Муҳаммад ибн Восеъ Аздий (2)

0

Мусулмонлар ғаниматлар ичидан соф олтиндан ясалган, дуру гавҳар билан безалган, ўзига хос ажойиб нақшлар ўйиб ишланган тож топиб олдилар. Уни кўриш учун ҳамма бўйини чўзар, унинг ярақлашига маҳлиё эди. Язид тожни қўлига олиб, ҳамма кўрсин деб, уни юқорига кўтарди ва:

– Нима деб ўйлайсизлар, мана шу тождан ўзини тиядиган, унга қиё боқмайдиган одам бормикин? – деди. Лашкар:

– Саломат бўлсинлар, ким ҳам ундан ўзини тия оларди?! – дедилар.

– Мана кўрасизлар, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматлари ичида нафақат бу тождан, балки ер юзи тўла шунга ўхшаш тожлардан ҳам ўзини тиядиган, уни сариқ чақага ҳам олмайдиганлар бор. Шундан сўнг Язид хизматчисига қараб:

– Муҳаммад ибн Восеъни топиб кел,  деб амр қилди. Хизматчи шайхни излаш учун кетди. Қидира-қидира охири уни одамлардан узоқ бир ерда нафл намоз ўқиб, дуо-илтижо қилиб, истиғфор айтиб турган ҳолатида топди. Шайхнинг олдига келиб:

– Амиримиз сизни йўқлаётган эдилар, шу онда боришингизни илтимос қилдилар, – деди. Шайх хизматчи билан бирга амирнинг олдига йўл олди. Етиб боришгач, салом бериб амирга яқин ерга ўтирди. Амир саломга алик олди ва тожни қўлига олиб:

– Эй Абу Абдуллоҳ, лашкарларимиз мана шу қимматбаҳо тожни қўлга киритибдилар. Мен шуни сизга раво кўрдим, уни ғаниматдан насиба сифатида сизга бермоқчиман, аскарларимиз ҳам бунга розилар, – деди. Муҳаммад ибн Восеъ деди:

– Буни менинг улушимдан қилмоқчимисиз, эй амир?

– Ҳа, сизнинг улушингиздан қилмоқчиман.

– Аммо менинг бунга ҳожатим йўқ, эй амир. Аллоҳ барчангизни яхши мукофотлар билан сийласин.
– Аллоҳга қасам ичиб айтаман, буни албатта оласиз.

Амир қасам ичиб қўйгани учун Муҳаммад ибн Восеъ тожни олишга мажбур бўлдилар. Тожни қўлларига олиб, изн сўраб чиқиб кетдилар. Шайхни билмайдиганлар:

– Ана, тожни ўзлариники қилиб олиб кетдилар-ку? – деб қолишди. Язид хизматкорларидан бирига:
– Шайхнинг ортидан билдирмай кузатиб борчи, тожни нима қилар экан, – деб уни шайхнинг изидан юборди. Хизматкор билдирмай шайхнинг кетидан кузата бошлади. Муҳаммад ибн Восеъ қўлларида тож билан йўлда кетар экан, уст-боши чанг, сочлари тўзғиган, кўримсиз бир киши: “Бу Аллоҳнинг молиданми?” деб, сўраб қолди. Шайх ўнг, чап ва орқа томонларига назар солди. Ҳеч ким кўрмаётганига амин бўлгач, тожни тезда сўровчининг қўлига тутқазди ва елкасидан тоғ қулагандай ўзини енгил ҳис қилиб, хурсандлик билан йўлида давом этди.

Хизматкор сўровчининг қўлидан тутганча амирнинг ҳузурига олиб келди ва бўлган воқеани айтиб берди. Амир ундан тожни олиб, эвазига у рози бўладиган миқдорда кўп мол-дунё берди. Сўнгра лашкарга юзланиб:
– Сизларга Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам умматлари ичида нафақат бу тождан, балки бундан бир неча баробар ортиқ келадиган мол-давлатдан ҳам ўзини тиядиган, уни сариқ чақага ҳам олмайдиганлар бор, деб айтмаганмидим! – деди.

Муҳаммад ибн Восеъ ҳаж мавсуми яқинлашгунига қадар Язид ибн Муҳаллабнинг байроғи остида мушрикларга қарши жиҳод қилди. Ҳажга мавсуми яқинлашгач, Язиднинг олдига кириб, ҳаж ибодатини бажариш учун изн сўради. Язид:

– Ихтиёр ўзингизда, эй Абу Абдуллоҳ, истаган вақтингизда йўлга тушишингиз мумкин, ҳаж сафарингизда керак бўладиган йўл харажатларини беришга амр қилдик, – деди.

– Лашкарнинг ҳар бирига ҳам шунча маблағ ажратишга амр қиласизми? – деди Муҳаммад ибн Восеъ.

– Йўқ.
– Мусулмон лашкари ичидан фақат менга хослаб бериладиган нарса керак эмас! –  деди-да, хайрлашиб чиқиб кетди.

Муҳаммад ибн Восеънинг кетиши Язид ибн Муҳаллабга ҳам, унга ўрганиб қолган барча лашкарга ҳам оғир бўлди. Музаффар лашкар у зотнинг баракотларидан маҳрум бўлиб қолганидан афсусланиб, ҳаж ибодатини адо этгач яна уларнинг сафларига қайтишини умид қилиб қолдилар. Бунинг ажабланарли ери йўқ, чунки ер юзида ёйилган мусулмон лашкарнинг ҳар бир қўмондони, “Басранинг обиди” Муҳаммад ибн Восеъ Аздий ўз сафларида бўлишига қаттиқ ҳарис эдилар. Улар шайхнинг улар билан бирга бўлишини катта яхшилик, деб билишар, у зотнинг тақвоси ва дуоси туфайли Аллоҳ таоло уларга нусрат беришига орзуманд бўлардилар.

Ўзининг наздида ҳақир, аммо Аллоҳ ва одамлар наздида буюк бўлган бундай инсонлар нақадар улуғ! Мана шундай нодир инсонлардан насибадор бўлган тарих нақадар буюк!

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг