Саид ибн Жубайр (1)

0

Саид ибн Жубайр қатл қилинди. Ҳолбуки, ер юзидаги ҳар бир одам унинг илмига муҳтож эди” (Аҳмад ибн Ҳанбал)

Бақувват, жуссадор, келишган ва айни дамда қалби уйғоқ, ўта фаросатли, яхшиликка интилган ва ёмонликдан ҳазар қилган навқирон бир йигит бор эди. Рангининг қоралиги, жингалак сочи ва асли ҳабаший экани унинг ўта ноёб шахсиятига путур етказмас эди.

Араб бўлиб кетган бу ҳабаш йигити илм Аллоҳга элтувчи, тақво эса жаннатга етказувчи бирдан-бир тўғри йўл эканини идрок этади. Тақвони ўнг тарафига, илмни эса сўл тарафига қўяди ва икки қўли билан уларни маҳкам тутган ҳолда ҳаёт сафарида оғишмай-толишмай илдам одимлаб боради. Ёшлик чоғиданоқ одамлар уни ё бутун вужуди ила берилиб китоб ўқиётган, ё бўлмаса жойнамози устида туриб ибодат қилаётган ҳолда кўрардилар. Юқоридаги сифатлар соҳиби Ислом умматининг дурдона шахсларидан бўлмиш Саид ибн Жубайр раҳматуллоҳи алайҳдир.

Саид ибн Жубайр бир қанча улуғ саҳобалар, жумладан, Абу Саид Худрий, Адий ибн Ҳотим, Абу Мусо Ашъарий, Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Умар, Ойша разияллоҳу анҳумлардан таълим олди. Унинг энг асосий ва энг катта устози бу умматнинг олими, илм чашмаси Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо бўлган эди. Саид ибн Жубайр Абдуллоҳ ибн Аббосга соя каби эргашди. У зотдан Қуръон ва тафсири, ҳадис ва шарҳларини ўрганди. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо қўлида диний билимларни чуқур ўрганиб фақиҳ бўлди, тафсирдан таълим олиб буюк муфассир бўлиб етишди. Буларга қўшимча араб тили ва қоидаларини шундай мукаммал ўргандики, ҳатто ўз замонида ер юзидаги ҳар бир одам у зотнинг илмига муҳтож эди.

Сўнг илм-маърифат излаб бақадриҳол Ислом диёрларини кезди. Режасидаги илм ҳосил бўлгач, Кўфани ўзига макон тутиб, аҳолисига устоз ва имом бўлиб шу ерда яшади.

Рамазон кечаларида одамларга имом бўлиб намоз ўқир экан, бир кеча Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳунинг қироатида, бошқа бир кеча Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳунинг қироатида, учинчи кеча эса бошқа бир саҳобанинг қироатида Қуръон тиловат қилар эди.

Ёлғиз ўзи намоз ўқиганида эса кўпинча бир намозда Қуръоннинг ҳаммасини ўқир эди. Аллоҳ таолонинг “Ҳали билурлар! Ўшанда улар бўйинларида кишанлар ва занжирлар ила ўта қайноқ сувга тортилурлар. Сўнгра оловда куйдирилурлар” (Ғофир сураси, 70-72), деган сўзлари ва умуман шу каби ваъда ёки таҳдид оятларини ўқиса, эти жимирлаб кетар, қалби ларзага келиб, кўзларидан тирқираб ёш оқарди, бу оятни такрор-такрор ўқийверганидан жон таслим қилишга яқин бўларди.

Саид ибн Жубайр йилда икки бор Байтул ҳаромга боришни одат қилган эди. Бири ражаб ойида умра учун, иккинчиси зулқаъда ойида ҳажни ният қилиб эҳром боғларди.

Илм толиблари, яхшилик ва насиҳат шайдолари Саид ибн Жубайрнинг соф илм чашмасидан қониб-қониб ичиш, насиҳат ва маслаҳатини олиш мақсадида Кўфага келар эдилар. “Аллоҳдан қўрқиш қандай бўлади?”, деб сўраган кишига: “Аллоҳдан қўрқишинг сени гуноҳлардан тўса олса, ана шу Аллоҳдан қўрқиш бўлади”, деб жавоб берса, зикр ҳақида сўраган кишига: “Аллоҳ таолога итоат қилиш зикрдир, ким Аллоҳга юзланса ва Унга итоат қилса, Аллоҳни зикр қилган бўлади, ким Аллоҳга юзланмаса ва Унга итоат қилмаса, гарчи кечанинг ҳаммасини зикр ва тиловат билан ўтказган бўлса ҳам, Аллоҳни зикр қилувчилардан бўлмайди”, деб жавоб берар эди.

Саид ибн Жубайр Кўфани ўзига макон тутган дамда Кўфа Ҳажжож ибн Юсуф Сақафийнинг қўл остида эди. Ҳажжож ўша вақтда Ироқ, Машриқ ва Мовароуннаҳр диёрларининг волийси эди. У Абдуллоҳ ибн Зубайрни қатл қилиб, унинг ҳаракатига чек қўйган, Ироқни умавийлар салтанатига бўйсиндирган, у ер, бу ерларда бош кўтарган қўзғолонларни бостириб, одамлар устида қиличини ўйнатиб турган, одамлар қалбига қўрқув солган, барча ундан ҳайиққан ва ғазабидан чўчиган ҳукмронлик даврининг энг юқори чўққисига чиққан дамлар эди.

Шундай бир пайтда Ҳажжож билан унинг қўмондонларидан бири Абдураҳмон ибн Ашъас орасида зиддият чиқиб, бу зиддият қуролли тўқнашувга айланиб кетди. Натижада, бу фитна ўтида ҳўл-у қуруқ баравар ёнди ва у мусулмонлар танасида чуқур жароҳатлар қолдирди.

Ушбу фитна тафсилоти қуйидагича бўлган: Ҳажжож қўмондонларидан бири Абдураҳмон ибн Ашъасни катта қўшин билан Сижистоннинг орқа тарафидаги минтақаларга эгалик қилган турк подшоҳи Ратбилга қарши жанг қилиш учун юборади. Музаффар қўмондон Ратбилга қарашли талай ерларни фатҳ қилиб, мустаҳкам қўрғонларини эгаллаб олади, унга оид шаҳар ва қишлоқлардан катта миқдорда ўлжаларни қўлга киритади. Сўнг Ҳажжожга буюк нусрат ва ғалаба хушхабарини етказиш учун чопарларни ва уларга қўшиб мусулмонлар байтулмолининг ҳаққи бўлган ўлжанинг бешдан бирини ҳам юборади. Яна қўмондон Ҳажжожга бир мактуб ёзиб, унда душман ерларини яхши ўрганиш, кириш-чиқиш йўллари, табиати ва ҳолатини текшириш, у ерлардаги кўздан пана бўлган тоғ йўлларига кириб, музаффар лашкарни хатарга қўймаслик учун бир муддат жанг қилмай туришга изн сўрайди. Мактубни ўқиган Ҳажжож ғазабга тўлади, унга жавоб хати ёзар экан, қўмондонни қўрқоқликда айблайди, уни қатл қилиш, вазифасидан четлатиш кабилар билан таҳдид қилади. Абдурраҳмон лашкардаги эътиборли кишиларни ва бўлинма қўмондонларини чақириб, Ҳажжожнинг мактубини ўқиб беради ва бу ҳақда маслаҳат сўрайди. Улар Ҳажжожнинг тоатидан чиқиб, унга қарши жанг қилишни маслаҳат берадилар. “Шундай қилсам, сизлар менга байъат берасизми, Аллоҳ таоло Ироқ ерларини Ҳажжожнинг ёмонлигидан тозалаши учун унга қарши жиҳодимда менга ёрдамчи бўласизми?”, дейди Абдураҳмон. Ҳаммалари тасдиқ жавобини бериб, унга байъат берадилар.

Ҳажжожга қарши нафратга тўлиб-тошган Абдурраҳмон ибн Ашъас лашкари билан Ҳажжож лашкари ўртасида қаттиқ жанг бўлиб ўтди ва унда Абдураҳмоннинг қўли баланд келди. У Сижистонни тўлиқ эгаллаб, Форс ерларининг ҳам катта қисмини қўлга киритди. Сўнг Кўфа билан Басрани ҳам Ҳажжожнинг қўлидан тортиб олишга отланди.

Томонлар ўртасида жанг алангаси ловуллаб турган, Абдураҳмон ибн Ашъас зафар устига зафар қозониб турган бир пайтда Ҳажжож рақибининг қувватини янада зиёда қиладиган бир муаммога дуч келади. Шаҳар волийлари Ҳажжожга хат йўллаб, унда зиммийлар жизя тўлашдан халос бўлиш учун Исломни қабул қилаётгани, қишлоқларини ташлаб шаҳарларга кўчиб келаётгани, натижада ердан олинадиган хирож тушмай қолиб, хазиналар бўшаб қолаётганини маълум қиладилар. Ҳажжож Басрадаги ва бошқа шаҳарлардаги волийларига мактуб йўллаб: “Шаҳарларга кўчиб келган зиммийларни йиғиб, қачон кўчган бўлишидан қатъи назар, ҳаммаларини яна қишлоқларига қайтаринг!” деб, амр қилади. Волийлар буйруқни бажаришга киришадилар ва зиммийлардан жуда кўпчиликни диёрларидан ҳайдаб, тирикчиликларидан айириб, шаҳар чеккаларига жамлайдилар. Уларга қўшиб хотинлари ва болаларини ҳам чиқариб юборадилар, анча илгари ташлаб кетган қишлоқларига қайтиб боришга мажбур қиладилар. Аёллар, ёш болалар ва қариялар дод-вой солиб йиғлашар, ёлворишар, «Ё Муҳаммад, ё Муҳаммад», деб нидо қилишар, нима қилишни, қаерга боришни билмай ҳайрону лол эдилар. Басранинг олиму фуқаҳолари орага тушиб, уларга ёрдам бериш учун чиқдилар. Аммо бирон чорасини қила олмасдан, уларга қўшилиб йиғлаб, Аллоҳдан мусибатларини аритишни тиладилар.

Абдураҳмон ибн Ашъас бу фурсатни ғанимат билиб, олиму фуқаҳоларни ўзига қўшилишга чақирди. Саид ибн Жубайр, Абдураҳмон ибн Абу Яъло, Шаъбий, Абул Бухтарий бошчилигидаги бир қанча улуғ тобеинлар ва уламолар унинг бу чақириғига қўшилди.

Икки гуруҳ орасида уруш тегирмони айлана бошлади. Аввалига Абдураҳмон ибн Ашъас ва унинг лашкари Ҳажжож ва унинг аскари устидан ғолиб келаётган эди. Лекин аста-секин Ҳажжожнинг қўли устун келиб, охир-оқибат, Абдураҳмон ибн Ашъас мағлуб бўлди. Унинг ўзи қочиб қутилиб қолди, лашкари эса Ҳажжож ва унинг лашкарига таслим бўлди.

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг