Жума боби (5): Жума асносида ёнидаги шеригига “Жим” дейиш ҳақида

0

Бир юз ўттиз тўртинчи ҳадис

عَنْ أبي هُرَيرة رضيَ الله عَنْهُ أنَّ النَّبي صلى الله عليه وسلم قَالَ: “إِذَا قُلْتَ لِصَاحِبِكَ أنصِتْ يَومَ الجُمُعَةِ وَالإمَامُ يَخطبُ فقدْ لَغَوتَ”.

“Абу Ҳурайрадан (разияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Набий (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Жума куни имом хутба қилиб турган пайтда ёнингдаги одамга: “Жим қулоқ сол!” десанг, дарҳақиқат, беҳуда гап айтибсан” (Бухорий, 934 ва Муслим, 851).

Шарҳ

Назр ибн Шумайл ҳадисдаги “… беҳуда гап айтибсан” деган сўзни ажр-савобдан қуруқ қолибсан, дея изоҳлаган.

Жума кунги икки хутба жума намозининг катта шиорларидан (маросимларидан) биридир. Хутбага жим туриб қулоқ солиш намозга келган одамнинг одоби ҳисобланади. Зеро, бу иш хутбада айтилажак маърузани яхши англаб етишга ва имом дуосига чалғимай омин деб туришга ёрдам беради. Шу боис Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) хутба асносида оз бўлса-да, гапиришдан огоҳлантирдилар.

Имом хутба қилаётганда ёнида сўзлаётган бирон кишига: “Жим”, деган одам ҳам беҳуда иш қилган бўлади. Чунки у ҳам хутбани эштишга халақит берадиган ишга қўл урди.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар

  1. Жума куни имом хутбасига жим қулоқ солиш вожиб. Ибн Абдулбар уламолар шунга ижмо қилишганини нақл қилган.

  2. Хутбани тинглаб турган пайтда гапириш ҳаром бўлиб, шу ўринда номуносиб амал саналади.

  3. Хутба асносида имомга гапириш ёки имомнинг бирор кишига мурожаат этиши мазкур огоҳлантиришдан мустасно. Бунинг далили масжидга кириб намоз ўқимаган киши ҳақидаги ҳадисда ўтди. Шунингдек, Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) хутба қилиб турганларида келиб, қаҳатчиликдан шикоят қилган аъробий ҳақидаги ҳадис далил бўлади.

  4. Баъзи олимлар имом овози эшитилмайдиган жойда ўтирган одам ҳадисдаги қайтариқдан истисно қилинишини айтишган. Уларнинг фикрича, бу ҳолатда жумага келган намозхон жим ўтириши дуруст эмас, балки Қуръон ўқиб, зикр айтиб ўтириши мақсадга мувофиқ. Жуда ўринли фикр. Карлиги туфайли хутбани эшитмайдиган одам Қуръон ўқимоқчи ё зикр қилмоқчи бўлса, атрофидаги одамларни чалғитмайдиган қилиб, ичида ўқиши керак.

 

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг