Саид ибн Мусайяб (1)

0

“Саид ибн Мусайяб саҳобалар ҳаётлик чоғларидаёқ фатво бера олар эди” (Муаррихлар)

Мўминлар амири Абдулмалик ибн Марвон икки ҳарамни зиёрат қилишни: Маккага бориб ҳаж қилишни ва Мадинага келиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга салом айтишни ният  қилди. Зулқаъда ойи киргач, ниятини амалга ошириш учун сафар тадоригини кўришга амр қилди ва бир қанча умавий амирлар, давлатнинг обрўли кишилари, айрим фарзандлари ҳамроҳлигида Ҳижоз ерлари томон йўлга тушди. Халифа сарбонлигидаги карвон Дамашқдан Мадинаи мунаввара сари ўрта тезликда илдамлаб борар, ҳар қачон истироҳат учун тўхтасалар, чодирлар қурилиб, тўшаклар ёзилар ва диний билимлар зиёда бўлиши, қалблар ҳикмат ва гўзал мавъизалар ила озиқаланиши учун илм мажлислари уюштирилар эди.

Халифа Мадинаи мунавварага етиб келгач, аввало Ҳарами шарифга бориб, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга салом айтиш шарафига ва Равзаи мутаҳҳарада намоз ўқиш бахтига муяссар бўлди. Қалб саломатлиги ва хотиржамлиги роҳатини тотган халифа Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шаҳрида имкон қадар кўпроқ туришни қасд қилди. Мадинада унинг диққатини энг кўп жалб қилган нарса Масжиди Набийни обод қилиб турган илм мажлислари бўлди. Осмонда порлаб турган юлдузлар мисоли Ҳарами шарифда улуғ тобеинлардан иборат уламолар ялт-ялт этиб кўзга ташланиб турар эдилар. Мана бу Урва ибн Зубайрнинг илм ҳалқаси, буниси эса Саид ибн Мусайябники. Ҳов анови ерда Абдуллоҳ ибн Утбаники ва ҳоказо…

Кунларнинг бирида қайлула қилаётган (чошгох вақтида ухлаётган) халифа одатда уйғонмайдиган вақтда уйғониб, хизматкори Майсарага: “Эй Майсара, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларига бориб, бизларга ҳадис айтиб бериши учун уламолардан бирини чақириб кел”, деб тайинлади. Майсара Масжиди Набийга бориб қараса, қайлула вақти бўлганидан кўпчилик дам олаётган эди. Масжидда фақат биргина илм ҳалқасига кўзи тушди. Ҳалқанинг шайхи ёши олтмишлардан ошган, кўринишида уламоларга хос оддийлик, шу билан бирга илм ҳайбати ва виқори барқ уриб турган киши эди. Майсара ҳалқага яқин келиб қўли билан шайхни имлаган эди, шайх унга қарамади, эътибор ҳам бермади. Шунда Майсара шайхнинг олдига келиб:

– Мен сизни имлаганимни кўрмадингизми? – деди.

– Мени чақирдингми?! – деди шайх.

– Ҳа.

– Нима ҳожатинг бор эди?

– Мўминлар халифаси қайлула қилаётган эдилар, бирдан уйғониб: “Масжидга бориб қарагин ва менга ҳадис айтиб берадиган уламолардан бирини чақириб келгин”, дедилар.

– Мен унга ҳадис айтиб берадиган киши эмасман.

– Аммо халифа унга ҳадис айтиб берадиган кишини истамоқда.

– Ким бирон нарса истаса, уни ўзи қидириб келади. Масжиддаги илм ҳалқаси кенг, агар халифа ҳадис эшитишни хоҳлаётган бўлса, бемалол сиғади. Ҳадис эшитмоқчи бўлган ҳадиснинг олдига боради, ҳадис унинг олдига бормайди!

Майсара ортга қайтиб бориб, халифага: “Масжидга бордим. У ерда бир шайхдан бошқасини топмадим. Имлаб чақирган эдим, ўрнидан турмади, эътибор ҳам бермади, ўзим олдига бориб: “Мўминлар халифаси қайлуладан уйғониб: “Масжидга бориб қарагин ва менга ҳадис айтиб берадиган уламолардан бирини олиб келгин” дедилар, десам, хотиржам ва қатъийлик билан: “Мен унга ҳадис айтиб берадигани киши эмасман! Масжиддаги илм ҳалқаси кенг, агар халифанинг ҳадис эшитгиси келган бўлса, бемалол сиғади”, деб жавоб берди. Абдулмалик ибн Марвон чуқур хўрсиниб ўрнидан сапчиб турди-да, ичкарига кета туриб: “Бу Саид ибн Мусайяб. Кошки эди, сен унинг олдига бормаган ва унга гапирмаган бўлганингда”, деди. Ичкарига кириб кетгач, Абдулмалик ибн Марвоннинг кичик ўғли акасига:

– Дунё итоат этган, ҳайбатидан Рум шоҳлари бўйсунган мўминлар амирига катталик қилиб, ҳузурига келиш ва мажлисига ҳозир бўлишдан бўйин товлаган ким?! – деди.

– Мўминлар амири акамиз Валид учун қизига совчи қўйганида қизини беришдан бош тортган киши” – деди акаси.

– Қизини Валид ибн Абдулмаликка беришдан бош тортганми? Мўминлар амирининг валиаҳди, мусулмонларнинг бўлажак халифасидан кўра азизроқ куёв истаганми қизига?!

Акаси унинг гапларига жавоб бермай жим турган эди, укаси сўзида давом этди:

– Қизини мўминлар амирининг валиаҳдига беришни хоҳламаган бўлса, шунга яраша қизини муносиб куёвга узатганми ёки айримларга ўхшаб қизини узатишни хоҳламай, қариқиз қилибдими?

– Очиғини айтсам, мен у киши ва унинг қизи ҳақида бирон хабарга эга эмасман, – деди акаси. Шунда суҳбатни эшитиб ўтирган Мадиналик бир киши: “Агар амир изн берсалар, мен бу ҳақда тўлиқ гапириб бераман. У қиз маҳалламизда яшовчи Абу Вадоа деган йигитга турмушга чиққан. Бу йигит бизнинг ён қўшнимиз бўлади. Унинг у қизга уйланишининг ғаройиб қиссаси бор, бу ҳақда йигитнинг ўзи менга гапириб берган”. Ака-укалар: “Ҳа, албатта, айтиб беринг”, дедилар. Мадиналик киши деди: “Абу Вадоа менга қуйидагиларни сўзлаб берган эди: “Мен илм талабида Масжиди Набийга боғланган, толиби илмлар билан елкама-елка туриб масжиддаги Саид ибн Мусайябнинг илм ҳалқаларида давомий қатнашиб келар эдим. Шайхнинг илм ҳалқаларига бир неча кун бормай қўйдим. Мени кўравермаган шайх “Касал бўлиб қолдими ёки унга бирон кор-ҳол рўй бердими?” деб, мен ҳақимда атрофидагилардан сўрабдилар, аммо улардан бирон хабар била олмабдилар. Бир неча кундан сўнг ўзим яна шайхнинг илм ҳалқаларига қайтдим. Шайх мен билан саломлашиб, ҳол-аҳвол сўрагач:

– Эй Абу Вадоа, қаерда эдинг, нега кўринмай қолдинг?” – деди.

– Хотиним вафот этиб қолди, шу билан машғул бўлиб келолмадим” – дедим.

– Эй Абу Вадоа, бизларга ҳам хабар бермабсан-да, сенга ёрдамлашардик, жанозада қатнашиб бошингга тушган мусибатда сенга ҳамдард бўлардик?

– Аллоҳ сизни яхши мукофотлар билан сийласин, – дедим ва шайхдан рухсат сўраб ўрнимдан турмоқчи эдим, тўхтатиб олдиларида олиб қолдилар. Мажлисдагилар кетгач менга:

– Эй Абу Вадоа, уйланиш ҳақида ўйлаб кўрмадингми? – деб сўраб қолдилар.

– Аллоҳнинг раҳмати бўлсин сизга. Менга ким ҳам қизини берарди. Етим бўлиб ўсган бўлсам, камбағал бўлиб яшасам, икки-уч дирҳамдан бошқа пулим бўлмаса – дедим.

– Мен сенга қизимни никоҳлаб бераман.

Тилим айланмай қолди. Зўрға: – Сиз?!… Менинг бу ҳолимни билгач, ўз қизингизни менга никоҳлаб берасизми?! – дедим.

– Ҳа… Биз қизимизни дини ва хулқи маъқул келган киши бўлса, албатта никоҳлаб берамиз. Сен бизнинг наздимизда ана шундай кишисан.

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг