саҳобалар умматнинг ҳимояси учун Аллоҳ йўлида жиҳод қилиб, ер юзига Аллоҳнинг каломини ёйиб, фатҳ билан юртларга Исломни олиб кириб, одамларни Аллоҳга бўйсунишга чақиришган бўлса, биз заифлигимиз сабабли бундай ишларни қилмаслигимиз керак эди. Қаердадир мана шу гаплар айтилганми? Йўқ, айтилмайди ҳам. Чунки Аллоҳ азза ва жалла ҳикматли, қудратли, бандаларининг ҳолатларини, ишларини ва тоқатларини жуда яхши биладиган Зот. У саҳобаларга фарз қилган ўша динни, ўша шариатни ва ўша вазифаларни бизларга ҳам фарз қилди. Демак, Аллоҳ азза ва жалла бизга кучимиз етмаган ишни юкламас экан, айни татбиқни биз ҳам қўллай оламиз.

(Давоми бор.)

[1]Муслим, 2664.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг