Фариштаи киромлар Одам алайҳиссаломнинг яратилиш ҳикмати ҳақида сўрашадилар
Аллоҳ таоло фаришталарга қуйидагича хитоб қилганини хабар беради: “Эсланг, (эй Муҳаммад), Парвардигорингиз фаришталарга: “Мен Ерда (Одам ва унинг бир-бирларини ўрнини босадиган зурриётини) халифа қилмоқчиман”, деганида улар айтдилар: “У ерда бузғунчилик қиладиган, қонлар тўкадиган кимсани (халифа) қиласанми? Ҳолбуки, биз ҳамду сано айтиш билан Сени улуғлаймиз ва Сенинг номингни мудом пок тутамиз”. (Аллоҳ) айтди: “Мен сизлар билмаган нарсаларни биламан” [Бақара: 30]. Аллоҳ таоло Одам ва унинг бир-бирларини ўрнини босадиган зурриётини яратишни хоҳлаганини маълум қилди. Аллоҳ таоло шундай дейди: “У сизларни ерда халифалар қилиб қўйган ва Ўзи ато этган неъматлар билан сизларни имтиҳон қилиш учун айримларингизни айримларингиздан юқорироқ даражаларга кўтариб қўйган Зотдир. Албатта, Парвардигорингиз тезда жазолагувчидир ва албатта У мағфиратли, меҳрибондир” [Анъом: 165]. Аллоҳ таоло айтади: “…ҳамда сизларни ернинг халифалари (яъни бир авлод кетиб ортидан бошқа авлод келадиган кишилар) қиладиган Зотми?!” [Намл: 62][1]. Аллоҳ таоло фаришталарга худди буюк бир иш ҳақида уни вужудга келишидан олдин хабар берилганидек, уларга бу хабарни Одам ва унинг зурриётини яратилишини улуғлаш тарзида маълум қилди.
Фаришталар айрим жоҳил муфассирлар ўйлаганидек, Аллоҳнинг хоҳишига эътироз билдириш, одамзотни камситиш ва уларга ҳасад қилиш мақсадида эмас, балки ер юзида одамзотни яратишдан ҳикмат нима эканини билиш ва кашф этиш мақсадида Аллоҳдан сўраб шундай дедилар: “У ерда бузғунчилик қиладиган, қонлар тўкадиган кимсани (халифа) қиласанми?” [Бақара: 30].
Айтилишича, фаришталар бу нарсани Одам алайҳиссаломдан олдин ер юзида яшаган жинлардан кўрган нарсалари сабабли одамзотдан бундай ишларни содир бўлишини билганлар. Шу боис, аксар ҳолатда, ердан фақат мана шундай ҳолатдаги мавжудотларгина яратилишини билганлар. Валлоҳу аълам.
“Ҳолбуки, биз Сенга ҳамду сано айтиш билан бирга Сенга тасбеҳ айтурмиз ва Сенга нолойиқ нарсалардан Сени поклаб улуғлаймиз”. Яъни, “Биз Сенга доимо ибодат қиламиз, ҳеч биримиз Сенга осий бўлмаймиз. Модомики, анави одамзотни яратишдан мақсад – уларнинг Сенга ибодат қилиши бўлса, ахир, мана биз туну кун сусаймасдан Сенга ибодат қилмоқдамиз-ку?”.
(Аллоҳ) айтди: “Мен сизлар билмаган нарсаларни биламан” [Бақара: 30]. Яъни, “Мен анави одамзотни яратиш ортидан келиб чиқадиган зарардан устун келадиган манфаатлардан сиз билмаган нарсаларни билурман. Яъни, улар ичидан анбиёлар, расуллар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ бандалар вужудга келур”.
Сўнгра, Аллоҳ таоло фаришталарга илмда Одамнинг улардан афзал эканлигини баён қилиб шундай деди: “Ва У зот Одамга барча нарсаларнинг исмларини ўргатди” [Бақара: 31].
Тўғри фикр шундан иборатки, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ишора қилганидек, Аллоҳ таоло Одамга нарсаларнинг номлари ва уларнинг хатти-ҳаракатларини, нарсаларнинг оддий ва кичрайтирма номларини ҳам ўргатди.[2]
Бухорий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мўминлар қиёмат кунида тўпланиб шундай дейдилар: “Парвардигоримиздан (бандалар ўртасида тезроқ ажрим қилишини сўрайдиган) бирон шафоатчи топсак бўлар эди”. Шунда улар Одам (алайҳиссалом)нинг олдига келиб: “Сиз башариятнинг отаси[3], Аллоҳ сизни Ўз қўли ила яратган, фаришталарини сизга сажда қилдирган ва сизга барча нарсаларнинг номини ўргатган…” – дейдилар”. Бухорий ҳадисни тўлалигича зикр қилади[4].
“Сўнгра уларни фаришталарга рўбарў қилиб деди: “Агар халифаликка биз ҳақдормиз, деган сўзларингиз рост бўлса, мана бу нарсаларнинг исмларини Менга билдиринг!” [Бақара: 31]. Ҳасан Басрий шундай дейди: “Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратишни хоҳлаган пайтда, фаришталар: “Раббимиз ҳар қандай мавжудотни яратмасин, албатта, биз ундан кўра билимлироқ бўлурмиз”–дедилар. Шунда улар бу гаплари туфайли имтиҳон қилиндилар. Бу имтиҳон Аллоҳ таолонинг: “Агар ростгўй бўлсангизлар“-деган сўзидир”[5].
Фаришталар айтдилар: “Эй пок Парвардигор, биз фақат Сен билдирган нарсаларнигина биламиз. Албатта, Сен ўзинг илму ҳикмат соҳибисан”. [Бақара: 32]. Яъни, “Бирон кимса Сен унга таълим бермай туриб, Сенинг Илмингдан бирон нарсани идрок этишидан Сени поклаймиз”. Аллоҳ таоло айтганидек: “…Ва улар У зотнинг илмидан фақат Ўзи истаган нарсаларнигина биладилар” [Бақара: 255].
“(Аллоҳ): “Эй Одам, буларга у нарсаларнинг исмларини билдир”, деди. (Одам) уларга барча нарсаларнинг исмларини билдирганидан кейин (Аллоҳ) айтди: “Сизларга, Мен Еру-осмонларнинг сирларини ва сизлар ошкор қилган ва яширган нарсаларни биламан, демаганмидим?” [Бақара: 33]; Яъни, “Мен ошкор нарсаларни билганимдек, сирли (ва яширин) нарсаларни ҳам билурман”.
“Эсланг, (эй Муҳаммад), Биз фаришталарга Одамга таъзим қилинг дейишимиз билан саждага эгилдилар. Фақат Иблис кибр ва ор қилиб кофирлардан бўлди” [Бақара: 34]. Аллоҳ таоло Одамни Ўз қўли билан яратиб, унга Ўз руҳидан пуркар экан, бу Унинг Одамга кўрсатган буюк ҳурмат-эъзози бўлди. Аллоҳ таоло шундай дейди: “(Эй Муҳаммад), эсланг, Парвардигорингиз фаришталарга: “Албатта, Мен (асли) қора ботқоқдан бўлиб (одам сурати берилгач) қуритилган лойдан Инсон яратгувчиман. Бас, қачон уни тиклаб, ичига Ўз (даргоҳимдаги) жондан киритганимда, сизлар унга сажда қилган ҳолингизда йиқилингиз!” [Ҳижр: 29]. Шундай қилиб, Аллоҳ таоло Одамга тўрт жиҳатдан иззат-эҳтиром кўрсатди: уни Ўз қўли ила яратди, унга Руҳидан пуркади, фаришталарни унга сажда қилишга буюрди ва унга барча нарсаларнинг номларини ўргатди.
Шу сабаб, Мусо Одам билан юқори оламда, яъни осмонларда учрашган ва иккиси баҳслашиб қолган чоғда унга шундай дейди: “Сен Аллоҳ Ўз қўли билан яратган, сенга Руҳидан пуркаган, фаришталарини сенга сажда қилдирган ва сенга барча нарсаларнинг номини ўргатган башарият отаси – Одамсан“[6].
Шунингдек, қиёматда маҳшаргоҳ аҳли ҳам Одамга шу гапларни айтишади[7].
[1] Мазкур оятлар қиссагўй адиблар ва журналислар жавраб айтадиган: “Инсон Аллоҳнинг ер юзидаги халифасидир” – деган гапнинг нотўғри эканлигига очиқ далилдир. Зеро, мазкур гапни тасдиқлайдиган оят ва ҳадисларда ишончли бир далил ёки уламолар томонидан айтилган очиқ мўътабар бирон сўз мавжуд эмас.
[2] Муаллиф роҳимаҳуллоҳ “Тафсирул Қуръонил Азийм” асарида (1/76-бет) шундай дейди: “Тўғри фикр шундан иборатки, Аллоҳ таоло Одамга барча нарсаларнинг номларини, уларнинг сифатлари ва хатти-ҳаракатларини, яъни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтганидек, “Ҳаттоки, орқадан секин ел чиқармоқ ва бу хатти – ҳаракатнинг кичрайтирма шаклини, яъни нарсалар ва хатти-ҳаракатларнинг номлари, уларнинг оддий ва кичрайтирма номларини” ўргатди“.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган сўзнинг ровийлар шажараси саҳиҳ эмас. Бироқ, Қуръон лафзининг умумийлиги Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтган гапга далолат қилади, валлоҳу аълам.
[3] Мазкур ҳадис Одам (алайҳиссалом) жамики башариятнинг отаси эканлигига қатъий далилдир. Бу нарса Шайх Муҳаммад Абдуҳ Ал-Мисрий Одам алайҳиссаломнинг бутун башариятнинг отаси эканлигида шак қилганидек эмас. Шунга қарамай, Шайх Муҳаммад Рашид Ризо ўзининг “Ал-манор” асарида (4/ 323-325 – бетлар) унинг бундай ботил фикрини тасдиқлаши ҳақиқатда ачинарли ҳолдир.
Сўнгра, товламачи Доктор Абдуссабур Шоҳиннинг “Отам Одам ёхуд одамзот қиссаси афсонами ёки ҳақиқат?” китобини кўрдим. Китоб муаллифи ушбу уйдирма ва хурофот атрофида айланар экан, Одам алайҳиссалом башариятнинг отаси эмас, балки дастлабки инсон деган ғояни олға суради (!).
Бу каби ғайб ишида Аллоҳ таоло айтганидек, фақат адаштирувчи кимсаларгина шўнғиб кетадилар: “Мен уларни (Иблис ва унинг зурриётини) осмонлар ва Ерни яратишга ва на ўзларини яратишга гувоҳ қилган эмасман (яъни улар еру осмонлар қандай яралганини ҳам, ўзлари қандай яралганликларини ҳам мутлақо билмайдилар, буларнинг барчасини ёлғиз Ўзим яратганман), шунингдек, бу йўлдан оздиргувчиларни (Ўзимга) ёрдамчи ҳам қилиб олганим йўқ. (Бас, сизлар нечун уларга ибодат қилурсизлар)?!” [Каҳф: 51].
Ахир, бу бўҳтончилар Одам алайҳиссаломнинг яратилишига гувоҳ бўлдилармики, башарият билан инсон ўртасини ажратсалар, “Одам башарият турига мансуб, у башарият отаси эмас, балки, дастлабки инсондир”, десалар.
Дарҳақиқат, мазкур жаҳолатга тўла бу залолат Дарвин ва унинг тарафдорларининг: “Инсон аслида маймундан келиб чиққан”, деган уйдирмасини ташвиқот қилиш демакдир(!).
[4] Бухорий (4476) ва Муслим (193) ривоят қилганлар.
Муаллиф мазкур ҳадисни зикр қилганининг боиси, ҳадис Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломга барча мавжудотларнинг номини ўргатганлигига далолат қилмоқда.
Бу нарса мазкур масалада Имом Ибн Касирнинг фикри Бухорийнинг фикри сингари эканлигини кўрсатади.
[5] Табарий “Жомеул баён” асарида (1/ 173-бет) “жаййид” ровийлар шажараси билан ривоят қилган.
[6] Саҳиҳ ҳадис, батафсил тахрижи келгусида келади.
[7] Бухорий (4476) ва Муслим (193) ривоят қилганлар.