Саид ибн Мусайяб (2)

0

Сўнг бизларга яқин турганларни чақирдилар ва уларнинг гувоҳлигида Аллоҳга ҳамду сано айтиб ва Пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот ва саломлар йўллаб менга қизларини никоҳлаб қўйдилар. Маҳрига икки дирҳам белгиладилар. Мен ҳайронлигимдан ва хурсандлигимдан нима дейишни билмай қотиб қолган эдим. Уйимга кетдим, шу куни рўза тутган эдим, рўзадорлигимни ҳам унутибман. Ўзимга-ўзим гапирардим: “Ҳолингга вой, эй Абу Вадоа, нималар қилиб қўйдинг?! Энди пулни қаердан топасан, кимдан қарз сўрайсан?! Шундай ҳолатда турар эканман, шомга азон айтилди. Намозни адо этиб бўлгач, ифторга ўтирдим, дастурхонда нон ва зайтундан бошқа нарса йўқ эди. Бир-икки луқма еган ҳам эдимки, эшик тақиллаб қолди. “Ким у?” дедим. “Саидман”, деган жавоб келди. Аллоҳга қасамки, хаёлимдан Саид исмли ўзим билган инсонларнинг ҳаммаси бирма-бир ўтди, аммо Саид ибн Мусайяб хаёлимга келгани йўқ. Сабаби, қирқ йилдирки шайхни фақат уйлари билан масжид орасидагина кўриш мумкин эди. Эшикни очдим. Не кўз билан кўрайки, рўпарамда Саид ибн Мусайяб турар эди. Хаёлимга келган ўй: қизини никоҳи бўйича келдимикин, фикридан қайтиб қолдимикин?

– Эй Абу Муҳаммад, чақиртирсангиз ўзим ҳузурингизга борар эдим” – дедим.

– Бугун мен сенинг ҳузурингга келишимга ҳақлироқсан” – деди Саид ибн Мусайяб.

– Қани уйимизга марҳамат қилсинлар!

– Йўқ, раҳмат, мен бир иш билан келган эдим…

– Аллоҳнинг раҳмати бўлсин сизга, нима иш экан у?

– Қизим Аллоҳнинг шариатига мувофиқ чошгоҳ пайтида сенинг хотинингга айланган эди. Биламан, сенинг ёлғизликдан овутиб, кўнглингни оладиган ҳеч киминг йўқ. Сен бир жойда, хотининг эса бошқа жойда тунашингизни маъқул кўрмадим, шунинг учун уни ҳузурингга олиб келдим.

– Во ажаб, қизингизни олиб келдингизми?! – дедим. Қарасам, чиндан ҳам қизлари ёнида турар эди. Саид ибн Мусайяб қизига қараб: “Қизим, Аллоҳнинг номи ва баракоти билан жуфти ҳалолингнинг уйига кир”, деди. Қиз бечора энди қадам қўяй деганида, уялганидан кийимига қоқилиб йиқилиб тушишига бир баҳя қолди. Мен эса, карахт ҳолда нима дейишимни ҳам, нима қилишимни ҳам билмай қотиб турардим. Бир оз ўзимга келгач, уни ичкарига таклиф қилдим, қиз кўриб қолмаслиги учун ундан олдинроқ бориб, нон ва зайтундан иборат ифторлик дастурхонимни йиғиштириб олдим. Сўнг томга чиқиб қўшниларимни чақирдим. Қўшнилар чиқиб:

– Ҳа, тинчликми, нима гап? – дейишди. Мен:

– Бугун масжидда Саид ибн Мусайяб қизини менга никоҳлаб берган эдилар. Ҳозир мени хабарим йўқ, қизини олиб келиб ташлаб кетдилар. Биласизлар, онамнинг уйи узоқ, мен онамни чақириб келгунимча, келинни ёлғизлатмай аёллар кириб туришсин – дедим. Бир кампир қўшнимиз деди:

– Ҳой, эсинг жойидами, нима деяётганингни биласанми ўзи, Саид ибн Мусайяб қизини сенга никоҳлаб бердими?! Қизини ўзи сенинг уйингга олиб келиб ташлаб кетдими?! Ахир у қизини Валид ибн Абдулмаликка бермаган-ку?!

– Ҳа шундай. Лекин қиз менинг уйимда ўтирибди, ўзингиз кириб кўринглар.

Қўшниларим уйга киришиб кўзларига ишонмасдилар. Қиз билан саломлашиб, сўрашиб, мен онамни олиб келгунимча унинг олдида турдилар. Бир оздан сўнг онам келди. Келинни кўргач, менга қараб: “Келинни ясантириб бергунимча бизни холи қўй”, деди. Мен: “Ихтиёр сизда, онажон” деб, қайнона-келинни холи қолдирдим. Бир мунча вақтдан сўнг онам келинни менга топширдилар. Қарасам, у Мадинадаги энг гўзал қиз экан. Ундан ташқари одамлар ичида Аллоҳнинг китобини энг мукаммал ёд олган қория ҳамда Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳадисларини энг кўп билган ровия экан. Устига-устак, эрнинг аёл устидаги ҳақ-ҳуқуқларини ҳам аъло даражада билар экан. Бир неча кун бирга яшадик. Бу аснода на қизнинг отаси ва на оиласидан бирон киши бизникига келди. Мен ўзим яна одатимга кўра масжидга, шайхнинг илм ҳалқаларига бордим. Шайхга салом бериб ўтирдим. Шайх саломимга алик олди ва бошқа ҳеч нарса демади. Дарс тугаб, мажлисдагилар тарқалишиб, мендан бошқа ҳеч ким қолмаганида шайх: “Эй Абу Вадоа, жуфти ҳалолингнинг аҳволи қандай?” деб сўради. Мен: “Жуфти ҳалолим дўстнинг ҳаваси, душманнинг ҳасади келадиган ҳолатда”, деб жавоб бердим. Шайх: “Аллоҳга ҳамдлар бўлсин”, деди. Уйга келиб қарасам, шайх рўзғоримизни бутлаб олишимиз учун бизга етарли маблағ юборган экан”.

Абдулмалик ибн Марвоннинг ўғли: “Бу шайхнинг қилган ишлари ажойиб экан-а?!”, деди. Мадиналик киши деди: “Амирзодам, ажабланишга ўрин йўқ. Зеро, шайхимиз дунёни охиратга восита қилган, ўзи ва оиласи учун фоний дунё эвазига боқий охиратни сотиб олган. Аллоҳга қасамки, шайх қизларини мўминлар амирининг ўғлига беришга бахиллик қилмаган, “қизимнинг тенги эмас” деб ҳам ўйламаган. Аксинча, қизи дунё билан фитналаниб қолишидан қўрққан. Яқинларидан бири шайхга: “Мўминлар амирининг совчисини қайтариб, қизингизни оддий бир мусулмонга никоҳлаб берасизми?” деганида, у: “Қизим бўйнимдаги омонатдир. Унга яхшиликни раво кўрганимдан шундай қилдим”, деб жавоб қилган. Шайхнинг мақсадини англамаганлар: “Ахир, қандай қилиб?” дейишибди. Шайх дебди: “Нима деб ўйлайсизлар, агар қизим умавийлар қасрига кўчиб ўтса, қимматбаҳо кийимлар, зеб-зийнатлар ичига тушиб қолса, хизматкорлар, шотирлар ва чўрилар унинг хизматида бўлса, Ўзи халифанинг бекаси бўлса, қани айтингчи, у ҳолда қизимнинг дину диёнати нима бўлади?!”. Шом аҳлидан бўлган ва ўша ерда ўтирган бир киши: “Шайхингиз одамлар ичидаги ноёб шахслардан кўринади”, деди. Мадиналик киши: “Ҳақ гапни айтдингиз. Шайх кундузи рўзадор, кечаси қойимдир. Қирқ марта ҳаж қилган. Мана қирқ йилдирки, Масжиди Набийда такбири таҳримани ўтказиб юбормаган. Шунча муддатдан бери доим биринчи сафда турганидан намозда бировнинг орқа тарафига кўзи тушмаган. Қурайш аёлларидан истаганига уйланиш имкони бўлатуриб, Абу Ҳурайра (разияллоҳу анҳу)нинг қизини бошқа аёллардан маъқул кўриб, шунга уйланган. Сабаб Абу Ҳурайра (разияллоҳу анҳу)нинг Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)га яқинлиги, ҳадисларини энг кўп ривоят қилгани ва у зотдан илм олишга рағбатининг кучли бўлганидир.

Саид ибн Мусайяб ёшлик чоғиданоқ ўзини илмга атади. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг покиза аёллари – мўминларнинг оналаридан илм, одоб-ахлоқ ўрганди. Бундан ташқари Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умарга шогирд тушиб дарс олди. Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, Суҳайб Румий ва бошқа саҳобаи киромлардан (Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин) дарс тинглаб, панд-насиҳатлар олди. Уларнинг хулқлари билан хулқланди, сийрату шамоиллари билан зийнатланди.

Саид ибн Мусайяб ҳаёти давомида бир калимани доим такрорлаб юрарди. Ҳатто бу калима шайхнинг шиорига айланган эди: “Бандалар Аллоҳга тоат-ибодат қилиш билангина азизликка эришадилар, Аллоҳга осийлик қилиш билан ўзларини хор қиладилар”.

Изоҳ қолдиринг