Ҳаром амаллар: Қайтармаслик ниятида қарз олиш

0

Аллоҳнинг наздида бандаларнинг ҳаққи жуда баланддир. Аллоҳнинг ҳаққидан банда тавба билан қутулиши мумкин, лекин бандаларнинг ҳаққидан эса олтину кумуш билан эмас, балки қилинган яхшилик ва ёмонликлар билан ҳисоб-китоб қилинади. Шундай экан, масалани ўша кунгача қолдирмай ҳал этишдан ўзга чора йўқ. Аллоҳ таоло айтган: “Аллоҳ сизларга омонатларни ўз эгаларига қайтаришни буюрди” (Нисо, 58).

Жамиятда кенг тарқалган иллатлардан яна бири қарздорлик масъулиятини ҳис этмасликдир. Баъзи одамлар тирикчилик заруратидан эмас, балки одамларга бой кўриниш ёки машина, мебел каби дунёнинг орзу-ҳавасли матоҳларини янгилаб олиш учун қарз сўрашдан истиҳола қилмайдилар. Шубҳали ва ҳатто ҳаромга яқин бўлган кредит олишдан ҳам  тортинмайдилар. Кўпинча, мана шундай одамларнинг бири икки бўлмай, қарзга ботиб танг ҳолатда юрадилар.

Қарз олишни енгил санаш ва ундаги масъулиятсизлик киши қарзини чўзишига ёки ўзгалар мулкини талон-тарож бўлишига олиб келади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ишнинг оқибати ёмонлигидан огоҳлантириб шундай деганлар: “Ким одамлардан қайтариб бериш нияти билан қарз олса, Аллоҳ унга ёрдам беради. Аммо ким йўқ қилиш (еб кетиш) нияти билан олса, Аллоҳ уни йўқ қилиб юборади” (Бухорий ривояти).

Қарз юки  Аллоҳнинг наздида оғир юкдир. Ҳатто улуғ фазилатлар, улкан савоблар ва олий мартабаларга эга шаҳидлар ҳам қарзнинг савол-жавобидан қутила олишмайди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам)айтадилар: “Субҳоналлоҳ! Аллоҳ таоло қарз ҳақида қандай оғир ҳукмлар нозил қилди-а! Жоним қўлида бўлган Зот Аллоҳга қасамки, агар киши Аллоҳ йўлида қатл этилса, сўнг (қайта) тирилтирилса, сўнг яна қатл этилса (яъни Аллоҳ йўлида уч маротаба ўлиб-тирилса ҳам), устида қарзи бўлса, уни узмагунча жаннатга кирмайди” (Насоий ривояти).

Шояд шу ҳадисни ўқиган ёки эшитган қарзга масъулиятсиз, унга енгил қарайдиганлар бир оз бўлса-да ибрат олсалар!

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг