Ҳаром амаллар: Фарзандларга адолат қилмаслик

0

Фарзандларининг баъзисига совға-салом бериб, бошқаларига бермайдиган, уларни ажратадиган ота-оналар ҳам бор. Шубҳасиз, бундай қилиш ҳаромдир. Аммо фарзандларидан бирортаси муҳтож бўлса, масалан, касаллик, қарз, иш топа олмаслик, оиласининг катталиги ёки талабалиги туфайли эҳтиёжманд бўлса ёхуд унга бирор хайрли амали, дейлик, Қуръонни ёд олгани учун мукофот тарзида қўшимча нарса берса, бунинг зарари йўк. Лекин бошқа фарзанди шундай ҳолатга тушгудай бўлса, унга ҳам берган бўлардим, деб ният қилиши лозим. Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади: “Адолат қилингиз! Шу тақвога яқинроқдир. Аллоҳдан қўрқингиз”(Моида, 8).

Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қуйидаги ҳадислари эса фарзандларга ҳадя улашишда адолатли бўлиш вожиблигини кўрсатувчи хос далилдир. Нўъмон ибн Башир (разияллоҳу анҳу) айтади: “Отам мени Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига олиб борди ва: “Мен шу ўғлимга бир ғулом (қул) ҳадя қилдим”, деди. Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Барча фарзандларингга шундай ҳадя бердингми?” деб сўрадилар. Отам: “Йўқ”, деди. Шунда Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уни қайтариб ол!” деб буюрдилар” (Бухорий ривояти).

Бошқа бир ҳадисларида: “Аллоҳдан қўрқинглар, фарзандларингиз ўртасида адолат қилинглар!” деганлар. Нўъмон ибн Башир (разияллоҳу анҳу) айтади: “Шундан кейин отам ҳадясини қайтариб олди”. Имом Муслимнинг ривоятида эса, Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ундай бўлса, бунга мени гувоҳ қилма, чунки мен адолатсизликка гувоҳ бўлмайман”, деганлар.

Фарзандларга ҳадя улашишда адолат қилмаслик улар ўртасида ғайирлик ва адоватни келтириб чиқаради. Шундай оталар борки, амакиларига ўхшайдиган ўғлига ҳадя бериб, тоғаларига ўхшайдиган ўғлига бермайди. Ёки бир хотинидан бўлган болаларига бериб, бошқа хотинидан бўлганларига бермайди. Биринчисининг болаларини яхши мактабларда ўқитади, иккинчисиникини бундай қилмайди. Келажакда бу амали ўзига қайтади, чунки яхшилик кўрмаган фарзанд кўпинча яхшилик ҳам қилмайди. Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадя беришда болаларини ажратган кишига: “Фарзандларинг сенга баробар яхшилик қилишларини (хизматингда бўлишларини) хоҳламайсанми?” деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг