Умид қилиш
Умид қилиш ҳам ёлғиз Аллоҳ учун бўлиши лозим бўлган ибодатлардан. Аллоҳ таоло деди: “Ким Раббига йўлиқадиган куни У берадиган азобдан қўрқса ва Унинг ажру савобидан умидвор бўлса, Рабби учун Унинг шариатига мувофиқ солиҳ амаллар қилсин ва ибодатда Раббига бошқа бировни шерик қилмасин!” (Каҳф, 110).
“Қайта тирилишни инкор қилганлари сабабли охиратда ҳисоб бериш ва амаллари жазосини олиш учун Бизга рўбарў келишни умид қилмайдиган ва охират ўрнига дунё ҳаётига рози бўлган ва унга суянган ҳамда Бизнинг кавний (борлиқдаги) ва шаръий (Қуръондаги) оятларимиздан ғофил бўлган кимсаларнинг – ана ўшаларнинг дунё ҳаётида қилган гуноҳ ва ёмонликларига жазо ўлароқ, охиратдаги борар жойлари жаҳаннамдир” (Юнус, 7-8).
Қавлий ибодатлар (тилга оид ибодатлар)
Қасам
Қасам икки қисмдир:
Аллоҳ номи билан қасам ичиш.
Аллоҳ таоло деди: “Айтинг: “Йўқ, Раббимга қасамки, сизлар, албатта, тирилиб, қабрларингиздан чиқасизлар” (Тағобун, 7).
Аллоҳ билан қасам ичиш Унинг исмлари ёки сифатларидан бири билан бўлади ва уч қисмга бўлинади:
Дилдан қасд қилинмаган беҳуда қасам.
Аллоҳ таоло ниятсиз фақат тилнинг ўзида бўлган беҳуда қасам ичишга бизларни жазоламаслиги У зотнинг бизга бўлган раҳматидандир. Аллоҳ таоло деди: “Эй мусулмонлар, Аллоҳ сизларни дилдан қасд қилмасдан, тилларингиздаги беҳуда қасамларингиз билан жазоламайди” (Моида, 89).
Лекин мусулмон киши тилини тийиши ва беҳуда кўп қасам ичишдан сақланиши лозим. Аллоҳ таоло юқоридаги оят давомида: “Эй мусулмонлар, (сизлар қасамдан четланиш билан, ёки қасам ичган бўлсангиз устидан чиқиш, ё устидан чиқолмасангиз, каффоратини ўташ билан) қасамларингизни муҳофаза қилинглар”, деб айтган.
Каффорат қасами
Энди, ичган қасамини устидан чиқа олмаса, каффорати қандай бўлади, шу масалага тўхталамиз. Киши келажакда қиладиган бирон нарсага қасам ичса, сўнг ичган қасамининг устидан чиқа олмаса ёки қасамидан кўра бошқа ишни Аллоҳ таоло ҳузурида афзал эканини билса, унинг каффорати қуйидаги тартибда бўлади:
1) ўнта мискинга таом бериш ёки кийинтириш ёки қул озод қилиш;
уч кун рўза тутиш.
Аллоҳ таоло деди: “Эй мусулмонлар, Аллоҳ сизларни қасам ичишни дилдан қасд қилмасдан қасам лафзларини талаффуз қилишингиз билан жазоламайди, балки дилларингизда қасамни қасд қилиб айтган сўзларингиз билан жазолайди. Агар қасамингизда тура олмасангиз, унинг каффорати ўз оилангизни боқадиган ўртача таомлардан ўнта мискинга таом бериш ёки уларни кийинтириш ёки бир қулни озод қилишдир. Ким шу уч нарсадан бирортасини топа олмаса, уч кун рўза тутади. Қасамларингизда тура олмаслигингиз каффоратлари шудир. Эй мусулмонлар, қасамларингизни муҳофаза қилинглар!” (Моида, 89).
Ёлғон қасам
Ўтмишда бўлмаган ишга ёлғондан қасам ичиш. Ёлғон қасам арабчада “Ғамус” – ҳалокатли, оғир, қийин, ботириш, тушириш, деган маъноларни ифодалайди. Ёлғон қасам ичган кишининг қасами жаҳаннамга тушириши учун шундай деб номланган.
Бундай қасамнинг каффорати йўқ, балки ёлғон қасам ичган одам қуйидаги шартлар билан сидқидилдан тавба қилади:
ёлғон қасам билан бировнинг ҳаққини олган бўлса, уни эгасига қайтариш;
ҳақ эгасидан кечирим сўраш;
қилган ишига астойдил пушаймон бўлиш;
қайта бундай иш қилмасликка азму қарор қилиш.
Ёлғон қасам ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким бошқа бир инсоннинг молини тортиб олиш мақсадида ёлғон қасам ичса, Аллоҳ таолога Унинг ғазабига дучор бўлган ҳолда йўлиқади” (Бухорий, 8/212, Муслим, 2/158, ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёлғон қасамни гуноҳи кабиралар яъни катта гуноҳлар қаторига қўшганлар, айтганларки: “Катта гуноҳлар – Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, одам ўлдириш ва ёлғон қасам ичиш” (Бухорий, 11/555).
Агар минбарларда туриб ёлғон қасам ичилса, бунинг гуноҳи янада катта ва улкан жиноят бўлади.
Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким менинг бу минбаримда туриб, гарчи янги ҳўл мисвок учун бўлса ҳам, ёлғон қасам ичса, ўзига дўзахдан жой ҳозирлаб қўйсин” (Ибн Можа, 2/779, Ҳоким ривояти, Албоний саҳиҳ деган).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бир қул ё чўри бу минбарда туриб ҳўл мисвок учун бўлса ҳам, ёлғон қасам ичса, дўзах унга вожиб бўлади” (Ибн Можа, 2/779).
(давоми бор)