Муҳаммад ибн Восеъ Аздий (1)

0

“Амирларнинг қорилари бор, бойларнинг қорилари бор. Муҳаммад ибн Восеъ Раҳмон таолонинг қориларидандир”. (Молик ибн Дийнор)

Биз ҳозир мўминлар амири Сулаймон ибн Абдулмаликнинг халифалик давридамиз.

Исломнинг яланғочланган кескир қиличларидан бири Хуросоннинг забардаст волийси Язид ибн Муҳаллаб ибн Абу Суфра шаҳидлик излаган кўнгиллилардан ташқари юз мингдан ортиқ лашкари билан душман томон олға юриб бормоқда. У Журжон ва Табаристонни фатҳ қилишни ўз олдига мақсад қилган. Кўнгиллиларнинг аввалида улуғ тобеин, фуқаҳолар сарбони, Басранинг обиди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ходими улуғ саҳобий Анас ибн Молик разияллоҳу анҳунинг шогирди Муҳаммад ибн Восеъ Аздий Басрий борар эди.

Язид ибн Муҳаллаб лашкари билан Диҳистонга келиб тушди. Диҳистонда ниҳоят кучли ва мустаҳкам қўрғонлар билан ҳимояланган туркларга мансуб бир қавм яшар эди. Улар мусулмонларга қарши ҳар куни жангга чиқишар, қаттиқ қаршиликка дуч келиб, қийинчиликка учрасалар, у ердаги баланд тоғ ва тоғ ораларига чекинишиб, баланд ва мустаҳкам қоялар билан ҳимояланиб олардилар.

Муҳаммад ибн Восеъ Аздий кексайиб, жисмонан заифлашиб қолганига қарамай, бу жангда катта ўрни бор эди. Мусулмон лашкарлар унинг юзидан таралаётган иймон нуридан баҳраманд бўлар, ширин тилидан чиқаётган оташин ундовларни эшитиб тетиклашар ва оғир дамларда мустажоб дуолари билан қалблари ором олар эди. Муҳаммад ибн Восеънинг одатларидан яна бири, ҳар қачон қўмондон ҳужум бошлаганида: “Эй Аллоҳнинг отлиқлари, олға! Эй Аллоҳнинг отлиқлари, олға!”- деб одамларни жангга тарғиб келар, унинг нидосини эшитган аскарлар тетиклашар, худди ўлжасига ташланган шердек душманга отилар, ташна одамнинг жазирама кунда муздек сувга талпинганидек, жанг майдонига талпинар эдилар.

Ана шундай қақшатгич жангларнинг бирида душман тарафдан бир отлиқ чавандоз майдонга чиқди. Унинг баҳайбатлиги, бақувватлиги, журъати ва шаҳди мисли кўрилмаган даражада эди. Жанг майдонида отини гижинглатиб, у ёқдан бу ёққа юра бошлади. Унинг савлати мусулмонларни жойларидан четга суриб, қалбларига қўрқув ва ҳайбат солиб қўйди. Сўнг у кибр ва беодоблик билан мусулмонлардан бирини яккама-якка олишувга чақирди. Такрор ва такрор чақиравергач, Муҳаммад ибн Восеъ рақиб паҳлавон билан яккама-якка олишувга чиқишга бел боғлади. Ана шунда мусулмон чавандозларнинг ҳамияти қўзиб кетди ва улардан бири шайхга юзланиб, қасам ичиб деди: “Шайх, сиз бундай қилманг, буни менга қўйиб беринг!”. Шайх рози бўлиб, унга нусрат ва мадад сўраб Аллоҳга дуо-илтижолар қилди.

Яккама-якка олишув бошланди. Ҳар иккала чавандоз рақибига ўлимга боққандай қарар эди. Улар икки кучли шер мисоли бир-бирларига ташландилар. Атрофдаги ҳар бир аскарнинг қалби-ю кўзи бу икки паҳлавонга қадалган… Чамаси бир соатча қаттиқ олишдилар, бундай олишув уларнинг тинкаларини қуритди. Ва ниҳоят иккала паҳлавон бир вақтда бир-бирининг бошига қаттиқ зарба бердилар. Туркийнинг зарбаси мусулмон чавандознинг дубулғасига келиб тушди ва қиличи дубулғада михланиб қолди. Мусулмон чавандознинг қиличи эса, рақибнинг пешонасига келиб тушди ва унинг бошини иккига бўлиб юборди. Ғолиб паҳлавон мусулмонлар сафига фавқулодда бир суратда қайтди. Унинг ҳолатини кўриб, ҳамма даҳшатга тушди. Чунки қўлидаги қиличидан қон оқар, дубулғасига қадалган қилич эса, қуёш нурида ярақлаб турар эди. Мусулмонлар уни таҳлил, такбирлар билан Аллоҳга ҳамд айтиб кутиб олдилар. Язид ибн Муҳаллаб чавандознинг бошида ва қўлида ялтираб турган қиличга қараб:

– Отасига раҳмат! Ким экан, бу чавандоз? – деди. Атрофдагилар:

– Муҳаммад ибн Восеъ дуосининг баракоти етган чавандоз бу! –  дедилар.

Туркий паҳлавон қатл қилингач, мусулмонлар палласи босиб кетди. Мушриклар орасида қўрқув ва саросима худди шамолли кунда қуруқ хашакка ўрмалаган ўт каби шиддат ила ёйилди. Мусулмонлар қалбида эса жасорат ва иззат олови аланга олиб, Аллоҳнинг душманлари устига селдай ёпирилдилар ва бўйинга солинган кишан каби уларни ўраб олдилар, уларга сув ва озуқа йўлларини кесиб қўйдилар. Шундан сўнг мушриклар подшоҳи сулҳдан бошқа йўли қолмаганини англаб, Язид ибн Муҳаллабга чопар юборди. Қўлидаги шаҳарларнинг ҳаммасини ундаги бор нарсалар билан бирга топширишини, эвазига ўзига, молига ва оиласига омонлик берилишини сўраб сулҳ таклиф қилди. Язид унинг таклифини қабул қилди. Етти юз минг дирҳам бўлиб-бўлиб, тўрт юз минг дирҳам нақд тўлашни, заъфарон юкланган тўрт юз улов беришини, шунингдек, қўлида бир жом кумуш кўтарган, эгнига ипакдан бўлган қалпоқли кўйлак, устидан чопон кийган ва аскарларнинг хотинлари кийиши учун бир кийимлик шойи кўтарган тўрт юз киши юборишини шарт қилди. Жанг тугагач, Язид ибн Муҳаллаб хазинабонни чақириб:

– Ҳар бир аскарга ўз ҳаққини тўлиқ адо этишимиз учун, ғаниматни ҳисоблаб чиқиб менга хабар бергин – деб топшириқ берди. Хазинабон ва у билан яна бир қанча одам ғаниматни ҳисоб-китоб қилишга киришдилар. Бироқ ғаниматлар кўплигидан бунинг уддасидан чиқа олмадилар. Шунда ғаниматлар лашкарларга ўзаро розичилик асосида бўлиб берилди.

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг