Ҳаром амаллар: Муҳтож бўлмаса ҳам тиланчилик қилиш

0

Саҳл ибн Ханзалийя разияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўзида етарли нарса бўлатуриб тиланчилик қилган киши аслида жаҳаннамдан чўғ тилаб олган бўлади”, дедилар. Саҳобалар: “Тиланишдан тўсадиган етарли нарса қанчалик бўлади?” деб сўрашди. “Эрталабки ва кечки овқатга етарли нарсаси бўлиши”, деб жавоб бердилар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам” (Абу Довуд ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда эса Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Беҳожат бўлатуриб тиланчилик қилган одам қиёмат куни юзи тимдаланган ҳолда келади”, деганлар (Аҳмад ривояти).

Баъзилар ўзлари муҳтож бўлишмаса ҳам, у масжиддан бу масжидга бориб, бола-чақалари билан тиланчилик қилиб юришади. Улар одамларни зикр ва ибодатдан чалғитиб, шикоятларини ва ёлғон қиссаларини айтадилар, касаллик тўғрисидаги сохта маълумотномаларни кўрсатадилар. Ундайлар ҳатто тиланчилик ортидан мол-дунё орттириб вафотларидан кейин мерос ҳам қолдирадилар. Тиланчилик қилмаса-да одамлардан сўрайверадиганлар ҳам бу ҳадисларни яхшилаб уқиб олсинлар! Садақа-эҳсон берувчилар ҳам ҳушёр, сезгир ва фаросатли бўлишлари лозим. Зеро, билмаганлар бой деб ҳисоблайдиган ҳақиқий муҳтожлар ҳаё қилиб тиланчилик қилмайдилар, муҳтожликларини билдирмай кун ўтказадилар. Ана шундайларни топиб беришга ҳаракат қилиш керак.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг