Али розияллоҳу анҳу: насл-насаби ва туғилиши

0

Али ибн Абу Толиб: исми ва насаби

Али розияллоҳу анҳунинг тўлиқ исми Али ибн Абу Толиб (Абдуманоф) ибн Абдулмутталиб  (Абдулмутталибнинг Шайбатул-ҳамд деган исми ҳам бор)  ибн Ҳошим ибн Абдуманоф ибн Қусай ибн Килоб ибн Мурра ибн Каъб ибн Луай ибн Ғолиб ибн Фиҳр ибн Молик ибн Назр ибн Кинона ибн Хузайма ибн Мудрика ибн Илёс ибн Музар ибн Наззор ибн Маъд ибн Аднон. Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга амакивачча бўлади ва насаби биринчи бобоси Абдулмутталиб ибн Ҳошимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг насаблари билан туташади. Отаси Абу Толиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дадалари Абдуллоҳнинг туғишган акасидир. Али розияллоҳу анҳу туғилганида Абу Толиб йўқ эди. Онаси бобоси Асад ибн Ҳошимнинг хотирасига атаб унга Асад (Шер) деб исм қўйди. Шунинг учун Али розияллоҳу анҳу Хайбар жангида қуйидаги шеърни хиргойи қилар эди:

Менга онам Ҳайдар[1] дея ном қўймиш,

Дахшат ўрмон шери каби бўлсин деб.

Бироқ Абу Толиб қайтиб келганида унга бу исм ёқмади ва ўғлига Али деб исм қўйди.

Куняси

Али розияллоҳу анҳу ўғли Ҳасанга нисбат берилиб Абулҳасан деб куняланар эди. Ҳасан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Фотима билан Алининг ўғли. Али розияллоҳу анҳунинг Абу Туроб (тупроққа беланиб ётган) деган куняси ҳам бор. Бу куняни унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўйган эдилар. Шунинг учун Али розияллоҳу анҳу бу куня билан чақирилса хурсанд бўлар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга бу куняни қўйишлари қуйидагича бўлган эди: бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қизлари Фотиманикига бордилар. Али розияллоҳу анҳу уйида йўқ эди. Шунда қизларидан сўрадилар:

  • Амакиваччанг қаерда?

  • Ўртамизда озгина келишмовчилик бўлган эди, менга жаҳл қилиб чиқиб кетди ва кундузи ҳам дам олгани келмади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларидаги бирига қараб: “Бориб қарачи, қаерда экан?” – дедилар. Ҳалиги одам келиб: “Эй Расулуллоҳ, у масжидда экан, дам оляпти” – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидга келсалар, Али ёнбошлаб ётар, эгнидаги ридоси тушиб, баданига тупроқ теккан эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг устидан тупроқни қоқиб: “Тур, эй Абу Туроб!” – дедилар. Бухорий ривоятида: “Унга бу куняни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўйганлар” – деб келган. Али розияллоҳу анҳунинг бундан бошқа Абулҳусайн, Абулқосим Ҳошимий, Абуссибтайн (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки набираларининг отаси) деган кунялари ҳам бор эди.

Лақаби

Али розияллоҳу анҳунинг Амирулмўъминин ва Хулафои рошидинларнинг тўртинчиси деган лақаблари бор.№

Туғилиши

Али розияллоҳу анҳунинг туғилган йили тўғрисида турли ривоятлар бор. Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ: “У пайғамбаримизга ваҳий келишидан ўн беш ёки ўн олти йил муқаддам таваллуд топган” – деган. Ибн Исҳоқ роҳимаҳуллоҳ эса: “У ваҳий келишидан ўн йил олдин туғилган” – деган ва бу гапни Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ ҳам рожиҳ деган. Боқир Муҳаммад ибн Али икки хил сўз бор, деган: бири Ибн Исҳоқ айтиб, Ибн Ҳажар рожиҳ дегани, яъни ваҳий келишидан ўн йил олдин туғилган экани, иккинчиси эса ваҳий келишидан беш йил олдин дунёга келгани. Биз ҳам Ибн Исҳоқ ва Ибн Ҳажар роҳимаҳумаллоҳларнинг фикрига қўшиламиз. Тўғрироғи, Али розияллоҳу анҳу ваҳий келишидан ўн йил муқаддам таваллуд топган. Фокиҳийнинг айтишича, Али Бани Ҳошим уруғидан Каъбанинг ичида туғилган биринчи чақалоқдир. Ҳоким ҳам: “Али розияллоҳу анҳунинг Каъба ичида туғилгани ҳақида мутавотир хабарлар бор” – деган.

[1] Ҳайдар араб тилида шеър дегани.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг