Аллоҳнинг исм ва сифатлари: “Азим” исмига иймон келтириш самараси (2)

0

1. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳар томонлама азим – буюк. Зоти ҳам, барча исм ва сифатлари ҳам: эшитиши ва кўриши, кучи ва қудрати, илми ва ҳоказо ҳар бир исм ва сифати буюк Зотдир. Унинг буюклигини баъзи жиҳатга чеклаш жоиз эмас. Чунки бундай қилиш Аллоҳ таолонинг исм ва сифатига далилсиз ҳукм чиқариш саналади.

Илми ва қудрати буюклигидан етти қават осмон ва етти қат ерни ҳамда уларнинг орасидаги барча нарсаларни ҳимоясида сақлаб туради ва бу иш Унга машаққат туғдирмайди. Аллоҳ таоло айтади: “Осмонлар ва ерни ҳифзу ҳимоятда сақлаб туриш Уни қийнамайди. У энг юксак ва буюкдир” [Бақара, 255].

2. Аллоҳ таолонинг буюклиги билан бандаларнинг буюклиги ўртасида фарқ бор. Банда муайян бир ҳолат ё вақтда буюк бўлиб, бошқа бир ҳолат ё вақтда бундай бўлмаслиги мумкин. Масалан, ёшлигида буюк бўлса, қариган чоғида эса йўқ. Ўз қавми орасида бой-бадавлат ва буюк саналаши мумкин. Аммо мол-давлати кетиши ёки ватанидан бошқа ерга чиқиши билан буюклиги ва қадр-қиймати ҳам қолмайди. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло эса ҳамиша улуғ Зот бўлиб қолаверади.
Ҳалимий айтади: “Азим – Унга мутлақо қаршилик кўрсатиб бўлмайдиган Зот дегани. Негаки, бир қавмнинг азими (улуғи) деганда уларнинг ишларини бошқариб турувчи, қолганлар унга қарши чиқа олмайдиган ва буйруғига хилоф иш тутишга ҳадлари сиғмайдиган шахс тушунилади. Лекин шундай бўлса-да, гоҳида қўл остидаги салтанатига турли офатлар етиб, заифлашиши, кучдан қолиши, натижада, унга қарши чиқишлари, ҳатто уни енгиб, мансабидан олиб ташлашлари мумкин. Аллоҳ азза ва жалла эса ҳар доим барча ишга қодир бўлиб тураверади. Бирор нарсадан ожиз қолмайди. Бандалардан фарқли ўлароқ, Унинг хоҳишисиз бирон банда Унга бўйсунмаслиги ёки мажбурлаб Унга ҳукмини ўтказиши асло мумкин эмас. Демак, У ҳақиқий буюк, ростдан ҳам улуғ Зот экан. Демак, «Азим» исми Аллоҳдан бошқага нисбатан фақат мажозий маънода қўлланилар экан[1].

3. Мусулмон одам Аллоҳ таолони чинакам улуғлаши ва қадрлаши лозим. Тўғри, буни тўлиқ адо этиш имконсиз. Аммо имкони борича ҳаракат қилиши керак.

Қуйида Аллоҳ таолони улуғлаш саналадиган айрим ишларни айтиб ўтамиз:

а) аввало, Уни Ўзига муносиб кўринишда, Ўзи айтган сифатлар билан васфлаш, уларга иймон келтириш ва тасдиқлаш, бирон сифатини бандаларникига ўхшатмаслик, ўзида мужассам этган буюк маъноларни йўққа чиқармаслик лозим;

б) ким Аллоҳнинг бирон сифатини бандалар сифатига ўхшатса ё мисол келтириб кўринишига киришса ё йўққа чиқарса ё бошқа маънога бурса, Аллоҳ таолони чинакамига улуғлаган бўлмайди;

в) мудом Аллоҳ таолони кўп зикр қилиш, барча ишларни Унинг исми билан бошлаш, Унга муносиб ҳамду санолар айтиш;

г) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилиш. Аллоҳ таоло айтади: “Биз қай бир пайғамбарни юборган бўлсак, фақат Аллоҳнинг изни-иродаси билан унга итоат қилинсин, деб юборганмиз” (Нисо сураси 64-оятининг маъно таржимаси). Зеро, ким Пайғамбарга итоат қилса, дарҳақиқат, уни юборган Зотга итоат қилди демак. Аллоҳ таоло айтади: “Ким пайғамбарга итоат этса, демак, Аллоҳга итоат этибди” (Нисо сураси 80-оятининг маъно таржимаси);

д) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни улуғлаб, иззат-икром қилиш, шунингдек, у зотнинг сўзидан бирор кишининг сўзини – ким бўлишидан қатъи назар – устун қўймаслик. Аллоҳ таоло айтади: (Эй инсонлар, Биз бу пайғамбарни) сизлар Аллоҳга ва унинг пайғамбарига иймон келтиришларингиз учун ва У зотни улуғлаб, эҳтиром қилишларингиз ҳамда эрта-ю кеч Уни поклаб,  тасбеҳ айтишларингиз учун (юбордик)” (Фатҳ сураси 9-оятининг маъно таржимаси); “Эй мўминлар, сизлар Аллоҳ ва Унинг пайғамбари олдида (яъни иккисининг изнисиз бирон сўз ёки ишга) қадам босманглар!” (Ҳужурот сураси 1-оятининг маъно таржимаси);

е) Аллоҳнинг китоби – Қуръонни тасдиқлаш ва уни ер юзида жорий қилиш. Чунки у Аллоҳнинг каломи ва барча бандалари учун рози бўлган шариатидир. Кимки бундай қилмаса, Аллоҳ таолони чинакамига улуғламабди. Аллоҳнинг китобини ортларига ташлаб, инс ва жиндан бўлган шайтонларга эргашган яҳуд ва насронийлар қаторига қўшилибди;

ж) намоз, закот, рўза, ҳаж, умра каби Ислом динининг шиорларини (ибодат ва маросимларини) улуғлаш. Аллоҳ таоло айтади: “Ким Аллоҳ шиорларини (жорий қилган ибодат ва маросимларини) ҳурмат қилса, бас, албатта (бу ҳурмат) дилларнинг тақводорлиги сабабли бўлур” (Ҳаж сураси 32-оятининг маъно таржимаси).

з) Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло қайтарган ишлардан, Қуръон ё ҳадисларда ҳаромлиги айтилган амаллардан четланиш. Аллоҳ таоло айтади: “Ким Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни катта санаб (риоя) қилса, бу Парвардигори наздида унинг учун яхшидир” (Ҳаж сураси 30-оятининг маъно таржимаси). Маълумки, ҳаром қилинган амалларнинг энг каттаси ширкдир. Демак, Аллоҳни улуғлайман деган мусулмон одам Унинг барча буюрган буйруқларига итоат қилиши керак экан. Уларнинг энг буюги эса Аллоҳни ёлғиз илоҳ деб билиш, ибодатларни ёлғиз Унинг учун бажариш, Унга шерик қўшмасликдир.

4. Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишдан бош тортиб, бирор фойда беролмайдиган ёки бирор зарарни даф қилолмайдиган, бирор ризқ беришга қодир бўлмаган тош, дарахт, қабр, мақбараларни Аллоҳга шерик қилувчи инсондан ҳам адашганроқ кимса йўқ. Ушбу қабр ва мақбарада ётганлар чириган суякка айланган бўлса, қандай қилиб уларнинг эҳтиёжларини раво қилсин, касалларига шифо берсин, йўқолган нарсасини қайтарсин?! Бу кўрлик ва очиқ залолатдир. Охиратда эса уларни шиддатли азоб кутиб турибди. Аллоҳ таоло айтади: “(Бас, Аллоҳ жаҳаннам қўриқчиларига дер): «Уни ушлаб, кишанланглар! Сўнгра дўзахга ташланглар! Сўнгра узунлиги етмиш газ бўлган занжирга солиб боғланглар!» Чунки (ҳаёти дунёдалик пайтида) Улуғ Аллоҳга иймон келтирмас эди” (Ал-ҳоққа сураси 30-33-оятларининг маъно таржимаси). Аллоҳ таолони ҳақиқий улуғламагани сабабли қаттиқ азобга дучор бўлди.
Мазкур азоб бандалар ва осмонлару ернинг яратувчиси, ёмғирларнинг ёғдирувчиси, ерларнинг ёмғир орқали жонлатирувчиси – Аллоҳ бор деб тан олган мушрикларга ҳозирлангани ҳақида айтилган. Энди, бу иймонсиз коммунистларга қандай азоб тайёрланган деб ўйлайсиз. Уларнинг айниган жонлари ўзларини яратувчиси, ризқ берувчиси, бошқарувчиси борлигини тан олишни хоҳламайди. Улар ўзларини “Сўллар” деб номлашади. Нақадар бу исм ўзларига муносиб-а! Улар охиратда чиндан ҳам чап томон эгаларидир. Аллоҳ таоло айтади: “Чап томон эгалари… Чап томон эгалари (бўлмоқ), не (бахтсизлик)дир! (Улар дўзахдан тинимсиз эсиб турадиган, баданларни илма-тешик қилиб юборувчи) Самум (шамоли) ва қайноқ сув ичида; Ва на салқин, на фойдали бўлган қора тутундан иборат «соя» (ости)дадирлар. Дарвоқеъ, улар бундан илгари (яъни ҳаёти дунёда ҳирсу ҳавасга муккадан кетган) боёнлар эдилар. Улар улуғ гуноҳ (яъни ширк) устида оёқ тираб турар эдилар. Ва: «Бизлар ўлиб, тупроқ ва суякларга айлангач, ростдан ҳам қайта тирилувчимизми, аввалги ота-боболаримиз ҳам-а?!» деб (масхара қилар) эдилар” (Воқеа сураси 41–48-оятларининг маъно таржимаси).

5. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам рукуда ушбу исм билан Аллоҳни поклаб, улуғлашга буюриб шундай марҳамат қиладилар: “Билиб қўйинглар! Руку ё саждада Қуръон ўқишдан қайтарилдим. Рукуда Парвардигор таолони улуғланглар. Саждада яхшилаб дуо қилишга ҳаракат қилинглар. Зеро, у дуо ижобат бўлишга энг муносиб ўрин[2].

[1] Ҳалимий, “Ал-минҳож”, 1\195. “Дорул-фикр” нашриёти, 1979 йил. Сурия, Дамашқ. Биринчи босма.
[2] Муслим, 479.

Изоҳ қолдиринг