Аллоҳ таоло энг афзал инсонларни мақтаганда уларни Аллоҳга қулчилик қилувчилар – “Аллоҳнинг бандалари” деб сифатлади:
“Раҳмоннинг (суюкли) бандалари Ерда тавозе билан юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) хитоблар қилган вақтида «Омон бўлинглар», деб жавоб қиладиган кишилардир.
Ана ўшалар сабр-қаноат қилганлари сабабли (жаннатдаги) юксак даражалар билан мукофотланурлар ва у жойда (фаришталар томонидан) салом ва омонлик билан қарши олинурлар. Улар ўша жойда мангу қолурлар. У энг гўзал қароргоҳ, энг гўзал манзилдир”.
“(Иблис) айтди: «Парвардигорим, қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли албатта уларга (Одам болаларига) Ердаги (барча гуноҳ ишларни) чиройли кўрсатиб қўюрман ва албатта уларнинг ҳаммаларини йўлдан оздирурман. Фақат улар орасидаги ихлосли бандаларинггина (ҳақ йўлдан озмай қолурлар).
Аллоҳ таоло Ўзига ихлос билан қулчилик қиладиган бандаларини шайтон ҳеч адаштира олмаслигини таъкидлаб, деди:
“Менинг бандаларим устида сен учун ҳеч қандай салтанат-ҳукмронлик йўқдир, фақат сенга эргашган гумроҳ кимсаларнигина (бу тўғри йўлдан оздира олурсан)”.
Насоролар ҳаддиларидан ошиб ўзлари учун илоҳ қилиб олган Исо (алайҳиссалом) ҳақларида Аллоҳ таоло бундай деди:
“У фақатгина Биз пайғамбарлик инъом этган бир бандадир”.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматларини насоролар каби ҳаддан ошишдан қайтариб, ўзлари Аллоҳнинг қули ва элчиси эканликларини баён қилдилар: