Етти ҳикоят: Учинчи ҳикоят (3)

0

«Алдагани бола яхши» деган гап бор. Ва яна «Алдагани бачча яхши, чайнагани – кулча», дейдилар. Бу мутлақо нотўғри гап! Қуруқ сафсата! Катталарни алдаш қанчалар гуноҳ бўлса, ёш болаларни алдаш ҳам шу қадар гуноҳ ва оқибати хунук, ўта хатарли маъсиятдир.

Бир аёл ёзади:

Ёш қизалоғим жавон эшигини очиб, кўйлак титишга одатланиб қолди. Тахлаб қўйган кийим-кечакларни ўйнаб, ҳамма ёқни бесаранжом қилиб ташлайди. Бир-икки гапирдим, гапимни олмади. Бир-икки қаттиқроқ уришиб қўлига урдим. Бу ҳам фойда бермади. Мен кийим-кечакларни тахлаб, тартиблаб қўявераман, қиз эса мен йўғимда жавонни очиб, ҳамма ёқни тўзитиб, айқаш-қуйқаш қилиб ташлайди. Бир куни уни қўрқитиб:

– Жавоннинг ичида ёмон амаки бор. Агар яна жавонни очсанг, у ёмон амаки сени уради, – дедим.

– Хўп, ойижон, энди жавонни очмайман, – деди қизим.

Бир куни мен, хўжайиним, қизчам овқатланиб ўтирсак, қиз тушмагур: «Ойижон, жавон ичидаги «ёмон амаки» кетдими?» деб қолса бўладими?

Бирдан эрим менга хўмрайиб қаради. Еган ошимиз тош бўлди, асалимиз – заҳар. Эримга бор гапни тушунтиргинимча анча вақт ўтди. Орага совуқчилик тушди.

Алҳамдулиллаҳ, кейин эрим мени тушунди, ҳаммаси изига тушиб кетди. Унгача нималар ўтгани ўзимга аён».

Бу аёлнинг эри тушунибди, ишонибди. Бошқа аёлларнинг эри ҳам тушунармикин? Ишонармикин? Ҳаёти изга тушармикин?.. Ёки… Ахир беш қўл баробар эмас-ку.

Яна бир аёл боласини «Жавондаги ёмон амаки» билан қўрқитади. Болапақир бир куни отасига нолиб: «Дадажон, жавондаги амакидан қўрқаман», деса бўладими, оббо…

Бу жувоннинг эри анча тезоброқ экан. Хотин шўрликнинг тили калимага келиб, «жавондаги ёмон амаки» худди бўжидек болани қўрқитиш учун ўйлаб топилган асли йўқ, тўқима образ эканини тушунтиргинча «боксёр» эрнинг муштланган бир қўли аёлнинг жағига, иккинчи қўли кўзига бир неча марта бориб келишга улгурган эди. Гурзидай икки оёқ копток тепган футболчидай ерда букчайиб ётган аёлни тепишга тушади…

«Жавондаги ёмон амаки»нинг йўқлигини эса ҳовлиқма эр «ой деса – ойга, кун деса – кунга ўхшайдиган» хотини касалхонадан ногирон бўлиб чиққандан кейин билади.[1]

 بلاء الإنسان من اللسان – «Инсонга келган бало-офат забондандир, забондан!» деб бежиз айтилмаган.

احفظ لسانك أيها الإنسان          لا يقتلنك انه ثعبان

كم في المقابر من قتيل لسانه       كانت تهاب لقاءه الشجعان

Тилингни тий, сақла, эй азиз инсон,

Чақиб олмасин, у заҳарли илон.

Қанча тил қурбони қабрда ётур,

Улардан қўрқарди не-не паҳлавон.

                                   Муаллиф таржимаси.

Хулоса, ёш болани ҳам, қари отани ҳам алдаш дуруст эмас. Ёлғоннинг оқибати ёмон ва қўрқинчли. Шунингдек, эл-юртни, ёки ўз-ўзини алдаш ҳам ёмон, оқибати хунук…

Шуни яна қайта таъкидлаш ўринлики, Ёқуб алайҳиссаломнинг ўғиллари аслида ёлғончи, фирибгар болалар эмас. Фосиқ, бетарбия болалар эмас. Йўқ! Балки яхши тарбия олган солиҳ йигитлар эди. Мусаффо дилнинг бир четида унган ногаҳоний қора ният амалга ошгандан кейин улар яна ўз аслларига, солиҳликка қайтишни дилга туккан эдилар:

«Ана ундан кейин тавба-тазарру қилиб, яна солиҳ бўласизлар», дегандилар.

Замонамиздаги баъзи кишилар ҳам ана шундай ўйда турли жиноятларга қўл урадилар, ўзлари учун гуноҳга йўл очадилар. «Аллоҳ – Меҳрибон, Аллоҳ Ғофур» деган яхши эътиқоддан ёмон ниятда фойдаланиб, «Агар тавба қилсак, ҳаж, умрага борсак, Аллоҳ ҳамма гуноҳларимизни кечворади», деган ўйда гуноҳга шўнғийдилар. Бу ёш болани ёки қари чолни эмас, ўзни алдашдир!

Ёлғон турлари ичида энг ёмон ёлғон ўзини ўзи алдамоқ. Бу энг хатарли ва энг зарарли жиноятдир.

Шу ёлғонга алданган нодон акалар «иш силлиқ битди, жанжал-сурон кўтарилмади» деган ўйда хурсанд, кайфияти чоғ. Асосий «душман» гум қилинди. Гўё иш битди, эшак лойдан ўтди. Энди суюнса бўлаверади. «Шодликка» асос бор, ҳар қанча «қувонсалар» арзийди.

Нодон болалар шод-хуррам, падари бузрук эса ғамгин, маҳзун. Севикли фарзандидан айрилган муштипар ота ғам уммонига ғарқ бўлган.

Ҳайҳот, ҳайҳот! Бу қандай кўргилик?!

Кўйлаги тортиб олинган, ярим яланғоч ҳолда қудуққа ташланган болакай эса бир аҳволда.

الله المستعان   – Аллоҳнинг Ўзи мададкор

Ёқуб алайҳиссалом қалбига гўё дудама ханжар санчилгандек эди. Унинг мажруҳ қалбини ҳар икки томони тиғли, ҳар икки томони ўткир пичоқ тилка пора қилган. Дом-дараксиз йўқолган бола ҳам ўз ўғли, ўз жигари, уни гум қилганлар ҳам ўзиники. Жудо бўлгани ҳам, жудо қилгани ҳам ўз дилбандлари. «Қотилу» «мақтул» ўз фарзандлари.

Аслини олганда, бу ҳайқириб: «Дариғо, во ҳасрато, во вайлато!» деб қон йиғлайдиган фалокат! Войвойлатадиган кулфат! Ҳар қандай инсонни карахт қиладиган мусибат! «Мен болани сенларга бекор қўшибман-а, бекор ишонибман-а, минг афсус, минг аттанг!» деб пешонасига шапати уриб, кўкрагини муштлаб, бақириб йиғлайдиган хиёнат!

Ахир ёт отган тошдан кўра жигар отган увада қаттиқ тегади-ку. Ахир не-не донишлар «ўзимдан чиққан балога, қайга борай давога» деб ўзидан чиққан дардга даво, ярасига малҳам тополмай ўтиб кетган-ку.

Ҳа, бу – фиғони фалакка кўтариладиган оғир фожиа.

Ҳа, бу – дуди осмонни қоплайдиган кўргилик. Лекин шунга қарамай Ёқуб алайҳиссалом «во дариғо, во ҳасрато» деб нолимадилар, ҳеч кимни койимадилар, балки:

الله المستعان  – Аллоҳнинг Ўзи мададкор, дедилар, холос. Қолганини ичларига ютиб, ичдаги ғам-қайғуларни селдек кўз ёшлар билан ифодаладилар.

Бундай танг вазиятда ғамзада Ёқуб алайҳиссаломга бу мусибатга ўхшаш мусибат, йўқ, йўқ, ундан ҳам оғирроқ мусибат далда бўлган, тасалли берган, деб ўйлайман.

«Тарихда бундан оғирроқ мусибат ўтганми?» дерсиз.

Ҳа, ўтган. Қобилнинг ўз жигари Ҳобилни ўлдириши бундан оғирроқ фожиа эди. Қотил ҳам, мақтул ҳам Одам алайҳиссаломнинг ўғиллари. Бу кўргиликнинг асл боиси ҳам севги-муҳаббат эди. Оталик меҳр-муҳаббати эмас, йўқ, ишқий муҳаббат, шаҳвоний ҳирс эди.

Шу оғир ҳодисалар; Одам алайҳиссалом бошига тушган мусибат, катта фожиа Ёқуб алайҳиссаломга тасалли берган бўлса ажаб эрмас.

(давоми бор)

[1] Изоҳ ва баён.

Шу ўринда баъзи изоҳталаб жойларга изоҳ бериб ўтишни маъқул кўрдим. Асар хотимасига олиб қўйилган сўзларнинг айримини кечиктирмасдан, ҳозир шу ерда келтириб, изоҳ бериш зарурати туғилди. Бу билан қалбда пайдо бўладиган чигалликлар ва тушунмовчиликлар барҳам топади деган умиддаман.

Юзаки қараганда, бир хил ҳодисадан иборат «жавондаги амаки» воқеаси икки марта такрорланганга ўхшайди. «Шулардан бири ортиқча, олиб ташлаш керак» деган ўй ўтади хаёлдан. Талабалар учун таҳсилул ҳосилдек гап. Лекин масалага чуқурроқ ёндашилса, қисса синчковлик билан ўқилса, ҳар икки мисол ўз ўрнида келтирилгани ойдинлашади.

Ҳа, ҳар икки аёл бир хил хатога йўл қўйди. Лекин эрларнинг хатога нисбатан муносабати ҳар хил бўлмадими?.. Бир хил кўринган икки қисса икки хил натижа билан якунланмадими?..

Эрлардан бири: тушунди ва кечирди. Иккинчиси: ҳовлиқди, қўлига эрк берди. Тўғри, у ҳам тушунди, лекин кечикиб тушунди, ҳовриқиб «қовун туширди»…

Муаллиф бу икки хатокор аёл мисолида бошқа аёлларни ана шундай қалтис хатони такрорламасликка чорлаётган бўлса, икки хил эркак мисолида бошқа эрларни шошма-шошарликнинг ёмон оқибатларидан огоҳлантиряпти.

Бундан баттар ҳовлиқма эрлар бор… Бундан оғирроқ фожиалар бор…

Ёшлигимда, 80-йилларда бир бадиий асар ўқиган эдим. Китоб муаллифи ё Мирмуҳсин, ё Асқад Мухтор, аниғи эсимда йўқ… Хуллас, қисса қаҳрамони маст эр қиш куни чойхонадан ҳовлиқиб келиб, ўйнаб турган боласини шарт кўтариб, ловуллаб ёнаётган печка ичига тиқади. Сабаби: чойхонадаги мастлардан бири: «хотинингни сонида холи бор», дебди.

Бу гапдан ичи ёниб, аланга олган эр, сўраб-суриштирмай, бунинг тагига етмай, шу заҳоти даст ўрнидан туриб, уйи томон чопади. Хотинига нима қилгани эсимда йўқ. Лекин болани печкага улоқтиргани ҳамон эсимдан чиқмайди.

Бу ўпка маст эр худди «жавондаги амаки» қиссасидаги ўпка эр каби покдомон хотинига ёмон гумон қилган эди. Гапнинг тагига етмай, «бола мендан эмас, мен шу пайтгача бир ифлоснинг боласини боқиб юрган эканман-да» деб, гўдакни оловга ташлайди. Кейин маълум бўлишича, унинг хотини умумий ҳаммомга борганда, чойхонадаги алкашнинг хотини у аёлнинг фақат эр кўзи тушадиган жойдаги холини кўриб қолган ва лақма эрига гуллаб қўйган.

Ана шунақа гаплар. Эрига бўлар-бўлмас гапни гапирадиган валдирвоқи хотинлар бўлганидек, оғзида гап турмайдиган, эшитган нарсасини орқа-олдига қарамай валдирайдиган пандавоқи эрлар ҳам бор.

Бир неча бор такрорланган нарсанинг ҳаммаси ҳам ортиқча бўлавермайди. Икки марта такрорланган жумлада ёки қиссада бошқа бир маъно, бошқа бир мақсад яширинган бўлади. Такрор сирини кашф этиб, макнун маъноларни излаб топиш лозим. Бунинг ўзига яраша гашти бор. Бу Қуръоний услуб…

Айтишларича, бир билағон файласуф Ҳорун ар-Рашид ҳузурига келиб:

– Мен Қуръонда икки-уч марта такрорланган ортиқча оят ва қиссаларни қисқартириб, ихчам қилиб бераман, – дейди.
– Табиб ва жарроҳни келтиринг! – деб фармон беради амирулмўминин.
– Табиб ва жарроҳ? – ҳайратланиб сўрайди аъёнлар.
– Ҳа, айнан табиб ва жарроҳ. Муфассир ва фақиҳ эмас, айни табиб ва жарроҳ. Бу файласуфнинг даъвосига кўра, ҳар иккита нарсанинг бири ортиқча экан. Унинг бу назариясини аввал унинг ўзида тадбиқ қилиб кўрамиз. Ундаги ҳар икки аъзонинг бирини олиб ташлаймиз. Ахир бир одамга икки бир хил аъзонинг нима кераги бор?! – дейди подшоҳ кесатиқ оҳангда.

Шуни алоҳида таъкидлаб айтмоқчиманки, «ҳикоят» деб Сиз азизларга тақдим этилаётган ушбу асар 111 оятдан иборат Юсуф сурасининг тафсири эмас.

Бу шоир ва ёзувчилар ёзган «Юсуф ва Зулахо» ҳақидаги достон каби достон эмас. Шоир-ёзувчиликка заррача даъвойим йўқ. Агар асар қиссачилик, адабиётшунослик қонун-қоидаларига тўғри келмаса, ҳайрон бўлманг, шундай бўлиши табиий. Шунинг учун ҳайратни олдини олиб бу гапларга урғу бериб ўтяпман.

Бу асар номзодлик, докторлик каби илмий даражаларни қўлга киритиш учун ёзилган илмий асар эмас. Бу бир музаккира, халос.

Ҳар бир мусулмон Қуръон оятларини тадаббур қилиши матлуб. Қўлингиздаги бу асар ҳам бир мўминнинг тадаббур самараларини жамлаган музаккирасидир. Ўзим ва мусулмон биродарларим учун эслатма.

Бунда ҳар бир оятни тўлиқ шарҳлаш мақсад қилинмаган. Асарга қўл уришдан бўлган асосий ғоя Юсуф алайҳиссалом ҳаётини батафсил ёритиш эмас. У зотнинг ибратга кон ҳаётини Қуръон Юсуф сурасида бошидан охиригача батафсил ёритган.

«Учинчи ҳикоят» га келсак, сарлавҳада намоён бўлганидек, бу фасл «сохта кўз ёш ва сохта қон» ҳақида, ёлғон ва хунук оқибатлари ҳақида. Шунга биноан ёлғонга оид мисолларни кўпроқ келтирдик. Зоҳиран асл мавзудан четлаб, қаёққадир ўтлаб кетгандек туюлсада, бироқ асосий мавзудан чалғиганимиз йўқ.

Асосий мақсад: Қуръон ҳикоя қилган хулқи ва хилқати гўзал Юсуф алайҳиссалом тимсоли орқали мусулмонларни ва хусусан ёш авлодни гўзал хулққа чорлаш ҳамда Юсуф алайҳиссалом акалари йўл қўйган хатоларни кенгроқ ёритиш орқали гўзал хулқнинг зидди бўлмиш ҳар қандай қабоҳатдан, разолатдан четланишга даъватдир. Турли-туман мисоллар келтириш билан ёш мусулмон авлоднинг иймоний ва илмий хазинасининг бойишига озгина ҳисса қўшишдир. Шу мақсадда ва бошқа мақсадда баъзи мубҳам калималарга изоҳ бермайман, «таҳсилул ҳосил», «музаккира» ва шунга ўхшаш талабаларга таниш арабча сўзларни таржима қилмай шундоғича келтираман. Бу ҳам бесабаб эмас, албатта. Бу ўқувчиларни китобни ўқиган ё ўқимагани билиш учун атайлаб қўйилган «тузоқ». Агар ўқувчи шу сўз ҳақида сўраса, маъносига қизиқса, демак бу бизнинг «ўқувчи китобни қунт билан ўқияпти» деган хулоса чиқаришимизга асос бўлади.

(давоми бор)

Изоҳ қолдиринг