Аллоҳ суйган бандалар: Ёлғиз Аллоҳга бандалик қилиш (14)

0

Учинчи қисм:

Аллоҳ учун яхши кўриш

Аллоҳ учун яхши кўриш пайғамбарлар, элчилар ва уларга эргашган содиқ мусулмонларнинг муҳаббатидир. Аллоҳ таоло яхши кўрган амаллар, замон ва маконларни яхши кўриш ҳам Аллоҳ учун яхши кўриш жумласидан ҳисобланиб, у ҳатто иймоннинг зарурий қисмларидандир.

Абу Умома розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ сaллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким Аллоҳ учун яхши кўрса ва Аллоҳ учун ёмон кўрса, Аллоҳ учун берса ва Аллоҳ учун бермаса, иймони комил бўлибди” (Абу Довуд ривояти, Албоний саҳиҳ деган, 5841).

Абу Ҳурайра рaзияллоҳу анҳу деди Расулуллоҳ сaллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ким иймон таъмини тотишни истаса, бирон кишини яхши кўрса, Аллоҳ учунгина яхши кўрсин” (Аҳмад ва Баззор ривояти).

Баро рaзияллоҳу анҳу айтади Расулуллоҳ сaллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ансорларни фақат мўмин кишигина яхши кўради ва уларни мунофиқ одамгина ёмон кўради. Ансорларни яхши кўрган кишини Аллоҳ яхши кўради, уларни ёмон кўрган кимсани Аллоҳ ёмон кўради” (Бухорий, 7/113, Муслим, 2/63 ривояти).

Тўртинчи қисм:

Аллоҳ билан бирга қўшиб яхши кўриш

Бундай муҳаббат ширкдир. Аллоҳ таоло деди: “Одамлардан бир гуруҳи Аллоҳдан ўзгаларни илоҳ, бут-санам ва дўст тутиб, уларни Аллоҳга тенг кўришади ва Аллоҳдан ўзга ҳеч кимга лойиқ бўлмайдиган муҳаббат, таъзим ва итоатни уларга қилишади. Мўминларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббати эса кучлироқдир” (Бақара, 165).

Бу билан солиҳ кишилар қабрларини қўл-юзларига суртиб, пойига бош эгаётганларнинг қанчалар адашганлари равшан бўлади. Улар ўзларича: “Биз уларни яхши кўрамиз”, деб ҳужжат келтирадилар, аммо бу яхши кўриш ширк муҳаббат эканини билмайдилар.

Бешинчи қисм:

Табиий муҳаббат

Инсон ўз оиласи, фарзандлари ва булардан бошқа бирон нарсаларни яхши кўриши унинг фитратида бор. Муҳаббатнинг бу қисми мубоҳ бўлиб, агар ибодатга ёрдам берса, айни ўзи ҳам ибодатга айланади. Лекин маъсиятга ёрдам берса, унда гуноҳ бўлади. Тоат-ибодатга ҳам, ёки гуноҳ-маъсиятга ҳам ёрдам бермаса, мубоҳлигича қолади. Аллоҳ таоло деди: “Эй Аллоҳ ва Росулига иймон келтирган кишилар. Албатта, аёлларингиз ва фарзандларингиз ичида сизларни Аллоҳнинг йўлидан тўсадиган ва Аллоҳнинг тоатидан сусайтирадиган душманларингиз бор. Улардан эҳтиёт бўлинглар” (Тағобун, 14).

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг